Иқтисодиёт | 20:48 / 27.02.2020
43767
11 дақиқада ўқилади

Эксперт фикри: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни секинлаштираётган 5та омил ҳақида

Фото: facebook.com/bakhrom.bahodirovich

Сиёсатшунос-иқтисодчи, PhD даражасига эга ижтимоий ва давлат секторидаги инновациялар соҳаси мутахассиси Баҳром Ражабов Uzbek Review'га берган интервьюсида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни секинлаштираётган омиллар ва инвестицион муҳитни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Баҳром Ражабовнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилганидан кейин бошланди. Аммо конвертацияга қадар жиддий мунозаралар бошланиб кетган эди. Қарорларда ҳал қилувчи овозга эга баъзи шахслар орасида эркин конвертацияни кечиктиришни сўраганлар ҳам бўлди. Улар:

– мавжуд статус-кводан фойда олган ва арзон валютага эга бўлиш имкони бўлганлар;

– валюта курсларининг эркинлаштирилиши иқтисодиёт учун кутилмаган оқибатларга ва бунинг ортидан келиб чиқадиган ижтимоий-сиёсий силкинишларга олиб келади деб хавотирланганлар бор эди.

Иккинчи ҳолатда, хавотирлар беҳуда бўлган. Одамлар ва бизнес шундоқ ҳам анчадан буён ўрнатилган курс бўйича эмас, ҳақиқий курс бўйича яшаб келаётганди. Статус-кводан фойда кўрганлар учун бу хавотирлар қулай баҳона бўлган.

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга нималар тўсқинлик қиляпти?

Олдиндан нимани кутишни билмайсан

Янги ҳукумат эндигина ислоҳотларни бошлаганида, бизнес вакиллари жимлик билан кутишди. Хўш, янги ҳукумат қандай қадам қўяди, унинг «ўйин қоидалари» ўзгарадими? Тезкорлик билан ўз ечимини кутаётган муаммо, бу – яширин иқтисодиётни қисқартириш масаласи эди. Қолаверса, давлатнинг ўзи ҳам бизнеснинг катта қисми яширин иқтисодиёт измида эканлигини тан оларди.

Эълон қилинган солиқ ислоҳоти бизнесни яширин иқтисодиётдан чиқаришни рағбатлантиришга қаратилди. Ҳозирча бунга тўлиқ эришишнинг имкони бўлмаяпти: чунки бизнес истиқболини олдиндан кўра билиш имконияти яратилмаган, давлат секторида муносиб иш ҳақига эга ишчилар ўрни етишмаяпти.

Иқтисодиётда давлат улушининг юқорилиги ва ижтимоий кредитларни ажратиш соҳасида мукаммал ўйланмаган қарорлар

Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш бўйича муаммолар кўп, яъни табиий монополия каби омиллар ҳамон соя солмоқда. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни кредитлашга йўналтирилган дастурларда жавобсиз саволлар бисёр.

Ҳаммани бирдек тадбиркор қилиб бўлмайди. Бу каби дастурларга ажратилаётган маблағларнинг бир қисмини юқорироқ фоизлар эвазига бизнесни кредитлаш учун сарфлаган маъқул. Баҳонада янги иш ўринлари пайдо бўлармиди?!

Кредитларнинг ҳамма учун берилиши тарафдориман, лекин тадбиркорликни бошқа йўл билан ҳам яхшилаш мумкин. Давлат катта маблағини инфратузилмавий лойиҳалар ва дастурлар учун сарфлайди, имтиёзли кредитлар беради. Бундай сиёсат асосан инқирозлар, урушлар, очарчилик йиллари, ишсизлик шароитида, талабни қўллаб-қувватлаш ва одамларни иш билан таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ислоҳотчиларнинг тақчиллиги

Америкалик бизнесменлар билан учрашганимда,  улар менга яна бир масалада ўз хавотирини билдирди: «Ўзбекистонда ислоҳотларни қўллаб-қувватлай оладиган ва бозор иқтисодиётини тушунадиган яхши маънодаги технократ инсонлар етарлими?»

Бу каби технократлар етарли эмас, шунинг учун:

– мамлакатда тез-тез кадрлар алмашинуви юз беради;

– фуқаролар хориждан қайтишни ва ўз ватанида ишлашни истамайди.

