Жамият | 21:31 / 10.02.2020
6965
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда махфий архив ҳужжатлари очиқланади

Давлат архивларида сақланаётган тарихий давр яъни, 1917 йилгача бўлган давр архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилмоқда ва бу ҳақда Давлат хавфсизлик химати билан биргаликда махфийликдан чиқариш дастури ишлаб чиқилган.

«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг сўзларига кўра, бу жараёнда тарих ва ҳуқуқ билан шуғулланувчи экспертлар тузилади ва ҳар бир ҳужжатни бирма-бир кўриб чиқиб, сиёсий мақомга эга бўлмаган ҳужжатларнинг ҳаммаси очиқланади. Қолаверса, бу дастурга Иккинчи жаҳон уруши йиллари (1941-1945) ҳам киритилган. 

Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги томонидан фуқароларга давлат пенсияларни тайинлашда иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги архив маълумотномаларини олиш бўйича ягона ахборот тизими яратилмоқда. Эндиликда давлат архивларига ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларни юбориш ва уларни жавобларини олиш билан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман, шаҳар бўлинмалари шуғулланади. 

Маълумот учун, 2018 йилда ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар сони 259 877тани ташкил қилган. 

Тадбирда архив соҳасини рақамлаштириш тизими ҳақида ҳам сўз борди.

«Бу тизим кўп вақт ва маблағ талаб қиладиган соҳалардан биридир. Биз шу пайтгача барча ҳужжатларнинг фақатгина 2-3 фоизини рақамлаштирганмиз. Архивга келадиган 90 фоиз мурожаатлар пенсия йўналишида бўлади. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда пенсия соҳасидаги маълумотларни рақамлаштирамиз. Бунинг учун пенсия жамғармаси билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз», дея «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид