Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нефть нархи қуламоқда. Бундан қайси давлатлар кўпроқ зарар кўради?
Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олишда қўшимча қисқартиришга қарор қилмагани сабабли нархларнинг сўнгги 4 йил ичидаги энг паст даражага тушиши АҚШ иқтисодиётига, шунингдек, икки мамлакат иқтисодиётига ҳам зарар етказади.
Саудия Арабистони бошчилигидаги нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) ва Россия бошчилигидаги OPEC’га кирмаган баъзи нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар жума куни Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган 7 соатлик йиғилишда қўшимча ишлаб чиқариш қисқартирилмагани нархларнинг кескин пасайишига олиб келди.
Бугунги кунда Brent маркали нефтнинг 1 баррели нархи 31,27 долларгача тушди, АҚШда WTI маркали (Ғарбий Техас) нефть нархи эса 27,34 долларгача тушган.
Натижада хом нефть нархи 2016 йил февралидан бери энг паст даражага пасайди. Шунингдек, 30 фоиздан кўпроқ пасайиш билан 1991 йил январь ойидаги Кўрфаз урушидан бери фоизлар бўйича энг оғир кунлик йўқотишлар қайд этилди.
Бозор учун кураш
Москва Саудия Арабистони бошчилигидаги OPEC’нинг қўшимча нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш тўғрисидаги таклифига қўшилмаганининг энг асосий сабаби – Россиянинг жаҳон нефть бозоридаги улушини АҚШнинг нефть ишлаб чиқарувчиларига бой бериб қўйиш қўрқувидир.
OPEC’нинг 2016 йил охирида Саудия Арабистони билан ҳамкорликда нефть нархи пастлиги сабаб ишлаб чиқаришни қисқартириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлаган Россия сўнгги 4 йил ичида хом нефть қазиб олишни 3 баравар камайтирди. Бироқ нефть нархини кўтариш учун қилинган ишлаб чиқариш қисқартиришида Саудия Арабистони бошчилигидаги OPEC давлатлари ва Россиянинг бозордаги улуши америкалик ишлаб чиқарувчилар қўлига ўтди.
2008 йилда АҚШда кунлик нефть қазиб олиш ҳажми 5 миллион баррел даражасида эди, ўтган ҳафтада бу рекорд кунига 13,1 миллион баррелга кўтарилди.
Саудия Арабистони ва Россия нефть қазиб олишни қисқартириш билан нархлар 50 доллардан ошган бир пайтда, ушбу икки мамлакатнинг бозор улушининг катта қисмини эгаллаб олган АҚШ бу давлатларни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчисига айланиб олди.
Бундан буён америкалик ишлаб чиқарувчиларга бозордаги улушини тутқазишни истамагани учун бу сафар OPEC’нинг ишлаб чиқаришни қисқартириш қарорига қўшилмаган Россия нефть қазиб олишни кўпайтириши мумкинлиги ҳақида дарак бермоқда.
Саудия Арабистонининг апрель ойининг бошидан хом нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш имконияти эса 3 йилдан кўпроқ вақт давом этган Ар-Риёд–Москва иттифоқининг интиҳо хавфини келтириб чиқаради.
Оқибатни саудияликларнинг бюджети кўпроқ ҳис қилади
Нефть нархининг кескин пасайиши Саудия Арабистони иқтисодиётига энг кўп зарар етказиши кутилмоқда.
Иқтисодиётининг 90 фоизи нефть қазиб олиш ва экспортга боғлиқ бўлган Саудия Арабистони бюджетни мувозанатлаши учун нефть нархи 80-85 доллар орасида бўлиши лозим.
Россиянинг бюджет балансини сақлаб қолиш учун эса нефтнинг ўртача нархи 42-45 долларга тенг бўлиши талаб этилади.
Агар нефть нархи паст ҳолда қолишда давом этса, ҳар икки давлатнинг ҳам нефтдан тушадиган даромадлари пасайиши ва бюджетларида миллиардлаб доллар йўқотиши кутилмоқда. Ушбу мамлакатларнинг фонд биржаларида фаолият олиб борувчи нефть компанияларининг акциялари ва бозор нархларида ҳам кескин пасайиш кузатилмоқда.
Дунёдаги энг йирик нефть экспортчиси бўлган Саудия Арабистонининг миллий нефть компанияси бўлмиш Saudi Aramco’нинг акциялари бугун 10 фоизга пасайди, бозор қиймати эса тахминан 660 миллиард Саудия риалига (176 миллиард доллар) тушди.
Россиянинг «Роснефть» ва «Лукойл» нефть компаниялари 4 фоиздан кўпроқ йўқотди. Бундан ташқари, иккала компаниянинг бозор қиймати 360 миллиард рубль (4,8 миллиард доллар)ни ташкил этди.
Бошқа ишлаб чиқарувчи мамлакатлар
Нефть нархининг пасайиши OPEC таркибига кирувчи ўрта ва кичик ишлаб чиқарувчи давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Дунё бўйича энг кўп хом нефть захираларига эга бўлган Венесуэлада нефть нархи пастлиги сабабли, сўнгги йилларда иқтисодий муаммолар ҳали ҳам давом этмоқда, мамлакатнинг нефть саноати эса тўхтаб қолган.
Бундан ташқари, АҚШ эмбаргоси Эроннинг хом нефть экспортига ҳам тўсқинлик қилмоқда.
OPEC’нинг бошқа йирик ишлаб чиқарувчилари бўлган Ироқ, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларнинг ҳам паст нархлар туфайли салбий таъсир кўриши кутилмоқда. Ангола, Жазоир ва Нигерия каби ўрта ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ҳамда Эквадор, Экваториал Гвинея, Конго ва Габон каби кичик ишлаб чиқарувчи мамлакатлар кўпроқ зарар кўриши тахмин қилинмоқда.
АҚШга қандай таъсир қилади?
Ушбу жараён юқори нархда хом нефть ишлаб чиқараётган АҚШ ишлаб чиқарувчиларига қисқа муддатда таъсир қилиши мумкин.
Саудия Арабистони ва Россиядан анча илгарилаб кетган АҚШ қудуқларида хом нефть қазиб олиш нархи тахминан 50-55 долларни ташкил қилмоқда.
Россия нефть қазиб олиш ҳажмида қўшимча қисқартиришларни амалга оширмайди. Бу давлат нархларни бир мунча вақт ушлаб туриш орқали АҚШнинг нефть ишлаб чиқарувчиларини бозордан сиқиб чиқаришни мақсад қилган.
Саудия Арабистони томонидан 2014 ва 2016 йиллар оралиғида паст нархлар стратегияси амалга оширилган ва бу АҚШдаги 300дан ортиқ нефть компанияларининг чўкишига ва секторда тахминан 250 миллиард долларлик йўқотишларга сабаб бўлганди. Бироқ америкалик нефть ишлаб чиқарувчилар 50 доллардан юқори нархлар туфайли ишлаб чиқаришни кўпайтиришга муваффақ бўлишганди.
Мавзуга оид
07:52 / 28.05.2025
Саудия Арабистонида Қурбон ҳайити 6 июнь куни нишонланади
19:00 / 19.05.2025
Саудия Арабистони — жозибадор саргузашт ва ҳашамат мужассамлашган диёр
22:15 / 14.05.2025
Трамп араблар даврасида. У Фаластинни тан оладими?
22:01 / 13.05.2025