Жаҳон | 21:51 / 04.03.2020
11469
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Идлибдаги ҳарбий амалиёт учун Трампдан ўқ-дори сўради

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ президенти Дональд Трампдан Суриянинг Идлиб вилоятидаги ҳарбий ҳаракатлар учун ўқ-дори билан ёрдам беришни сўраган.

Фото: Anadolu

Бу ҳақда NTV нашри хабар берди. Эрдўған буни матбуот анжуманида АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Жеймс Жеффрининг баёнотига изоҳ бериш вақтида айтган. Аввалроқ Жеффри Вашингтон Туркияга НАТО бўйича иттифоқдоши сифатида ўқ-дори беришга тайёрлигини айтган.

Эрдўған Идлибда олиб борилаётган “Баҳорги қалқон” ҳарбий амалиёти боришига изоҳ бериб, унинг давлати бу ихтилофда йўқотишларга учраётганини тан олган, бироқ “бу йўқотишлар Сурияники билан таққослаганда жуда кичиклигини” айтган. Туркия президентининг таъкидлашича, “Туркия жанг қила олади, бироқ урушга интилмайди”.

Эрдўған, шунингдек, 5 март куни Россия президент Владимир Путин билан ўтадиган музокаралардан нималар кутаётгани борасида бўлишди. Унинг айтишича, биринчи вазифа Идлибда ўт очишни тўхтатиш ҳисобланади. “Ҳозирча Россиядан бирор-бир таклиф бўлмади. Музокаралардан кейин Путин билан матбуот анжумани ўтказамиз. Мен билан Россияга бир гуруҳ журналистлар йўл олади, шу сабабли ҳеч қандай сирлар бўлмайди”, деб айтган Туркия етакчиси.  

Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар 20 февралда АҚШ Туркияга ҳаво ҳужумига қарши батарея жўнатганини, Анқара шунингдек Patriot зенит-ракета мажмуасини олиши мумкинлигини маълум қилган.

Идлибдаги вазият январда Сурия мухолифати отрядлари турк армияси кўмагида Идлиб шарқига ҳужумни бошлаганидан кейин кескинлашиб кетган. Шундан кейин Анқара ва Дамашқ бир-бирининг позицияларига зарбалар бера бошлаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид