Ўзбекистон | 16:00 / 05.02.2020
15247
3 дақиқада ўқилади

«Оптимист»: Аслида сен кўзимдирсан, Ватан

«Оптимист» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Ойдиной Йўлдошева – Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб интернатининг 10-синф ўқувчиси.

У 2016 йилда Яшнобод туманидаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабининг академик вокаль йўналишини тугатган.

«Мусиқа мактабига кирганимда 7 ёшда эдим. Бошланғич синф ўқитувчимиз қаттиққўл бўлгани сабаб иккаласини бирдай олиб боришга қийналганман. Лекин қизиққаним учун бунинг уддасидан чиқдим», – дейди Ойдиной.

Ҳозир мусиқа мактабини тугатган бўлса-да, Ойдиной у ерда қўшимча тарзда устози Ислом Исмоилов билан биргаликда шуғулланади.

«Чет элда саҳнага чиқиш катта масъулият бўлган...»

Ойдиной Йўлдошева 2019 йилда ўзи бирга таълим оладиган мактабдоши  Самира Толипова билан Москва шаҳрида ўтказилган «Белая трость» халқаро фестивалида қатнашган.

«Аслида инглиз тилини яхши ўрганиб, шу асосида келажагимни яратмоқчи эдим. Атрофимдагилар – устозларим, ўртоқларим мусиқага иқтидорим борлиги ва шу йўналишни танласам, яхшироқ бўлиши ҳақида кўп бора айтишарди. Бироқ мен ҳеч қачон фикримни ўзгартирмоқчи эмасдим.

Лекин 2018 йили Қарши шаҳрида ўтказилган республика танловларининг бирида қатнашиш қатъий қарорга келишга, мусиқа билан жиддий шуғулланишимга сабаб бўлди», – дейди у.

Ойдиной Москвада куйлаган қўшиғи ҳақида ҳам таасссуротларини гапирар экан, биринчи марта катта саҳнага ватани номидан чиқиши унга катта масъулият юклаганини таъкидлаб, бундан кейин ҳам танловларга қатнашишдан, уларга тайёгарлик кўриш учун меҳнат қилишдан қўрқмаслигини айтди.

«Ўзимизга керакли китобни топишга қийналамиз...»

Ойдиной бўш вақтларида мусиқа тинглашдан ташқари бадиий адабиётлар ўқишни ҳам ёқтиради. Бироқ унинг таъкидлашича, керакли китобларни Брайль ёзувидаги вариантини топиш осон бўлмайди.

«Бу фақат менинг муаммом эмас. Ўртоқларим ҳам баъзида ўзлари хоҳлаган китобнинг аудио вариантда бўлса-да топишга қийналади.

Масалан, инглиз тили дарслигимиз йўқ. Устозимиз уни ўзлари тайёрлаган.

Брайль ёзувида савод чиқариш ҳам осон бўлмаган. Лекин ҳозир тез ёзиб, ўқишга қийналмайман», – дейди Ойдиной.

«Асосий қўшиқларим ватан ҳақида...»

«Қўшиқлар учун матнларни танлашда устозларим ёрдам беради. Уларни куйлаш йўлларини ўргатишади. Мен билган қўшиқларнинг мавзуси, асосан, ватан ҳақида», – дея ўз қўшиқлари мавзуси ҳақида гапиради Ойдиной Йўлдошева.

Ойдиной мактабни битириб, педагогика йўналишида таҳсил олишни ва билимли, маҳоратли устоз бўлиб болаларга дарс беришни орзу қилади.

«Ҳам меҳрибон, ҳам қаттиққўл устоз бўлиб, болаларга мусиқадан дарс беришни хоҳлайман», – дейди у.

Бундан ташқари, ўз устида ишлаб, яхши қўшиқлар куйлашни ҳам мақсад қилган қизалоқнинг ёруғ келажак эгаси бўлишидан умидвормиз.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид