Жаҳон | 19:03 / 29.02.2020
29669
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва НАТО Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетади

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик келишуви имзоланди.

Фото: Reuters

АҚШ ва НАТО 14 ой давомида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетади. Бу ҳақда қўшма декларацияда айтилмоқда, деб хабар берди Tolo News телеканали.

"АҚШ, унинг иттифоқчилари ва Коалиция ушбу қўшма декларация эълон қилинганидан ҳамда АҚШ ва "Толибон" ўртасида келишув имзоланганидан сўнг 14 ой ичида Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетади", - дейилади декларацияда.

Шунингдек, айтилишича, АҚШ "Толибон" билан келишув имзоланганидан сўнг 135 кун ичида базалардаги қолган кучларини олиб чиқиб кетади ва Афғонистондаги қўшинлари сонини 8600 нафаргача камайтиради".

Бир оз аввал эса АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик келишуви имзолангани хабар қилинди.  

Қайд этилишича, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида келишувни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳамда “Толибон” етакчисининг ўринбосари, ҳаракатнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар имзолаган.

АҚШ ва “Толибон” Доҳада 2019 йил давомида музокаралар олиб борган, бироқ тинчлик келишувининг имзоланиши Афғонистонда америкалик ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига олиб келган теракт сабабли барбод бўлганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид