Ўзбекистон | 19:26 / 12.02.2020
34285
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда мардикор аёллар учун кунлик ишчилар маркази очилди

Марказда ўндан ортиқ хизматлар йўлга қўйилган. 2020 йил давомида Тошкент шаҳри ва вилоятида шу каби яна 6та замонавий кунлик ишчилар маркази ташкил этилади.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

11 февраль куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида аёллар учун янги қурилган кунлик ишчилар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Марказда арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси, асбоб ускуналарни ижарага бериш тизими, меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунча берувчи кўргазмали қуроллар, маданий ҳордиқ чиқариш учун имкониятлар (кутубхона, шахмат-шашка тахталари) бор.

Хориж тажрибасини ўрганиб, марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда аутсорсинг ва аутстаффинг хизматлари йўлга қўйилган. Умуман, бу ерда фуқароларга 10дан ортиқ хизматлар кўрсатилади.

Очилиш маросимида Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова сўзга чиқди.

«Биз шуни тушундикки, бир марталик меҳнат билан оиласини боқадиган фуқароларимиз, айниқса аёлларимиз жуда кўплигини англадик. Биз сизларни аввалгидек автобусларга ўтқизиб, яна келган жойларингга юбориш ҳақидаги фикрдан қайтдик.

Биз сизларни ўзингиз иш қидираётган жойда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жуда ҳам аниқ, тўғри иши орқали, мана бундай шароитларни яратишнинг ҳаракатини қилдик. Лекин бу шароитлар яратилди, энди ҳаммаси зўр бўлиб кетади, дегани эмас», – деди Боситхонова.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг сўзларига кўра, марказнинг ишга туширилиши орқали иш изловчилар ўртасида мулоқот қилиш учун майдон юзага келади.

«Марказ 200 нафаргача хотин-қизларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу ерда 5 нафар ходим уларга иш топишда консултация беришади.

Иш тартиби жуда оддий: фуқаро марказга келади, ходимлар у билан индивидуал иш олиб боради ва унинг шахсий маълумотлари электрон базага киритилади.

Иш берувчи билан ишчиларни қандай боғлаймиз? JobCafe деб номланувчи илова икки томонни боғлаб қўйишга хизмат қилади. Марказда шакллантирилган электрон базавий маълумотлар тегишли равишда фуқаронинг доимий яшаш жойидаги бандлик марказларига юборилади. Фуқаро вақтинчалик иш қидириб юрган вақтда унинг яшаш ҳудудидан доимий иш топишига кўмак берилади», – деди Нозим Ҳусанов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Вазирнинг қўшимча қилишича, 2020 йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида шу каби 6та замонавий кунлик ишчилар маркази очилади. Улардан бири яқинда Юнусобод туманида фаолият бошлаши кутиляпти.

Мавзуга оид