Фан-техника | 23:19 / 16.02.2020
11692
2 дақиқада ўқилади

Микрофонлар орқали яширинча тинглашга қарши билагузук ишлаб чиқилди

Чикаго университети олимлари - эр-хотин Бен Чжао ва Хизер Чжэн микрофонлар орқали яширинча тинглашга қарши билагузук ишлаб чиқишди. Уларнинг фикрича, мослама суҳбатлар махфийлигини сақлашга имкон беради.  

Фото: New York Times

Олимлар ушбу мосламани сотишни ният қилишмаган ва шу сабабли унинг схемасини мустақил йиғиш учун эълон қилишган. Гаджет учун кетадиган компонентлар нархи 20 долларни ташкил қилади. Таъкидланишича, ушбу билагузук кейинроқ яхшироқ дизайн билан юқорироқ нархда сотувда пайдо бўлиши мумкин.  

Эътиборлиси, ушбу қурилма эр-хотиннинг Amazon’нинг Alexa овозли ёрдамчисига эга ақлли карнайи хавфсизлиги борасидаги баҳси негизида юзага келган. Хизер Чжэн ушбу қурилманинг ишлаш жойида жойлаштирилишига қарши бўлган, чунки бунда карнай томонидан овоз ёзиб олиниб, Amazon сервисига жўнатилиши эҳтимоли юзага келган.

Эр-хотин ушбу баҳсни атрофдаги микрофонларни бўғувчи қурилма ёрдамида ҳал қилишди. Билагузук учун бироз қўполроқ чиққан мослама ишчи ҳолатда 24 та динамик ёрдамида юқори частотали шовқин ҳосил қилади.

24-26 КГц частотада тарқалувчи шовқин катта ёшли одамларга эшитилмайди, уни баъзи болалар ва ҳайвонлар эшитиши мумкин. Микрофонлар учун бу шовқин суҳбатни (сигнални) ёзишга ва тушунишга имкон бермайдиган халақитлар ҳосил қилади. Микрофонлар айнан шу шовқинни қайд қилади ва натижада ёзувда фақат юқори частотали шовқин ҳосил бўлади.

Қурилма, шунингдек, смартфонларда дастур орқали яширинча тинглаш муаммосига ҳам барҳам беради. Бундан ташқари, у ақлли карнайлар ва бошқа шу каби қурилмалар томонидан нутқнинг ушлаб олинишига қаршилик қилади. 

Олимларнинг ғоясига кўра, фойдаланувчилар ўзаро суҳбатлар вақтида микрофонларни ёки улар билан жиҳозланган қурилмаларни ўчириб қўйишлари шарт эмас. Бунинг учун улар билагузукни ишга туширишлари кифоя қилади.

Мавзуга оид