Ўзбекистон | 13:14 / 18.02.2020
3531
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Петер Сийярто билан учрашди

ФА Ядро физикаси институти ва Венгрия ФА Ядровий тадқиқотлар институти ўртасида илмий алмашинувлар йўлга қўйилиши мумкин

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши ва Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумида иштирок этиш учун мамлакатга Венгрия делегациясига бошчилик қилиб келган ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан 2019 йил октябр ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг мажлиси доирасидаги икки томонлама учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамда «Ўзбекистон – Евроиттифоқ» ва халқаро ташкилотлар шаклларидаги Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини кучайтириш учун кенг имкониятлар борлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон томонидан ўтган йилнинг 1 февралидан Венгрия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартибнинг жорий қилиниши туристик саёҳатларнинг сезиларли ўсиши учун қулай шароит яратгани эътироф этилди.

Томонлар икки мамлакат илғор олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни ўрнатишга, жумладан уларнинг профессор-ўқитувчилари таркибининг малакасини ошириш борасида ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти билан Венгрия Фанлар академияси Ядровий тадқиқотлар институти ўртасида илмий алмашинувларни йўлга қўйишга қизиқишнинг мавжудлигини тасдиқлади.

Учрашувда халқаро кун тартибининг айрим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Музокараларда Венгрия элчиси Петер Санто иштирок этди.

Мавзуга оид