Жамият | 22:54 / 04.03.2020
9213
3 дақиқада ўқилади

«Диплом асосий мотивация ва статус бўлиши керак эмас» – Жаҳонгир Пўлатов

«Битирувчи ўқишни тугатгандан сўнг таълимга сарфлаган пули харажатларини чиқариб ололмаяпти», «Ўртача ойлик даромади 2 миллион бўлган одам боласининг контракти учун 20 миллион ажрата олиши қийин», «Ота-оналар, асосан, болаларини ХХ аср касбларига йўналтиришмоқда. Ҳозир – XXI аср».

Халқаро пресс-клубнинг 4 мартдаги сессиясида инсон капитали мавзуси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Унда инсон капитали кўрсаткичини белгиловчи асосий омиллардан бири – таълим эканига урғу қаратилди.

Тадбиркор, «Кембриж» ўқув марказлари асосчиси Жаҳонгир Пўлатовнинг фикрича эса, ота-оналар таълим учун пул сарфлаётган бўлишса-да, уларнинг барчаси ҳам фарзандининг касб танлашига кўмаклашишда тўғри йўл тутмаяпти.

Жаҳонгир Пўлатов

«Ота-оналар болаларини асосан XX аср касбларига йўналтиришади. Ҳозир – XXI аср. Оқибатда, меҳнат бозорида янги кириб келаётган касб эгаларига – маркетолог, дастурчи кабиларга нисбатан бўшлиқ пайдо бўлмоқда», – дейди Жаҳонгир Пўлатов.

Унинг таклифига кўра, бунинг битта ечими – ёшларга мотивация бера оладиган ва уларни эргаштирадиган ўзбек ёшларини тарбиялаш  бўлиши мумкин. Бу йўл билан улар бошқаларга ҳам келажакда қайси тарафга йўналишни тўғри кўрсатиб бера олишади.

Жаҳонгир Пўлатов ёшлар учун диплом асосий мотивация ва статус бўлиши керак эмас, деб ҳисоблайди.

«Кўпчилик ёшлар кейинги режалари ҳақида сўралганда ҳам «Дипломимни олсам, ўйлаб кўраман», деб жавоб беришади. Ваҳоланки, бугун жуда кўплаб халқаро ташкилотлар ходимларини дипломга қарамасдан ҳам ишга олишмоқда. Бизда жамият мана шу тарафлама орқада қолмоқда», – дея ўз қарашларини билдирди тадбиркор.

«Агар Ўзбекистон ҳам ўзбек моделини яратишни хоҳласа, уни ҳаракатчан ва янгича фикрга эга ёшларгина ярата олади, деб ҳисоблайман», – дея қўшимча қилди Пўлатов.

Сингапур менежментни ривожлантириш институти қошидаги туризм мактаби директори Гулноза Усмонованинг фикрича, ота-оналар таълимга тикаётган пул боланинг сифатли ўқиши учун имкон яратиб бера олиш ёки олмаслиги аниқ эмас.

Гулноза Усмонова

«Битирувчи ўқишни тугатгандан кейин таълимга сарфлаган пули харажатларини чиқариб ололмаяпти. Бу эса ота-оналарнинг фарзанд таълимига инвестиция киритиш хоҳишини камайтиради.

Бундан ташқари, ўртача ойлик даромади 2 миллион сўм бўлган одам боласининг контракти учун 20 миллион ажрата олиши ҳам қийин», – дейди Гулноза Усмонова.

Мавзуга оид