Ўзбекистон | 21:00 / 14.03.2020
9810
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МДҲнинг яна бир тузилмасида тўлақонли иштирок этадиган бўлди

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг саноат хавфсизлиги Кенгашига аъзо бўлди. Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага қўшилишини аъзо давлатлар орасида сўнгги бўлиб тасдиқлаши ортидан, расмий Тошкент мазкур кенгаш ишида расман аъзо сифатида иштирок эта бошлади. 

Фото: AP

Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашининг тўлақонли аъзоси бўлди. 2020 йил 6 февраль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ Ижроия қўмитасига йўллаган мактубида, расмий Бишкек Ўзбекистон Республикасининг МДҲ давлат раҳбарлари Кенгашининг 2001 йил 28 сентябрдаги “МДҲга аъзо давлатлар Саноат хавфсизлиги бўйича ваколатли орган раҳбарларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши (МСПБ СНГ) тўғрисида”ги Москва келишувига қўшилишига розилигини билдирган. 

Шу билан, МДҲ Ижроия қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг мазкур тузилмага қўшилиш жараёни муваффақиятли поёнига етган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси президент қарорига мувофиқ, мазкур халқаро ҳужжатларга қўшилиб, Ўзбекистон номидан иш юритишда масъулиятли идора ҳисобланади. 

Фото: Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

Маълумот учун: Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларининг саноат хавфсизлиги кенгашига тармоқлараро ҳамкорлик органи бўлиб хавфли ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришни амалга оширади. Унга Ўзбекистон, Арманистон, Озарбойжон, Беларусь, Молдова, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Украина давлатларининг махсус ваколатли органлари раҳбарлари киради.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид