Ҳусни Муборак: Мисрни 30 йил бошқарган «янги Фиръавн»
Бугун Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак 91 ёшида вафот этди. У мамлакатни 1981-2011 йиллар давомида бошқарган. 2010 йилда Тунисда бошланган «Араб баҳори» 2011 йилда Мисрга етиб келган ва оқибатда Муборак истеъфога чиқишга мажбур бўлган, кейин 6 йилни қамоқда ўтказганди. «Янги Фиръавн» номини олган Муборак қандай инсон эди?
Болалиги ва ҳарбий таълим
Муҳаммад Ҳусни Саййид Муборак 1928 йилда Нил дарёси яқинидаги Минуфия вилоятида туғилган. Унинг отаси узоқ йиллар суд ва ҳокимият тизимида ишлаган. Илк сабоғини қишлоғидаги мактабда бошлаган Муборак кейинчалик Шибин ал-Қум шаҳарчасидаги мактабга кўчиб ўтади ва ўрта мактабни ўша ерда битиради.
Шундан сўнг ёш Муборак Қоҳирадаги ҳарбий академияда ўқий бошлайди ва 1949 йилда бакалавр дипломини олади. 1959-1960 йилларда Москвадаги Фрунзе номидаги ҳарбий авиация билим юртида таҳсил олиб, ватанига қайтгач, у Ямандаги фуқаролар урушида Миср тинчликпарвар кучларига қарашли ҳарбий-ҳаво кучлари эскадрилясига бошчилик қилади.
1964 йилда бўлажак президент яна Москвага қайтади ва бу сафар бир йил давомида Миср ҳарбий делегацияси таркибида Фрунзе номидаги ҳарбий академияда таҳсил олади, ҳарбий учувчиликдан сабоқ олади. Бу вақтда СССР ва Миср ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар яхши бўлган. СССР Мисрга ҳарбий самолётлар етказиб берар, мисрлик ҳарбий учувчилар асосан ўша самолётларни бошқаришни ўрганишади.
Мисрга қайтган Муборак Қоҳира яқинида жойлашган ҳарбий авиабазада авиация бригадири лавозимида хизмат қила бошлайди. У 1967 йилда Араб-Исроил урушида қатнашади. Бу урушда Исроил ҳарбийлари томонидан Миср ҳарбий авиацияси батамом тор-мор келтирилади. Аммо Муборакнинг ҳарбий учувчилик маҳорати туфайли Сувайш канали устидан назорат сақлаб қолинади ҳамда Муборак Мисрда қаҳрамонга айланади.
1967 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Жамол Абдул Носир Ҳусни Муборакни Миср ҳарбий ҳаво кучлари штаби бошлиғи этиб тайинлайди. Шундан сўнг у ҳарбий ҳаво кучларини қайтадан ташкил қила бошлайди.
Муборак 1970-72 йилларда давом этган Миср-Исроил урушида муваффақиятли амалга оширилган бир нечта ҳарбий амалиётга бошчилик қилади.
1972 йилда у Миср мудофаа вазирининг ўринбосари ва ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондони этиб тайинланади. 1973 йилда у авиация маршали унвонини олади ва ўша йили бўлиб ўтган Араб-Исроил урушининг тўртинчисида Миср ҳарбий-ҳаво кучларини бошқаради.
Ҳарбий хизматдан катта сиёсатга
1975 йил апрель ойида Мисрнинг навбатдаги президенти Муҳаммад Анвар Саодат Ҳусни Муборакни Мисрнинг вице-президенти этиб тайинлайди. Шу тариқа, у катта сиёсатга кириб келади.
1978 йилда Мисрда Миллий демократик партия тузилади ва Муборак бу партияда раис ўринбосари бўлади. 1981 йил январда у партия раиси лавозимини эгаллайди.
