Ўзбекистон | 21:47 / 06.03.2020
114726
3 дақиқада ўқилади

Оталикни аниқлаш бўйича ДНК экспертизасини ўтказиш нархи маълум қилинди

5 март куни республика суд экспертиза маркази раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ДНК экспертизаси қай тартибда тайинланиши, экспертиза жараёнида нималар аниқланиши, хизмат ҳақи каби масалалар юзасидан маълумот берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Марказнинг лаборатория мудири Дилобар Аҳмедованинг айтишича, ДНК экспертизаси тергов органларининг қарори ҳамда суднинг ажримига, шунингдек, фуқароларнинг ўз ихтиёрига кўра берган аризасига асосан тайинланади.

Тергов ва жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳужжатлари билан тайинланган экспертизалар бепул, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва жисмоний шахсларнинг аризаларига кўра тайинланган экпертизалар тўлов асосида ўтказилади.

Тадқиқотларнинг нархи уларнинг мураккаблик даражаси ва тақдим қилинаётган объектларнинг сонига қараб белгиланади.

«Ҳозирги кундаги тарифга асосан, оддий ДНК экспертизасининг нархи 2 083 707 сўмни ташкил этади. Ўртача мураккабликдаги тадқиқотларнинг нархи 4 021 189 сўм, мураккаб экспертизалар учун белгиланган тўлов эса 6 млн.дан зиёд.

Оталикни аниқлаш бўйича ДНК экспертизаси оддий турдаги тадқиқот ҳисобланади. Бунда бир нафардан беш нафаргача шахс намунаси тақдим қилиниши керак. Шунда, бундай экспертиза учун 2 083 707 сўм олинади.

Агар олти ва ундан ортиқ шахсларнинг намуналари ўрганиладиган бўлса, масалан, етти фарзанд ва ота-онанинг ДНК намуналари тадқиқ қилинса, бунинг учун 6 миллиондан кўпроқ тўлов қилишга тўғри келади.

Бундан ташқари, экспертизалар тадқиқот объектларига кўра ҳам фарқланади. Яъни кам харажат талаб қиладиган биологик объектлар бор. Булар қон ва сўлак намуналаридир. Ушбу тадқиқот объектлари асосида ўтказиладиган экспертизалар учун 2 083 707 сўм ундирилади. Агар соч, қўл териси билан бирга олинган тирноқлар тадқиқ қилинса, бунинг нархи 4 021 189 сўм бўлади.

Мураккаб турдаги экспертизалар эксгумация қилинган жасаднинг суяк намуналари асосида ўтказилади. Бундай экспертизалар марказимизда деярли ўтказилмайди. Фақатгина тергов жараёнида бундай экспертизаларга эҳтиёж туғилиши мумкин. Марказимизда ўтказиладиган экспертизаларнинг аксарияти оддий, баъзи бир ҳолатларда ўртача мураккабликдаги тадқиқотлардир», дейди у.

Дилобар Аҳмедова

Таъкидланишича, суд экспертизасининг ҳажми ва мураккаблигига, шунингдек, суд экспертининг иш ҳажмига қараб кам объектли ва мураккаб бўлмаган текширув ўтказишга доир материаллар бўйича 10 кунгача, кўп объектли ёки мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича 20 кунгача, кўп объектли ва мураккаб текширувлар ўтказишга доир материаллар бўйича 30 кунгача бўлган муддат талаб этилади.

Бу муддатлар Суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланган.

Мавзуга оид