Ўзбекистон | 15:20 / 26.02.2020
56583
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар рўй берди

Президент “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: AFP

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:

а) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири лавозими;

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;

Ўзбекистон Республикаси бош вазири маслаҳатчиси “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси лавозими;

Давлат активларини бошқариш, саноатни ва рақобатни ривожлантириш масалалари котибияти;

Ёқилғи-энергетика ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари котибияти;

Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш масалалари котибияти;

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш, ФҲДЁ органлари билан ишлаш масалалари котибияти тугатилди;

б) қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодиёт ва саноат вазири;

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимлари киритилди;

в) қуйидагилар:

Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркибида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари шўъбаси ташкил этилди;

Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркибида Камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг даромадларини ошириш бўлими ташкил этилди;

Саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари котибияти ташкил этилди.

Белгиланишича, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида янги бўлинмаларни ташкил этиш бошқарув ходимларининг амалдаги умумий чекланган сони доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодиёт ва саноат вазири зиммасига мавжуд вазифалар билан бир қаторда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш юкланди:

республикада камбағалликка оид реал аҳволни ўрганиш, халқаро ташкилотлар, жумладан молия институтлари билан ҳамкорликда камбағалликни бартараф этишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегиялари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш;

аҳолида, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бошқарув ходимлари чекланган сони 241 нафар штат бирлигидан иборат бўлган янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлиги ва натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамаси ходимларининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликларининг бошқарув аппаратида ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимлиги бошқаруви аппаратида - ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари) лавозими ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимлиги бошқаруви аппаратида - ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари) лавозимига ўзгартирилди.

Мавзуга оид