Ўзбекистон | 16:06 / 09.04.2020
80132
3 дақиқада ўқилади

Ҳозирги об-ҳавода экинларни қандай асраб қолиш мумкин? Вазирлик тавсия берди

9-12 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати -1 даражагача совуши ҳамда айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли прогноз қилинган. Шу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги деҳқон ва фермерларга бир қатор тавсиялар билан чиқди.

Вазирлик тавсиясига кўра, бу каби об-ҳаво шароитларида боғ-токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизилади, қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади. Бунинг учун боғ ва токзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м., баландлиги 0,5-0,75 м.дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйилади.

«Бунда дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектарда 100-200та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади, ҳаво ҳарорати кузатиб борилади.

Ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат цельсий бўйича +1 ё нолга тушиши билан, уюмлар тутатилади. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатилади. Совуқ бўлмаса, уюмлар ўғит сифатида фойдаланилади.

fkdvCVQnWTYuzOAQdVU1v3rJpHt_sSLb.jpg (800×499)

Шунингдек, мавжуд тутзор ва тут дарахтларини баргини асраб қолиш мақсадида атрофига маҳаллий гўнг ёки қуриган хас-хазонларни тўплаб тутатиш ва қондириб суғоришни ташкил этилади.

Эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил қилинади ва майдоннинг атрофини гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.

Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбири дугалар ўрнатиб, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпилади. Вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш хамда атрофини гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.

Иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатларини ва бодринг, полиз экинларини уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш зарур. Агар помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатлари экилган бўлса, кечки сув қўйиш ташкил қилинади ва майдоннинг атрофини гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади.

Ҳар бир далада ҳаво ҳарорати кузатилиб, ҳарорат сельсий бўйича +1 даражага тушиши билан уюмлар тутатилади», – дейилади тавсияда.

Қўшимча қилинишича, совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқ, ош лавлаги, карам ва кўкат каби экинларга -2-3 даража совуқ сезиларли таъсир этмайди.

Мавзуга оид