Ҳусни Муборак вафот этди
Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак Қоҳирада 91 ёшида вафот этди. У 1981 йилдан 2011 йилгача Мисрни бошқарган, кейин «араб баҳори» воқеалари сифатида тарихга кирган намойишлар натижасида истеъфога чиқишга мажбур бўлганди.
«Ал-Арабия» телеканали ёзишича, у Қоҳирадаги ҳарбий госпиталда жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргач бир неча ҳафта ўтиб ҳаётдан кўз юмган.
Ҳусни Муборак 1928 йилнинг 4 май куни туғилган. У совет иттифоқида ҳарбий самолётларни бошқаришни ўрганган, Мисрда Жамол Абдул Носир президентлиги даврида турли ҳарбий лавозимларда ишлаган ва Миср Ҳарбий ҳаво кучлари штаб бошлиғи лавозимигача кўтарилган.
Президент Анвар Саодат даврида Ҳусни Муборак мамлакат вице-президенти этиб тайинланган, унга уюштирилган суиқасддан сўнг (1981 йил - таҳ.) эса президентлик лавозимини эгаллаган.
Муборак 2011 йил баҳорида бутун Мисрни қамраб олган намойишлардан кейин истеъфо берганди. Кўп ўтмай у ҳибсга олинади.
2012 йилда собиқ президент намойишлар вақтида тинч аҳоли ўққа тутилишига алоқадор сифатида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. Аммо 2013 йилда ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишгач, собиқ президент суд инстанцияси томонидан оқланади.
2017 йилда у озодликка чиқади. Қамоқхонадалигида Мисрнинг собиқ раҳбари инфарктни бошдан кечиради.
Муборакнинг истеъфосидан кейин ҳокимиятга муваққат ҳукумат келганди. 2012 йилда Миср тарихидаги илк демократик сайловларда «Биродар мусулмонлар» партиясидан номзод бўлган Муҳаммад Мурсий ғалаба қозонади.
Мухолифат Мурсийни ва унинг партиясини ҳокимиятни монополлаштиришда ва иқтисодий инқирозни келтириб чиқаришда айблайди. Натижада бир йил ўтиб мамлакатда янги намойишлар бошланиб кетади.
2013 йил июлида Мурсий ҳарбий давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятдан четлатилади. Давлатни 2014 йилдан генерал Абдул-Фаттой ас-Сисий бошқара бошлайди (айни вақтга келиб унинг мақоми фельдмаршал даражасига кўтарилган).
Ўтмишдоши каби Мурсий ҳам ҳибсга олинган. У 2019 йил июлида, тўнтаришдан 6 йил вақт ўтиб суд залида вафот этди.
Мавзуга оид
13:13 / 09.11.2024
Миср Ўзбекистонда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
12:32 / 06.11.2024