Ўзбекистон | 17:29 / 01.02.2020
90514
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги фожиа сабаби аниқланди

Ҳодисага хандақ қиялик деворини мустаҳкамлашдаги камчиликлар ва лойиҳадан четга чиқилгани сабаб бўлган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 18 декабрь куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан махсус текшириш комиссияси хулосасини эълон қилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисага хандақ қиялик деворини мустаҳкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати мавжудлиги, ёғингарчилик сувлари ҳамда оқава қувурларидан сизиб чиққан сувнинг интенсив тупроққа шимилиши сабаб бўлган.

«Махсус текшириш комиссияси қурбонларнинг қарамоғида бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 4та оиланинг ҳар бирига 261 938 888 сўмдан, жабрланувчи яна бир оилага 281 062 782 сўм бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари белгиланди.

Шунингдек, марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилди», – дейилади вазирлик билдиришида.

Эслатиб ўтамиз, 6 кишининг ўлимига олиб келган ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди ва 258-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатган эди. Ҳозирча жиноят иши тафсилотлари жамоатчиликка маълум эмас.

Мавзуга оид