Жамият | 20:01 / 10.02.2020
5449
2 дақиқада ўқилади

Жамоат фонди сайтни Давлат тест марказидан ҳимоя қилмоқда

2019 йилнинг декабрида Давлат тест маркази шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда 200 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириш мақсадида «Газета.uz» ва унинг муаллифи Комил Жалиловни судга берганди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида Давлат тест марказининг «Газета.uz» сайти ва унинг мухбири К.Жалиловга мақола юзасидан раддия эълон қилиш ва расмий равишда узр сўраш мажбуриятни юклаш, шунингдек солидар тартибда 200 миллион сўм миқдорида маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаблари юзасидан фуқаролик иши кўриб чиқилмоқда.

Суд жараёнларида бевосита иштирок этаётган Kun.uz вакилининг хабар беришича, яқиндагина ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди «Газета.uz» интернет нашрининг манфаатларини кўзлаб судда иштирок этишга киришган.

Суд жараёнларида жамоат фонди номидан унинг директори, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев қатнашмоқда. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Адлия вазирлигида рўйхатга олинган уставига мувофиқ Жамоат фонди оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқларига эга. 

Навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 26 февралига қолдирилган.

Мавзуга оид