Жамият | 19:15 / 30.03.2020
12748
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларга меҳнат таътили давомида қўшимча топшириқлар берилмайди – ХТВ

Халқ таълими тизимида меҳнат таътилига чиқарилган ходимларга қўшимча топшириқлар берилмайди, масофавий ишлашга фақатгина имкони бор педагогларгина жалб қилинади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, меҳнат таътилига чиққан педагог ходимларга таътил давомида топшириқ бермаслик ҳақида барча ҳудудий халқ таълими бошқармаларига кўрсатма берилган.

«19 мартдаги Президент фармони ва 23 мартдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, барча педагог ходимларга карантин даврида лавозимидан қатъи назар меҳнат таътили берилган.

Уларга таътил давомида қўшимча вазифа юклатиш бўйича топшириқ мавжуд эмас», деди Дилшод Кенжаев 30 март куни бўлиб ўтган брифингда.

Унга кўра, таълим муассасаларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларнинг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофавий тарзда ташкил этиш чоралари кўрилган.

«Халқ таълими вазирлиги масофадан ишлаш учун фақат уйида имконияти бор ходимларнигина жалб қилиш бўйича ҳудудий бошқармаларга кўрсатмалар берган. Педагогларга электрон дарс ишланмасини юритиш каби қўшимча топшириқлар берилган эмас.

Ота-оналарнинг сўровларидан келиб чиққан ҳолда масофадан туриб ишни давом эттираётган педагоглар ўз ўқувчиларига онлайн дарсларни ўзлаштириш ва мавзуни мустаҳкамлашда амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб қоламиз», деди Кенжаев.

Брифинг давомида вазир ўринбосари Халқ таълими вазирлиги номидан умумтаълим муассасалари раҳбарларига расман мурожаат қилди.

«Барча умумтаълим муассасалари раҳбарларидан расман меҳнат таътилига чиққан ходимларни безовта қилмасликларини, масофадан ўз фаолиятини олиб бораётган ходимларга ортиқча вазифа юкламасликларини сўраб қоламиз», дея таъкидлади у.

Мавзуга оид