1981 йил 6 октябрда ўтказилган ҳарбий парад чоғида президент Анвар Саодат ўлдирилади. Мамлакатда тўс-тўполон бошланиб кетмаслиги учун Муборак ўша заҳоти мамлакат раҳбарлигини қўлга олади ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилади.
Шу тариқа, собиқ ҳарбий мамлакат раҳбарига айланиб қолади.
Анвар Саодатнинг суиқасдига у томонидан 1979 йил Кэмп-Дэвид қароргоҳида Исроил билан имзоланган тинчлик битими сабаб бўлганди. «Душманлар» билан тинчлик битими тузилишини Мисрнинг аксарият аҳолиси норозилик билан қаршилаганди. Бу тинчлик битими имзоланганда Муборак ҳам ўша ерда бўлган. Ўшанда, Исроил билан тинчлик келишуви нафақат Миср аҳолисига, балки Араб давлатлари Лигасига аъзо давлатларга ҳам ёқмайди ва Миср бу ташкилот сафидан чиқарилади.
1981 йилда Миср президенти бўлган Ҳусни Муборак 1987, 1993, 1999 йилларда ўтказилган президент сайловларида ҳам ғалаба қозонади.
Муборак президент бўлган илк йилларида марҳум президент Анвар Саодатнинг яқинларини, шунингдек унга яқин бўлган юқори лавозимли давлат амалдорларини коррупцияда айблаб маҳкамага тортади. Улар билан бирга Анвар Саодатга суиқасд қилганлар ҳам жазоланишади.
Бунга жавобан жазоланган инсонларнинг яқинлари президентнинг ҳаётига бир неча марта суиқасд уюштиришган. Бир сафар Эфиопияга ташрифи давомида унга автоматдан ўқ узишади. Яна бир сафар унга пичоқ билан ташланишади. Ҳар икки суиқасдда ҳам Муборак жароҳатланмайди.
Яқин Шарқнинг бош тинчликпарвари
Ҳукмронлик йилларида Муборак Яқин Шарқ ва араб дунёсидаги энг обрўли давлат раҳбари бўлган. У икки марта, 1989 ва 1993 йилларда Араб бирлиги ташкилотининг раҳбари этиб сайланган. У ҳар доим социалистик ва капиталистик дунё ўртасида, Араб-Исроил можароларида, шунингдек айрим араб давлатлари орасида чиққан келишмовчиликларда воситачи ва яраштирувчи вазифаларини бажарган.
Шу билан бирга, у президент бўлган йилларда Миср ҳарбийлари турли мамлакатларда халқаро тинчликпарвар кучлар таркибида турли низоларни тинчитиш ва назорат қилишда ҳам фаол қатнашган. Жумладан, 1991 йилда Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ Кувайт давлатини босиб олганида Миср қўшинлари ҳам АҚШ бошчилигида халқаро кучлар тарафида туриб Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашади.
Миср айнан Ҳусни Муборакнинг саъй-ҳаракатлари билан 1989 йилда Араб давлатлари Лигаси ташкилотига қайтади.
Муборак СССРда таълим олганига ва рус тилини яхши билганига қарамай ўз ҳукмронлик қилган йилларда асосан Ғарб билан яқин муносабатлар ўрнатади.
Муборак даврида Миср иқтисодиёти ва аҳолининг турмуш даражаси
Муборакнинг қарийб 30 йиллик бошқаруви даврида Миср иқтисодиёти анча ўсади. Сайёҳлик ривожланади. Мамлакатнинг халқаро обрўси ошади. Масалан, 2004-2005 йилларда Миср фонд биржаси ривожланаётган давлатлар орасида энг яхши натижани кўрсатади. Лекин, Муборак Миср халқининг бир қисмини қашшоқликдан чиқара олмайди ва мамлакатда миллионлаб инсонлар кунига бир долларлик даромад билан яшашда давом этишади.
Муборакка қарши намойишлар
2010 йил араб дунёсида кейинчалик «Араб баҳори» номи билан аталган норозилик намойишлари бошланиб кетади. Илк намойишлар Тунисда бўлиб ўтади, кейинчалик у Яман ва Мисрда давом этади.
Мисрдаги норозилик намойишлари 2011 йил 25 январда бошланади. Ўшанда бу давлатда бошланган намойишларни Халқаро атом энергетикаси агентлиги собиқ раҳбари Муҳаммад ал-Бародаий қизғин қўллаб-қувватлайди. У 2010 йил февралда МАГАТЭ раҳбари лавозимидан кетаётиб Мисрда мухолиф ҳаракат тузишини эълон қилган эди. Бародаий 27 январда Венадан Қоҳирага учиб келади ва эртаси куни намойишларга бошчилик қила бошлайди.
Ҳукумат аввалига намойишчиларнинг бир неча раҳнамоларини қамоққа олади. Намойишчилар тарқоқлашиш ва тарқалиб кетиш ўрнига янада кўпая бошлайди. Ўшанда намойишчилар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали янада кўпроқ одамларни намойишларга чиқишга чақира бошлайди. Ҳукумат интернетни узиб қўяди. Ижтимоий тармоқлар тўсиб қўйилади. Аммо, бу чоралар ҳеч қандай наф бермайди. Сабаби, бу пайтга келиб намойишлар кенг кўлам олиб бўлган эди. Шундан сўнг йирик шаҳарларда комендантлик соатлари жорий этилади.
Лекин намойишлар тўхтаб қолмайди. Намойишчилар турли шаҳарларда полиция ва ҳокимият бинолари ва бошқа маъмурий биноларга ҳужум бошлаб, уларни эгаллашга уринишади. Бу орада кўчаларга Муборакнинг тарафдорлари ҳам чиқади. Ўртада қонли тўқнашувлар бошланиб кетади.
29 январда Миср ҳукумати истеъфога чиқади. Намойишчилар ИИВ биносини эгаллашга уринади.
1 февраль куни кечки пайт Муборак телевидение орқали халққа мурожат қилади ва кузда ўтказиладиган президентлик сайловида ўз номзодини қўймаслиги, аммо унгача президентлик муддатини охиригача етказиб қўйиши ҳақида гапиради.
2 февраль куни Мисрнинг турли шаҳарларида мухолифат ва Муборак тарафдорлари ўртасида кўча жанглари бошланиб кетади. Бунда, ҳар икки томон арматура бўлаклари ва «Молотов коктейллари» билан қуролланиб, бир-бирига қарши уруш олиб боради.
Ҳарбийлар тўнтариши ва Муборакнинг ҳибсга олиниши
2011 йил 10 февраль куни Муборак ўз ваколатларининг бир қисмини вице-президент Умар Сулаймонга топширади, аммо бутунлай истеъфо бермайди.
11 февралда ҳарбийлар Муборакка қарши бош кўтаради ва Мисрда ҳокимият тепасига мудофаа вазири Муҳаммад Тонтовий бошчилигидаги ҳарбийлар келишади. Ҳарбийлар Муборакни оила аъзолари билан бирга уй қамоғига олишади. 13 апрелда у ўғиллари билан бирга қамоққа олинади ва унга нисбатан жиноий иш очилади.
2011 йил 3 август куни Муборак ва унинг ўғиллари устидан илк суд мажлиси бўлиб ўтади. Муборакнинг соғлигида муаммолар бўлгани учун уни суд залига махсус касалхона аравачасида олиб келишади. Ўғиллари ва у ўзларига қўйилган айбларни тан олишмайди.
2012 йил 2 июнда Муборак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Суд уни кўплаб жиноятлардан ташқари 2011 йил январь ойида бўлиб ўтган намойишлар чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари ўлимида ҳам айблайди. Ўшанда у 84 ёшда эди.
