Жамият | 10:40 / 28.02.2020
15064
6 дақиқада ўқилади

Миришкордаги шифохона яна хароб аҳволда. Давлат пуллари бесамар сарфландими?

Қашқадарёдан келган навбатдаги мурожаат бир жиддий саволни ўртага чиқармоқда: нима учун янги ёки эндигина таъмирдан чиққан бинолар яна таъмирталаб бўлиб қолмоқда?

Қўл учида бажарилган ишлар учун жавобгарлик енгилми ёхуд жазо муқаррар эмасми? Эҳтимол, бошқа сабаби бордир? Айниқса, гап давлатнинг бесамар сарфланган миллиард-миллиард сўм маблағ ҳақда кетганда кишининг жони ачийди.

Миришкор туманидаги Жейнов шаҳарчасида жойлашган шифохонанинг таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилганига эндигина олти ой бўлибди. 2018 йилнинг май ойида бинони бўшатиб берган шифокорлар 2019 йилнинг августида яна кўчиб киришган.

Тоза ҳаво йўқ, деворлар моғор босган

Шифохонада ишлайдиган 200дан ортиқ тиббиёт ходимлари ҳам, у ерда даволанаётган беморлар ҳам шу кеча-кундузда азият чекадиган ҳолатлар кўп. Хусусан, уларга тоза ҳаво етишмаяпти. Бўлимларга кириб борар экансиз, сизни ҳам худди шу ҳолат безовта қилади — дим ва бадбўйлик.

Ҳаво айланиш тизими носозлиги учунми ёки нам тўпланганиданми, деворлар моғорлаб кетган.

Айрим хоналарда эса ҳаво айланиш тизимининг ўзи йўқ. Ҳатто стерил шароитда сақланиши керак бўлган туғруқ бўлимида ҳам ана шу аҳвол.

Айрим хоналарда канализация ўрнида улкан тешик бор, холос. Қурувчилар нимани ўйлаб бундай «ўра» қолдиришгани тушунарсиз...

Эшиклар ҳам «бетоб»

Шифохонанинг ўзимиз кирган бўлимларида ғалати ҳолатга гувоҳ бўлдик. Биласиз, томирдан укол олган одамнинг қўли одатда бироз муддатга тиббиёт бинти ёки рўмолча билан боғлаб қўйилади, қон кетмаслиги учун. Жейновдаги шифохонада эса нафақат беморлар, шу билан бирга барча эшикларнинг ҳам «қўли боғланган».

Йўқ, бир-иккитаси эмас, барчаси! Тасодифмикин деб, иккинчи қаватдаги барча эшикларни қараб чиқишга тўғри келди. Қизиқ, уларга нима қилган ўзи?! Шифокорлар тушунтириб беришди. Эшикларга рўмолча боғланмаса, очилиб кетаркан. Рисоладагидек очилиб-ёпиладиган эшик йўқ. Агар бундай ҳолат битта-икки бўлимда кузатилса, «майдалашиб» ўтирмасдик...

Сув етишмайдиган шифохона

Бутун бошли шифохонага сув мана шу ҳовузчадан олинади.

Табиийки, етмайди. Умуман, Жейновда ҳам, атрофдаги қатор аҳоли манзилларида ҳам ичимлик суви оғир муаммо. Марказлашган сув тармоғи йўқ. Мана шу ҳовуздаги сувни тежаб, тежаганда ҳам жуда қаттиқ тежаб ишлатмаса, бир соатга ҳам етмайди.

Агар сиз стерилланган суви йўқ шифохонани кўрмоқчи бўлсангиз, Жейновга келаверасиз. Шифохона лабораториясида бўлганимизда биз ҳам бунга гувоҳ бўлдик. Ходимлардан бири бошқа шифохонада ишлайдиган қизидан ҳар куни 2-3 «баклашка» стерилланган сув олиб келишни сўраркан.

Стерилланган сув ажратадиган мана бу ускунани эса ишлатиб бўлмайди, сабаби яна сув билан боғлиқ. Шундай ускуна ишлатилмасдан «қарияпти».

Иситиш тизими

Гарчи 1 миллиард 900 миллион сўм таъмир учун ажратилган бўлса-да, бинода иситиш тизими йўқ. Азбаройи беморларга раҳми келганидан сиз суратда кўриб турган қозонхонани шифокорларнинг ўзи қуриб олган. Аммо қозонхона бўлгани билан, ишлайдиган иситиш тизими ҳам керак. Бу тизим эса ишламайди. Беморлар ўзлари билан соз-носоз турли электр иситкич ускуналар олиб келишади.

Шифохонадаги аксарият мебель ва жиҳозлар ҳам 40-50 ёшларда экани кўриниб турибди. Таъмир вақтида уларни янгилаш кўзда тутилганмиди, йўқми, буни билолмадик.

Ходимлар кирни тоғорада ювишади

Тасаввур қилинг, шифохонада бир кунда қанча кир пастел-матрас жамланади? Бу ерда ўша кирлар қўлда ювиляпти. Ана энди бу опаларнинг сабри ва машаққатини тасаввур қилаверинг. Бутун бошли шифохонага кир ювадиган машина харид қилиш шунчалик оғирми ёки бу имконият унутиб қўйилганми?

Қурувчилар лаборатория ва кирхонадан чиққан оқова сувни шунчаки шифохона ҳовлисига тўғрилаб қўйишган. Эрта-индин кунлар исий бошлагач юзага келадиган вазиятни тасаввур қилаверинг. 

Хуллас, бутун бир шифохона аҳволи мана шу. Бу аҳволдаги «таъмир»ни ким, қандай қабул қилиб олган, дейсизми? Худди шу саволга жавобни Миришкорда бир кун юриб ҳам тополмадик.

Шифохона бош шифокори таъмир вақтида ишдан бўшатилган. Таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг, бино қабул қилингач, қайтиб вазифасига тиклангани маълум бўлди... Жуда қизиқ, шундай эмасми?

Бинони қабул қилиб олиш, лойиҳада айнан нималар кўзда тутилгани, смета ва бошқа ҳужжатлар билан танишиш истагида туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, у ердан ҳам аниқ маълумот ололмадик. Миришкор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими ҳам ҳокимликнинг бу шифохонага «умуман алоқаси йўқлиги, ҳокимлик қабул қилмагани»ни айтмоқда. Қисқаси, масъулиятни зиммасига оладиган одам йўқ. Туманда бирор ташкилот расмий маълумот беролмади.

Қурилиш корхонаси раҳбари билан телефонда қисқача суҳбатлашганимизда ҳокимлик ҳам, туман тиббиёт бирлашмаси ҳам шифохонани ҳеч қандай муаммосиз қабул қилиб олгани маълум бўлди. Умуман, ўз йўналиши бўйича 20га яқин ташкилот тегишли ҳужжатларга қўл қўйиб берган экан. Энди эса буни тан оладиган ташкилот йўқ.

Катта маблағ сарфланган кичик шифохонадаги бу камчиликлар юзасидан жўяли изоҳ кутиб қоламиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид