Жамият | 16:09 / 06.04.2020
87710
6 дақиқада ўқилади

Қумқўрғондаги жар ямлаётган қишлоқ: уйлар вайрон бўлишда давом этмоқда

Kun.uz 2019 йилнинг 3 июлида «Оққапчиғай»нинг оқтомликларга етказаётган талафоти: Қумқўрғонда бир қишлоқни жар ямламоқда» сарлавҳали мақола эълон қилган, унда Сурхондарё вилоятидаги бир қишлоқ аҳли дуч келган муаммо баён этилганди.

Мақолада Қумқўрғон туманидаги Оқтом қишлоғидан ўтувчи Оққапчиғай селгасидан оқаётган сел оқимлари тупроқни ювиб юбориб, жарлик ҳосил қилаётгани; тупроқлар ўпирилиб, тобора тураржойларга яқинлашиб бораётгани ҳақида сўз юритган эдик.

Айниқса, ўтган йилги талафот жуда катта бўлган. Серёғин келган баҳор ва селлар мавсумида жарлар ўпирилиб, одамлар истиқомат қилаётган уйларга жуда яқинлашиб қолган.

«50-100 йилдан бери бу селга 6 метрлик сой бўлган. Оққапчиғай каналидан сел суви қўйиб юборилавериб, тиниқ сув захлаб, тупроқни ювиб, емириб юборавериб мана шу аҳволга келди. Бу тупроқ емирилаверса, жар йўлидаги хонадонларни вайрон қилиб кетаверади», – деган эди оқтомлик оқсоқоллардан Сафарали Мансуров.

«Осмонга битта булут чиқса, мазамиз қочадиган бўлган. Ҳолимиздан бирор киши хабар оладими йўқми?» — деганди Ўғилой Юсупова.

«Келган масъуллар ҳужжатимиз йўқлигини, ноқонуний ўтирганимизни баҳона ва пеш қилишмоқда. 40 йил олдин бу ерлар инсон яшамайдиган, чангалзорлар эди. Оққапчиғайда сув чиққанидан кейин шу ерларни ўзлаштирамиз деб, биз келиб жойлашдик, обод қилдик. Ўша пайтлар нега ҳеч ким келиб огоҳлантирмадики, бу ерлар хавфли жой, деб. Энди кадастр ва эгалик ҳуқуқини сўрашмоқда», — девди Шавкат Саидов ҳамда Турди бобо Норов.

Ўшанда биз мазкур масала юзасидан Қумқўрғон тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Абдураҳимовдан изоҳ олган эдик.

«Туманимизда ўтган йили ҳам селдан катта талафот кўрилган эди. Ўтган йилгидек талафот юз бермаслиги учун жуда кўп ишлар амалга оширилди. Сел йўллари очилди, зовурлар қазилди. Бу йил ёғингарчилик аввалги йилга нисбатан анча кўп бўлгани билан деярли талафотсиз ўтказдик.

Оқтом қишлоғи масаласида гапирадиган бўлсам, бу жойлар азалдан хавфли ҳудуд бўлиб келган. У ернинг тупроғи қумоқ (суглинок) ҳисобланади. Озгина сув билан ҳам емирилиб, тупроқ кўчиш, жар ҳосил бўлиш хусусиятига эга. Боз устига, йилдан йилга сел келавериб, жарликларни емириб, кенгайтириб кетаверган.

Қолаверса, аҳоли у ерга ноқонуний жойлашган, шикоят қилаётганларнинг бирортасида эгалик ҳуқуқини берувчи ёки кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, биз хавфни бартараф этишга ёрдам берамиз.

Биз уларнинг айримларига хавфсиз ҳудудга кўчиш учун бошқа ер тақдим этганмиз. Лекин ўзлари кўчишни исташмаяпти.

Айни пайтда селгада ҳамон сув оқмоқда. Тупроқ нам. Биз техникаларимиз билан бориб қазиш ва тупроқни суриш ишларини амалга оширдик. Лекин техникалар лойга ботиб қолди. Июль ойида сув оқими тўхтайди ва селга туби қурийди. Шундагина ишга киришишимиз мумкин. Бу иш назоратимизда турибди. Туман ҳокимлиги қараб ўтирмайди. Ўша кўрсатилган жойда сув йўлига албатта дамба қурамиз», — деган эди Қумқўрғон туман ҳокими ўринбосари А.Абдураҳимов.

Мазкур қишлоқ аҳли яна бизга ўзларини қийнаётган масала бўйича мурожаат қилишди. Яна баҳор келган, яна селлар мавсуми бошланиб, хавфли ҳудудда яшовчиларнинг юрагига ғулғула оралаган.

Мурожаатчиларга кўра, ўтган вақт ичида туман ҳокимлиги ваъда қилинган ишларни бажармаган.

«Сизларга олдин ҳам мурожат қилиб эдик, орадан бир йил ўтди. Kun.uz мухбирлари келиб тасвирга олган жойларни ҳозирги кунда сув ювиб, катта жарликлар остида қолиб бўлди.

2019 йил июлдаги ҳолат

Бугунги ҳолат

«2018 йилдан бери мурожаат қилмаган ташкилот ё идорамиз қолмади. Ҳалигача на бизлар учун янги уй-жой қуриш учун ер, на компенсация пули берилди. Кун ўтган сари қатор турган уйлар бузилиб кетаяпти. Аҳоли эса ҳар бир хонадонда энг ками 2-3та оиладан яшашади, ҳозирги кунда 7-8 киши кимнинг уйига ҳам сиғарди.

Чиндан ҳам жуда қалтис аҳволда қолдик. Аҳоли қўни-қўшнининг уйида жойлашиб, кун кечиришга мажбур бўлиб турибди.

Биламиз, аҳолига шароит қилиб бериш матбуот ёки расмий каналларнинг ваколатига кирмайди, лекин бизни қийнаётган мавзуни яна сайтларингизга чиқариб, мутасаддиларнинг эътиборини жалб қилишни сўраб қолар эдик.

Биз ҳар доим тегишли давлат идораларига мурожаат қилганимизда улар томонидан бириктирилган ходим келиб вазиятни ўрганиб қайтишади, орадан ойлар ўтгач, натижа бўлмагандан кейин хабарлашсак, вазиятни ўрганган ходимлар Республикага ёки бошқа вилоятга бошқа юқори давлат идораларига ўтиб кетишган бўлади. Сиздан илтимос, бутун умидимиз сиздан», деб мурожаат йўллашган оқтомликлар.

Ҳа, айтганча, ерлик аҳолининг шикоятига асосан ҳудуддаги вазият Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ўрганилган. Натижада ҳақиқатан ҳам Оқтом қишлоғида гидрометереологик хавф юзага келгани, яъни шу қишлоқда жойлашган 5та хўжалик уйларига «Бойсун-Оққапчиғай» сел йўли яқинлашиб қолгани, мазкур 5та хўжаликни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш лозимлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган.

Шунга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вазирлик томонидан вилоят ҳокимлигига мазкур 5та хўжаликни хавфсиз ҳудудга доимий кўчириш юзасидан тақдимнома киритилгани айтилади вазирликнинг шу йил 7 мартдаги хатида.

Биз Сурхондарё вилоятидаги масъул давлат идораларидан вазиятга жиддий эътибор қаратишларини, Оқтом қишлоғидаги хавфли ҳудудда қолганларга ёрдам бериш йўлларини излаб, муаммони бартараф этишга қаратилган амалий чоралар кўрилишини кутиб қоламиз.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид