Ўзбекистон | 16:38 / 18.02.2020
6245
3 дақиқада ўқилади

Жиноий судларда болалар учун алоҳида тергов хоналари бўлади

Бундай хона биринчи бўлиб жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида фойдаланишга топширилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Болалар тергов хонаси Ўзбекистон Олий суди ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Болалар одатда қатъий русумлар билан салбий нотада ўтадиган суд мажлиси вақтида, суд иштирокчиларининг қаршисида эмас, уларнинг ёши ва руҳий холати ҳисобга олинган ҳолда жиҳозланган хонада тергов қилиниши уларга ўзларини эркин ва хавфсиз сезишларига имкон беради.

Эндиликда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган бола суд муҳокамасида фақат судя билан гаплашиб, суд иштирокчилари билан мулоқотда бўлмайди.

Болаларга руҳий шикаст етказилиши эҳтимолини камайтириш мақсадида хона видео ва аудио кузатув тизими билан жиҳозланган.

Очилиш тадбирида қатнашган Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг айтишича, бундай хоналар республиканинг барча судларида ташкил этилиши режа қилинган.

Шунингдек, эндиликда судларда психологлар хизматидан фойдаланиш ҳам жорий этилади.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси рахбари Саша Грауманн болалар тергов хонасининг ижобий жиҳатларини санаб ўтди.

«Бу хонанинг ташкил этилиши бола ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг болаларни ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича Ўзбекистонга йўллаган тавсияларини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Агар жиноят қилган бола судга келса, унга саволлар билан мурожаат қилинади. У яна қайтадан шу жиноятни бошидан ўтказгандек бўлади. Бунинг олдини олиш учун махсус йўриқнома ишлаб чиқилган.

Йўриқномага асосан, суд жараёнларида бола фақат судья билан мулоқот қилиши керак. Суднинг бошқа иштирокчилари, айбланувчилар билан мулоқотга киришмаслиги керак.

Бола билан қайта-қайта суҳбат қилишнинг олдини учун сўроқ жараёни видеотасвирга олинади ва суд жараёнида далил сифатида фойдаланилади.

Бу қоида Ўзбекистоннинг Жиноят процессуал кодексига киритилишига умид қилиб турибмиз.

Яна бир нарса: бола билан шу хонада бўладиган мутахассис ва суҳбат қиладиган суд раиси тайёргарликдан ўтган бўлиши керак. Бу янгилик суд тизимига ижобий таъсир кўрсатади», – деди Саша Грауманн.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид