Жаҳон | 00:33 / 07.04.2020
52612
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсоннинг аҳволи оғирлашди. У интенсив терапия бўлимига ўтказилган

Коронавирусга чалинган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон соғлиги ёмонлашгани сабаб интенсив терапия бўлимига ўтказилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Жонсонда 26 март куни вирус аниқланган, 5 апрель куни Лондондаги Сент Томас касалхонасига ётқизилган эди.

Бош вазир офисидан маълум қилишларича, 6 апрель куни тушдан кейин унинг ҳолати ёмонлашган ва интенсив терапия бўлимига ўтказилган.

«Бош вазир мамлакатнинг биринчи вазири – Ташқи ишлар вазири Доминик Раабдан зарур ҳолларда унинг ўрнини эгаллашни сўради», – дейилади расмий хабарда.

The Guardian`нинг қайд этишича, 55 ёшли Борис Жонсон ҳушёр ҳолатда, шифокорларнинг қарори унга тезкор сунъий нафас олдириш зарурати туғилиши эҳтимоли билан боғлиқ.

Reuters`нинг қўшимча қилишича, бундан аввалроқ, бош вазирда пневмония кузатилмаяптими, деган саволга унинг матбуот котиби аниқ жавоб бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ҳукумати раҳбарининг касалхонага ётқизилиши унда коронавирус аниқланганидан кейин 10 кун ўтган бўлса ҳам, касаллик аломатлари йўқолмагани билан изоҳланган эди.

Душанба куни Бирлашган Қиролликда коронавирус юқтириб олганлар сони 50 мингдан ошди. Бор-йўғи 135 киши соғайган, қурбонлар эса 5300дан ортиқ.

Мавзуга оид