Жамият | 23:19 / 02.03.2020
57969
4 дақиқада ўқилади

19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғилган – «Авто 60 ой» иши бўйича янги тафсилотлар

2 март куни Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида «AVTO OLTMISH OY» МЧЖ мансабдорлари устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича янги тафсилотлар эълон қилинди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Тергов давомида «AVTO OLTMISH OY» МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача пул олган, бироқ зиммаларидаги мажбуриятни тўлиқ бажаришмаган.

Тергов давомида 18818 нафар мижоз жамиятга 57 миллиард 412 миллион сўм тўлов қилгани аниқланди.

Шундан мижозларга автомашина сотиб олиб бериш учун «Қибрай авто-мото сервис» МЧЖга 24 миллиард 6 миллион сўм кўчириб берилган, бу пулга 96 нафар мижозга транспорт воситаси етказиб берилган холос. Қолганларга эса автомашина олиб бериш юзасидан мажбуриятини бажариш учун ҳисоб рақамида етарли пул маблағлари мавжуд бўлмаган.

Мижозларга етказиб берилган 96та автомобиль ҳам одамлар жамият ҳисобига тўлаган пуллар ҳисобига олинган. Эртага жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида бу автотранспорт воситасини хатловдан ўтказилса, ушбу автомобиль эгалари ҳам жабрланувчига айланиб қолади. Чунки у автомашинанинг фақат бошланғич тўловинигина тўлаган», – деди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев.

Азизбек Долихўжаев.

Маълум қилинишича, жиноят иши 2019 йилнинг 12 октябрида Жиноят кодексининг 188-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган, бунга UzAutoMotors АЖнинг ИИВга ушбу МЧЖнинг фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил (60 ой) муддатга бўлиб тўлаш шарти билан шубҳали фаолият кўрсатаётганини билдириб йўллаган мурожаати юзасидан терговга қадар суриштирув вақтида аниқланган ҳолатлар асос бўлган.

«Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат.

Ҳозирда 28та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

МЧЖ раҳбари ва унинг шериклари ўзларининг жиноий фаолиятлари давомида бир қатор МЧЖларни ташкил қилган. Мазкур молиявий субъектлар устав жамғармасини мижозлар томонидан топширилган пул маблағлари эвазига шакллантирганликлари туфайли ушбу жамиятларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилган ва ягона иш юритувга бирлаштирилган», дейди Азизбек Долихўжаев.

Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбековнинг билдиришича, иш бўйича гумонланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланмоқда, бир нафар гумонланувчига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ойбек Қулбеков

Ҳужжатли тафтиш якуни бўйича қолган шахслар ва жамиятнинг вилоятлардаги филиалларидаги менежер ҳамда кассирларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

«Жиноят иши бўйича Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимдаги ходимларидан иборат тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида тергов ҳаракатлари олиб бориляпти ва департамент томонидан жамланиб келинмоқда. Шу пайтга қадар 17 минг нафар фуқаро сўроқ қилинди.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати 5 ойга, яъни шу йилнинг 12 мартига қадар узайтирилган эди. Жабрланувчиларнинг сони кўплиги ва улар республиканинг турли ҳудудларидан бўлгани, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида айбланувчиларнинг мижозлардан қабул қилган пул маблағларини қандай мақсадда сарфлаганига аниқлик киритиш учун тергов муддатини 7 ой, яъни 2020 йил 12 майга қадар узайтириш чораси кўрилмоқда.

Айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд жараёнида ҳал этилади», – дейди Ойбек Қулбеков.

Қайд этилишича, турли ҳудудларда яшовчи жабрланувчилар Тошкентга келиб-кетиб овора бўлмаслиги учун жойларда тергов гуруҳлари ташкил этилган.

Мазкур жиноят иши бўйича бошқа жабрланувчилар қўлларидаги ҳужжатлар: шартнома ва тўлов квитанциялари билан Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларидаги ички ишлар органларига мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга оид