Соҳадан яхши хабардор технократларнинг янги авлоди қаердан пайдо бўлсин? Отабек Назиров (Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори), Одилбек Исоқов (Молия вазири ўринбосари) каби чет элдан қайтиб келган оз сонли ватандошларимиз масъул лавозимларга қўйилган бўлса-да, лекин катта ўзгаришларга қодир жамият ҳали ҳосил бўлгани йўқ.

Тўғри, жараён аллақачон бошланган, лекин бу каби одамлар соҳада етарли эмас. Бир гуруҳ технократ инсонларга тегишли ваколатларни берган ҳолда, уларни раҳбар лавозимларга тайинлаш орқали, маълум бир соҳага йўналтириш керак, деб ўйлайман. Балки шунда сезиларли самара бўлар.

Қариндош-уруғчилик

Маҳаллий бозорда рўй бераётган кўп ҳодисалар эркин рақобат натижасида эришиладиган соҳадан хабардорлик хусусияти ва ғалабаларга эмас, айнан таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Бу ҳолат ҳаттоки, иқтисодий ривожланган давлатларда ҳам кузатилиши мумкин. Айнан таниш-билишчилик туфайли амалга ошган бизнес ёки стартапларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо ҳақиқат шундаки, ривожланган давлатлардаги рақобат курашида ғалабага эришиш учун соҳадан хабардорлик хусусияти муҳимроқ саналади.

Инвестицион муҳитни яхшилаш учун нима қилиш керак?

Кучли институционал ислоҳотлар

Аввало бозор иқтисодиёти талаб этадиган институтларни мустаҳкамлаш керак: яъни, мустақил ва профессионал судлар, парламент, ОАВ каби. Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ёрдам берадиган механизмларни яратиш даркор. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминловчи асосий шартлардан бири ― бу сайловлар ва ҳокимиятнинг халқ томонидан сайланишини таъминлашдир. Сайлов институтларини мукаммаллаштириш ва мустаҳкамлаш лозим.

Шунингдек,  давлатнинг ролини кескин камайтириб, бир қатор қўмита ва идоралар фаолиятини тугатиш керак:

– янги ташкил этилган Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги. Аввал бошиданоқ унинг иши сезилмаган. Бундан бу ёғига ҳам яхшироқ ишлашига шубҳам бор.

– истеъмолчилар учун монопол тарзда, самарасиз ва қиммат нархга бизнес юритувчи идоралар (масалан, авиация, автомобил-йўл қурилиши). Бу каби монополиялар бизда юздан ортиқ. Ҳеч бўлмаса ушбу идораларнинг фаолиятини тўлиқ ислоҳ қилиб, уларни эркин рақобат майдонига қўйиб юбориш керак.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам бизга керак эмас, деган фикрлар бор, аммо шахсан мен учун бу кескинроқ таклиф.

Суд тизимини ислоҳ қилиш

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда судялар ролини кучайтириш бўйича бир қатор жараёнлар кетмоқда: прокуратуранинг баъзи ваколатлари судларга қўшимча равишда бериляпти, судялар коллегияси иши яхшиланяпти.

Хусусий мулк ҳуқуқини амалда таъминлаш масаласи жамият диққат марказига чиқиши керак. Усиз ислоҳотлар ҳақида фикр юритишдан маъно йўқ.

Судлар мустақил бўлиши учун, ижроия ҳокимиятининг суд ишларига аралашмаслиги кафолатланиши лозим. Судялар малакасини ошириш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш даркор. Суд тизими ўз маблағлари ва кадрларини мустақил равишда бошқариш имкониятига эга бўлиши, яъни пулни қаерга ишлатиши ва кимни қайси лавозимга тайинлашини ўзи белгилаши керак. Балки судяларни сайлаш ёки маслаҳатчилар иштирокидаги суд мажлисларини жорий этиш керакдир.

Шунингдек, судларнинг ОАВ олдидаги очиқлигини таъминлаш зарур. Гарчи бу қонунда белгиланган бўлса-да, лекин ушбу талаб гоҳида судяларнинг ўзи томонидан бажарилмайди.

Бюджет интизомини кучайтириш

Бу ишда «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни самарали восита сифатида хизмат қилади. У макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун, йирик инвестиция мақсадларида давлат қарзини кўпайтириш ҳисобига давлат бюджети, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан фойдаланишга нисбатан чекловлар ўрнатади.

Шунингдек, иқтисодиёт ишига тўсқинлик қилувчи қуйидаги камчиликлар ва номутаносибликларни бартараф этишга ҳам эътибор қаратиш керак:

– кенг қамровдаги хусусийлаштириш ишларини олиб бориш;
– хусусий мулк дахлсизлигини амалда кафолатлаш;
– турли иқтисодиёт секторларида, ушбу секторларнинг жозибадорлигини ошириш ҳисобига, нархларни либераллаштириш сиёсатини давом эттириш;
– бизнес соҳасида амалий қўллаш учун солиқ сиёсатига ўзгартириш киритиш;
– ташқи савдони либераллаштириш;
– банк секторини ислоҳ қилиш.

Бу йўналишлар муваффақиятли амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижобий иқтисодий самара бериши мумкин бўлган баъзи соҳалар холос.

Эксперт кутаётган ўзгаришлар

Бугунги кунда иқтисодиётга доир масалалар ва унга таъсир ўтказадиган соҳаларда кўп нарса ижобий томонга ўзгаряпти. Мен қуйидаги соҳаларда яхши ўзгаришларни кутяпман:

Давлат бошқаруви. Маъмурий ислоҳотнинг ишлашини, ниҳоят, давлат хизматига меритократия (соҳадан яхши хабардорлик) принципи бўйича ишга саралаб олишларини кутяпман. Давлат хизматлари янада очиқ ва инновацион бўлади, одамлар эмас,  ҳужжатлар ҳаракатланади. «Давлат хизмати тўғрисида»,  «Очиқ маълумотлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинади. Давлат бизнес самаралироқ уддалайдиган иқтисодиёт соҳаларидан четлашиб, самарадорлик йўлидан кетади.

Капитал бозорининг ривожланиши. У бизда эндигина пайдо бўляпти. Унинг ривожланиши учун инвестиция киритиш фойда бериши керак. Молиявий бозорда даромад ва фойда келтирадиган турли воситаларни яратиш лозим. Банк соҳасида ислоҳотлар рўй бериб, «жамғармалар – инвестиция» механизми ишлаши зарур. Чунда аҳоли пулларини «ёстиғи остида» сақламай, омонатлар тарзида банкларда жамғара бошлайди.

Монополияга қарши курашиш соҳасида. Бу борада сезиларли силжишлар бор. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бир қатор (шу жумладан,  мунозараларга сабаб бўлган) қарорлари ва хулосалари йиғилиб қолган. Шулар ичидан энг кўп муҳокама қилинганлари: бу газ ҳисоблагичларни етказиб берувчи Россия компаниясига берилган имтиёзли шартларнинг танқид остига олиниши (бу рақобатнинг чекланишига олиб келган эди). Ёки электр энергияси ҳисоблагичларини ўрнатишда истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши.  Шунингдек, дори воситалари ва уларнинг нархини асоссиз равишда оширишга доир ташаббусга қўмитанинг муносабати ҳам мени хурсанд қилди.

Ижтимоий кафолатлар ҳақида ҳам унутмаслик даркор. Ўзбекистон интилаётган эркин бозор шароити ўз-ўзидан аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаб бермайди. Бу борада тўғри давлат сиёсати керак. Мазкур вазиятда давлатнинг вазифаси адолатли қайта тақсимотда ўз аксини топади. Бозор камдан-кам ҳолларда ижтимоий муаммолар ҳақида қайғуради. Шу сабабдан давлат бозордаги «ўйин қоидалари», инсонлар учун энг кичик бўлса ҳам ижтимоий кафолатлар ҳақида бош қотириши керак.

Маълумки, ЯИМнинг ўсиши одамлар фаровонлигини оширишга кўмаклаша олмаслиги ҳам мумкин. Ривожланиш иқтисодиётида шундай фикр бор, яъни ЯИМ ҳақиқий ривожланишни тўлиқ акс эттирмайди. Энг муҳими, давлат ижтимоий сиёсат бобида ўз ролини бажариб, бозорга халақит бермаса бас.

Мавзуга оид