Жамият | 10:13 / 13.04.2020
45963
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 63 ёшли фуқарога оғир тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ижтимоий тармоқларда Самарқандда 63 ёшли киши уриб-дўппослангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди

Фото: Видеодан кадр

2020 йилнинг 29 март куни тахминан соат 02:30да 32 ёшли А.Т. Самарқанд шаҳрида жойлашган “Табиат-саховат” деҳқон бозори олдида жойлашган дўкон олдига келган.

Тергов департаменти хабарида айтилишича, у шу дўконда норасмий қоровул бўлиб ишлаган фуқаро 63 ёшли Х.М.га қорни очганлигини ва унга “хот-дог” тайёрлаб беришини айтган, аммо Х.М. унга дўкон карантин сабабли дўкон ёпиқлигини айтганидан сўнг у билан жанжаллашиб қолиб, Х.М.ни қўл ва оёқлари билан қасддан уриб-дўппослаб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро А.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича А.Т.га ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “в” банди (ўта шафқатсизлик билан, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид