Ўзбекистон | 16:15 / 02.04.2020
24627
3 дақиқада ўқилади

Ёлғиз кишиларнинг ҳоли нима кечяпти?

Ҳозирги вазият – ижтимоий механизмларимиз қай даражада инсонга хизмат қилишга қаратилганига баҳо бериш имкониятини беради.

Фото: Getty Images

Коронавирус хавфи муносабати билан кўрилаётган карантин чоралари ижтимоий ҳолатга турфа таъсир ўтказади, албатта. Бу таъсирнинг салбий тарафларини камайтириш – минимизация қилиш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда. Кутилмаганда келиб қолган янги воқелик янги, давлат ва жамият учун (ҳар ҳолда ҳозирги давлат ва жамият учун) нотаниш бўлган тадбирларни ўтказишни тақозо қиляпти.

Карантин ҳолатининг салбий оқибатларини камайтириш – ўша оқибатларга таъсирчан тоифаларни аниқлаш иши билан чамбарчас боғлиқдир. Ва, табиийки, бу рўйхатнинг биринчи қаторларига энг таъсирчан ижтимоий қатламларни қўйиш керак бўлади.

Биз дуч келиб турган вазият шундайки, бундай таҳлилни тез, деярлик бир лаҳзада амалга ошириб, ишга киришиш керак – бир сония ҳам ғанимат. Нега?

Карантин ҳолатида бир қанча тоифаларнинг ижтимоий ҳолати зарба остида қолади, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аммо бу ҳаммаси эмас – баъзи тоифаларнинг ҳатто ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Булар – қаровсиз қолган кексалар, ногиронлар – ўта ижтимоий заиф, номобил гуруҳ. Карантиндек фавқулодда ҳолатда бу инсонлар ҳаракатланишга қўйилган чекловлар сабабидан ўз қаровчиларидан қўққисдан ажралиб қолишлари, натижада, қаровсиз қолиб кетишлари мумкин. Бу эса қаровга муҳтож инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб қўяди.

Инчунун, карантин ҳолатининг салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирларининг биринчи ўринда турадиган йўналишларидан бири қилиб ўта тезкор тарзда мазкур тоифа кишиларни аниқлаш ва ҳолатини назоратга олиш деб белгилаш керак бўлади. Ва бу ишни пайсалга солиб бўлмайди – ўта тезкор ҳаракатлар зарур.

Мазкур тадбирларни ўтказишда тайёрланган (инструкцияланган ва керакли воситалар билан таъминланган) кўнгиллиларни (волонтёрларни) жалб қилиш, уларнинг шижоатидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади – бундай ҳолатда ҳар бир ижобий омилдан фойдаланмоқ зарур. Ҳолат шуни тақозо қилади.

Ҳар бир маҳалла раисининг фаолияти волонтёр кучлар билан қувватланса, ишлар биргаликда амалга оширилса, айни муддао бўлади.

Виждон чақириғи билан ҳаракатга келадиган волонтёрлик ҳаракатларидан фавқулодда ҳолатларда кўплаб бор фойдаланилган.   

Юқумли касалликнинг жамиятга қиладиган таҳдиди ўзининг салбий юкламасидан ташқари баъзи ижобий таъсирларига эга. Ижтимоий институтларнинг нуқсонларини очиб бериши – шулар жумласидан.

Биз ҳозир ижтимоий тузилмаларимиз, ижтимоий механизмларимиз қай даражада инсонга хизмат қилишга қаратилганини таҳлил қилсак бўлади.

Аммо бу таҳлилни кейин қиламиз, ҳозир – ёлғиз қолган кекса ва ногиронларни зудлик билан аниқлашимиз ва ҳолатини жамият назорати остига олишимиз даркор. Вақт ғанимат.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид