Жаҳон | 23:18 / 25.02.2020
10297
2 дақиқада ўқилади

Мисрда Ҳусни Муборак вафоти муносабати билан 3 кунлик мотам эълон қилинди 

Миср ҳукумати мамлакатнинг собиқ раҳбари Ҳусни Муборак вафоти муносабати билан 3 кунлик умуммиллий мотам эълон қилди. 

Мотам 26 февралдан бошланади. Бу ҳақда Миср президенти маъмуриятида маълум қилинган.

Аввалроқ Муборак Қоҳирадага ҳарбий госпиталда 91 ёшида вафот этгани маълум қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, собиқ президентнинг вафотига яқинда ошқозонида ўтказган жарроҳлик операциясидан кейинги асоратлар сабаб бўлган.

Мисрнинг ҳарбий хизмат ҳақидаги қонунига кўра, Муборак ҳарбий учувчи бўлгани сабабли ҳарбий эҳтиром билан дафн этилади. Дафн маросими Муборак ўз ҳаётининг катта қисмини яшаган Гелиополис шаҳридаги қабристонда бўлиб ўтади. 

Ҳусни Муборак Мисрни 1981 йилдан 2011 йилгача бошқарган, кейин «араб баҳори» воқеалари сифатида тарихга кирган намойишлар натижасида 2011 йил 3 февралда истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Шундан кейин у ҳибсга олиниб, коррупцияда ҳамда намойишчиларнинг ҳалок бўлишида айбдор деб топилган. Муборак ушбу айбловлар бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Миср кассация суди Муборакдан намойишчиларнинг ҳалок бўлиши бўйича барча айбловларни бекор қилгач, собиқ президент 2017 йилда озодликка чиққан.

Мавзуга оид