Ўзбекистон | 23:16 / 18.02.2020
39160
5 дақиқада ўқилади

Фуқаролар йиғини раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди

Ўзбекистон президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида:

а) қуйидаги лавозимлар тугатилди:

фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи, фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи, фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи, фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи.

б) қуйидаги лавозимлар киритилди:

фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари, фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари, фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис, фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси.

в) қуйидаги жамоатчилик тузилмалари тугатилди:

яраштириш комиссияси, маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия, жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси.

г) қуйидаги комиссиялар ташкил қилинди:

оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия.

Ҳужжатда белгиланишича:

фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика катта инспектори, ушбу лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда профилактика инспектори зиммасига юклатилади;

ҳар бир маҳаллада унинг криминоген вазияти ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда камида бир нафардан профилактика инспектори хизматни олиб боради;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозими хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ўрнига, ҳар бир фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими ўрнига, оилалар сони 2 000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими фуқаролар йиғини масъул котиби лавозими ўрнига, ҳар бир фуқаролар йиғинида бир нафардан, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда жорий этилади;

фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари жамоатчилик асосида фаолият юритади;

фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис фуқаролар йиғини раиси тақдимига асосан фуқаролар йиғини кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.

Фуқаролар йиғини раисига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилди:

тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишига бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ёки ширкат бошқаруви раиси билан тузилган шартномани бекор қилиш тўғрисида таклиф киритиш;

кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ масалаларда уй-жой мулкдорларининг розилиги асосида уларнинг номидан бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ёки ширкат бошқаруви раиси билан ўзаро муносабатларга киришиш.

Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги лавозимларни ўзгартириш бўйича таклифи маъқулланди:

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари лавозимига;

туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқлари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари тегишинча туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларига.

Мавзуга оид