Ўзбекистон | 10:43 / 08.02.2020
11370
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон геологлари форсайт ўтказди: асосий фикр ва таклифлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ташкил этилган форсайтда геология таълими, илм-фани, инновацион тадқиқотлар ҳамда илм ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш учун экспертлар, олимлар, талабалар, шунингдек, хусусий сектор вакиллари соҳа ривожи учун ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Форсайт қатнашчилари 4 гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга олимлар, ёш тадқиқотчилар, хусусий фирмалар вакиллари ҳамда талабалар киритилди.

Бир соат мобайнида геология ривожи учун таълим, илмий фаолият, инновацион тадқиқотлар ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш йўналишларида таклифлар ишлаб чиқилди.

Форсайт якунида гуруҳлар таклифлари бирма-бир тингланиб, муҳокама қилинди.

Қуйида ушбу таклиф ва мулоҳазалар умумийлаштирилган ҳолда, шунингдек, таълим, илмий фаолият, илм-фан ва ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш йўналишлари бўйича тақдим этилади.

«Геология факултети шафқатсиз табиий шароитларда ишлайдиган мутахассис тайёрлаши керак»

Форсайтда олий таълим, мутахассис кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ муаммолар, уларга ечим сифатида киритилган таклифлар анча устун бўлди.

«ОТМ мутахассис тайёрлайдиган муассаса бўлиши керак. Ҳеч кимга керак бўлмайдиган маънавият, маърифат, логика ва шу каби фанларни ўқитишдан нима фойда?! Геология факултети тарбиячини эмас, шафқатсиз табиий шароитларда ишлайдиган мутахассисни тайёрлаши керак.

Шунинг учун 80 фоизгача мутахассислик фанлари ўқитилиши лозим. Талабаларга бериладиган билим бошланғич курсларда умумкасбий фанлар, катта курсларда мутахассисликка бўлинган ҳолатда ўтилиши мақсад мувофиқ», деди сўзга чиққан геолог олимлардан бири.

Ўзбекистон Миллий университети профессори Абдулла Қўшақов ўз сўзида битирув малакавий ишининг раҳбари ишлаб чиқариш корхона ва заводларидан тайинланишини таклиф қилди.

«Бу билан биз талабани ҳали ўқиётган давридаёқ ишга тақсимот масаласини ҳам ҳал қилган бўламиз», – деди у.

Тошкент давлат техника университети PhD доктори Баҳром Ўруновнинг фикрича, университетларнинг ёш профессор-ўқитувчиларини чет эл университетларига, лабораторияларига муддатли, мақсадли илмий стажировкаларга кўпроқ юбориш керак.

«Бунинг самараси ўлароқ чет эл лабораторияларидаги методика ва услубиятларини олиб келиб ўзимизга жорий қилинади», дейди Ўрунов.

Геология соҳасидаги илмий тадқиқот институти етакчи мутахассисларидан бири Тошкент давлат техника университети ва Тошкент кимё технологиялари институтидан амалиётга келадиган талабалар билим даражаси пастлиги, бунга баъзи ўқув дарслари, хусусан минерология фани дарс соати кам ёки умуман йўқлиги сабаблигини таъкидлади.

ЎзМУ Геология ва геоинформацион технологиялар факултети декан муовини Абдураҳмон Заҳиловнинг айтишича, дарсликлар масаласи ачинарли ҳолатда: икки йил олдин ёзилган, нашр гувоҳномаси берилган китоблар ҳали ҳам чоп этилгани йўқ...

«Гонарар-ку энг оғир нуқталардан бири. Мисол учун, марҳум устозларимиздан бири китоб чиқарганларида афсус билан тилга олгандики, нашриётдан 100 дона китоб чиқарилган ва 5 донаси муаллифга гонорар сифатида берилган», дейди у.

«Фундаментал тадқиқотлар геология-қидирув ишларининг асоси бўлиши керак»

Геологияда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳақида маълумот берилар экан, асосан фундаментал тадқиқотларнинг етишмаслиги, бу тип илмий ишлар тўла давлат бюджетидан молиялаштирилиши кераклиги таъкидланди.

«Геологияда фундаментал тадқиқотлар етишмайди. Оғир бўлса ҳам айтаман, бу ерда муаммо соҳадаги масаланинг тагига етолмасликда деб биламан. Янги ташкил этилаётган университетда фундаментал тадқиқотлар тўлиқ шаклда давлат бюджетига ўтказилиши шарт.

Геология соҳасида фундаментал тадқиқотлар камлигини президентимиз ҳам таъкидлаб ўтди. Фундаментал тадқиқотлар геология-қидирув ишларининг асоси бўлиши керак. Биз дунёнинг қанақа пайдо бўлганини тушунмасдан туриб, бирор объектни қандай қилиб қидиришимиз мумкин?!

Масала ечими нимадан иборат? Биринчидан, фундаментал тадқиқотлар базани яратиш керак. Иккинчидан, соҳага йўналтирилган маблағнинг бир қисмини мақсадли равишда ушбу тадқиқотларга йўналтириш керак», дея таъкидланди тадбирда.

«Ишлаб чиқариш таълимдан 10-15 йил олдинда»

Илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш бўйича бир қанча таклифлар билдирилди. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

– Ишлаб чиқариш корхоналари қошида илмий технологик марказлар ташкил қилиш. Бу интеграциянинг асосий йўналишларидан бири бўлади;

– Профессор-ўқитувчиларни технологик тадбиркорликка ўқитиш;

– Талабаларга халқаро конференцияда қатнашиш учун грандлар ажратиш;

– Геология соҳасида дунёдаги энг етакчи компаниялар дастурий таъминотларини қўллаш.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати етакчи экспертларидан бири, лаборатория мудири Амир Абидов ишлаб чиқаришдаги имкониятлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирар экан, саноат соҳаси таълимдан анча илгарилаб кетганини ҳам қўшимча қилди.

Мавзуга оид