Орадан бир йил ўтиб, янги сайланган Миср президенти Муҳаммад Мурсий суд қарорини бекор қилади ва Муборакнинг ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма беради. 2013 йил 12 августда уни озод қилишади ва қайта суриштирув бошланади. 2014 йил 14 май куни Муборак коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб уч йилга озодликдан маҳрум этилади. Ўша йил октябрь ойида унга қўйилган айблар олиб ташланади ва суд қарори ҳам бекор қилинади.
Шундан сўнг ҳам Муборакни тинч қўйишмайди ва унга нисбатан бир неча марта иш очилиб, оқланади, қайта иш очилиб қамоқ ҳукми чиқарилади.
2017 йил 2 мартда Миср кассация суди Муборакдан барча айбларни олиб ташлайди ва унга қарши бошқа ҳеч қандай иш очилмаслиги, ҳукм якуний эканини эълон қилади. 24 март куни у ҳарбий госпитални тарк этиб, олти йиллик тутқунликдан сўнг уйга қайтади. Унинг оқланишига кекса ёшдалиги ва соғлиги анча ёмонлашгани ҳам қисман сабаб бўлади.
Ҳусни Муборакнинг халқаро обрўси
Ҳусни Муборак Миср раҳбари бўлган йилларда нафақат Мисрнинг, балки жами 40га яқин давлатларнинг турли орден ва медалларига сазовор бўлган. Улар орасида Италия, Франция, Япония, Испания, Германия ва Буюк Британия каби жаҳоннинг йирик давлатлари ҳам бор.
Бундан ташқари, у кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг турли мукофот ва унвонларига эга бўлган.
Жумладан:
- 1998, 2002 йилларда дунёнинг турли қитъаларида жойлашган 15та (улар орасида Ҳиндистон, Малайзия, Эрон, Бразилия, Аргентина, Мексика каби давлатлар ҳам бор) давлатидан ташкил топган G-15 ташкилоти раиси;
- Икки муддат (1988-1990, 1993-1994 йилларда) Африка бирлиги ташкилоти раиси;
- 2009-2011 йилларда Халқаро қўшилмаслик ҳаракати раиси;
- Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро мукофот соҳиби (1995 йил);
- Москва давлат халқаро алоқалар институти фахрий доктори (2004 йил);
- 2007 йилда Озарбойжоннинг Хирдалан шаҳрида Ҳусни Муборакка ёдгорлик ўрнатилади. 2011 йил июнда Озарбойжон ҳукумати уни олиб ташлаш ҳақида қарор қилади;
- Олмаотадаги Қозоқ-Миср Ислом университети очилган пайтда «Нур-Муборак» деб аталган. Муборакнинг бошида қора булутлар айлана бошланганидан сўнг қозоқлар унинг номини «Нур» деб ўзгартиришади.
Ҳусни Муборак узоқ йиллар Яқин Шарқда тинчлик рамзи бўлиб келди. Африка шимоли, Форс кўрфази, Яқин Шарқнинг ўзида ҳар қандай можаро чиқса дунёнинг кўплаб йирик давлатлари ёки халқаро ташкилотлари Муборакдан воситачи сифатида фойдаланишган, у билан можаролар ечими бўйича маслаҳатлашишган. Унинг ўзи ҳам зиммасига олган воситачиликни яхши бажарган. Масалан, узоқ йиллар давомида Фаластин-Исроил можароларининг ечимида воситачилик қилган ва томонларга Мисрда учрашиш учун хавфсиз шароит яратиб бера олган.
Кўпчилик таҳлилчилар Муборакнинг хатоси Мисрни жуда узоқ бошқаргани деб билишади. Уни ёқтирмайдиганлар Мисрни узоқ бошқаришига ишора қилиб орқаваротдан «Янги Фиръавн» деб аташган.
Мавзуга оид
21:05 / 25.11.2024
Қизил денгизда ичида туристлар бўлган кема чўкиб кетди
15:34 / 18.11.2024
Миср Ўзбекистонда қурилаётган кимё кластери лойиҳасида иштирок этмоқчи
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
10:53 / 07.11.2024