Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШдаги сайловлар: Байден Сандерсга имконият қолдирмади
Собиқ вице-президент Жо Байден АҚШдаги президентлик сайловларида навбатдаги «мини-суперсешанба»да 6та штатда ўтказилган сайловларда устунлик қилди ва демократ номзодларнинг яққол етакчисига айланди. Унинг асосий рақиби Берни Сандерсда эндиликда Демократик партиядан номзод бўлиш учун деярли имкон қолмади.
Сешанба куни АҚШнинг 6 штатида ўтказилган бирламчи сайловларнинг дастлабки натижаларидан кейин мустақил сенатор Берни Сандерс президентликка номзод бўлишдан умидини узмоқда. Маҳаллий вақт билан 10 март куни соат 20:00да Миссури ва Миссисипида сайлов участкалари ёпилди ва дастлабки натижалар эълон қилиниши бошланди. Натижаларга кўра, собиқ вице-президент Жо Байден яққол ғалабага эришган. Миссисипида уни сайловчиларнинг 80 фоизидан ортиғи, Миссурида эса 60 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Кўп ўтмасдан вице-президент АҚШ президентлиги учун сайловда ҳал қилувчи штатлардан бири бўлмиш Мичиганда ҳам ғолиб бўлгани маълум бўлди. Дарвоқе, 2016 йилда бу штат сенатор Ҳиллари Клинтонга эмас, айнан Берни Сандерсга овоз берганди.
«Ўйлашимча, энди Берни Сандерсда президент бўлиш учун ҳеч қандай имконият қолмади. Байден ҳаммаёқда ғолиб чиқмоқда ва телеканаллар айнан у Демократик партиянинг номзоди бўлиши ҳақида эълон қилмоқда», деди Politico нашрига сайловолди кампаниясининг собиқ иштирокчиси Том Стейернинг маслаҳатчиси бўлган Кевин Кэйт.
Ўтган ҳафтада АҚШнинг собиқ вице-президенти 14та штатда бўлиб ўтган «Суперсешанба» якунларига кўра демократ номзодлар орасида етакчига айланиб олганди. Жо Байден 14 штатдан 10тасида ғолиб бўлган ва қолган тўрт штатда ҳам асосий рақибидан катта фарқ билан ортда қолмаганди.
«Мини-суперсешанба»да Миссури, Миссисипи, Мичиган, Шимолий Дакота, Айдаҳо ва Вашингтон штатида сайловлар бўлиб ўтди. Ўртага 352 делегат овози тикилганди.

Шу йил ёзида Демократик партиянинг Миллий конвенцияси бўлиб ўтади ва унда ноябрь ойидаги президентлик сайловига партиянинг номзоди танланади.
Бунинг учун номзод жами 3979 делегатдан 1990 нафарининг овозига эга бўлиши талаб этилади. Ҳозирча Жо Байден делегатлари сони бўйича сенатор Сандерсни яққол устунлик билан ортда қолдирмоқда: 664-573. «Мини-суперсешанба»дан кейин барча делегатларнинг камида 47 фоизи партия съездида кимни қўллаши ойдинлашиб қолди.
Демократлар пойгасида номзодлар коронавирус туфайли ўз кампанияларига ўзгартиришлар киритишган. Байден ҳам, Сандерс ҳам Оҳайо штатидаги тарафдорлари билан учрашувларини бекор қилишига тўғри келди, Вашингтон штатида эса (бу коронавирусга чалинишнинг АҚШдаги илк ҳолати қайд этилган штатдир) сайловчиларга сайлов участкасига келмасдан, почта орқали овоз бериш таклиф қилинди.
Кўринишидан, Демократик партия истеблишменти АҚШ вице-президентини номзод сифатида танлаб бўлган.
«Агар Сандерс бугун бирорта штатда ғолиб бўлолмаса, партиянинг президентлик сайлови учун номзоди сифатида фақатгина Жо Байден қолади. Менимча, кейинги дебатлар ва қолган штатлардаги праймеризларни бекор қилса ҳам бўлади, бу шунчаки вақтни бекорга сарфлашдир», деди NPR радиоси эфирида Вакиллар Палатасидаги демократлар етакчиси, конгрессмен Жим Клайберн.
Байденни Демократик партиянинг ягона номзоди сифатида қўллаш истаги сайловларда демократларни молиялаштирувчи сиёсий хатти-ҳаракатлар суперқўмиталари (Priorities USA Action, super PAC) раҳбари Гай Сесил томонидан ҳам билдирилган.
«Математика, ҳаммаси кўриниб турибди. Жо Байден Демократлар партиясидан президентлик лавозимига номзод. Энди @prioritiesUSA унга ноябрдаги сайловда Дональд Трампни енгиши учун барча ишни қилади. Умид қиламанки, қолганлар ҳам уни бу курашда қўллаб-қувватлашади», - дея ёзган у твиттердаги саҳифасида.
Суперқўмиталар номзодларнинг сайловолди кампаниялари учун чекланмаган миқдорда хайрия маблағлари йиғиш имкониятига эга ҳисобланади. 2016 йилда Priorities USA Action гуруҳи Ҳиллари Клинтон кампанияси учун 190 миллион доллар сарфлаганди.
Бу йил эса расмий ҳисобларга кўра, гуруҳ июль ойида Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида бўлиб ўтадиган Демократик партиянинг Миллий конвенцияси очилишига қадар Дональд Трампга қарши кураш учун 150 миллион доллар сарфламоқчи.
Мавзуга оид
15:23 / 25.05.2025
Жо Байден саратонга чалингани эълон қилинганидан кейин биринчи марта омма олдида кўриниш берди
19:09 / 19.05.2025
Байден саратонга чалингани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
09:57 / 19.05.2025
Трамп саратон касаллиги аниқланган Байденни қўллаб-қувватлади
08:24 / 19.05.2025