Иқтисодиёт | 12:32 / 14.04.2020
22342
3 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «Тезроқ ЖСТга кириш, кейин эса ЕОИИ ҳақида ўйлаш керак»

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Коронавирусгача ва ундан кейинги жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон» мавзусида маъруза қилди ҳамда саволларга жавоб берди.

Фото: Global Look Press

Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га кириш истиқболлари ҳақида

– ЖСТга иложи борича тезроқ кириш керак. Бу ЖСТ ҳозирда муаммоларимизни ҳал қилишда ёрдам бера оладиган кучли ташкилот экани учунгина муҳим эмас, балки аввало ташкилотга кириш жараёни муҳим.

ЖСТга кириш учун ташқи савдо тармоғи фаолият юртадиган ўйин қоидаларини ўзгартириш керак. Ўйин қоидаларимиз жуда ёмон: божхона тўловлари юқори, эркин савдо учун сунъий тўсиқлар жуда кўп, жумладан нотариф тўсиқлар. Шунинг учун ЖСТга кириш жараёнининг ўзи тартиб-таомиллар, қоидалар ва савдо сиёсатини такомиллаштиришга ёрдам беради. Бу иқтисодиётимиз учун муҳим ва жуда фойдали. Шунинг учун ташкилотга қанчалик тез кирсак, ЖСТга киришни қанчалик фаоллаштирсак, иқтисодиётимизга шунчалик яхши бўлади.

ЖСТга киришнинг яна бир муҳим жиҳати – деярли барча мамлакатлар бу ташкилотга кириб бўлган. Унга кирмаган ташкилотлар - 20тадан ортиқ дунёнинг илғор бўлмаган иқтисодиётлари. ЖСТга кириш ишлаб чиқарувчиларимиз учун маҳсулотни экспорт қилишда янада кўпроқ имкониятларни беради. У ерда ҳозир мавжуд бўлган тўсиқлар ЖСТга аъзо бўлмаганлигимиз билан боғлиқ. Ўз-ўзидан, ана шу тўсиқлар ҳам бўлмайди.

ЖСТга кириш амалдорларимизнинг «импортни ўлдириш» борасидаги ҳаракатларини чеклайди. ЖСТга кирсак, амалдорларимиз божхона тўловларини оширолмайди, янги нотариф тўсиқларни эркин кирита олмайди.

ЕОИИга келадиган бўлсак, мен ҳар қандай тўсиқларни камайтиришга ёрдам берадиган исталган интеграция тарафдориман. ЕОИИга кириш ташқи савдо учун кўплаб тўсиқларни камайтиришга ёрдам беради. У эҳтимол мигрантларимиз билан боғлиқ вазиятни яхшилаш имконини бериши мумкин, бироқ бу ерда айрим баҳсли масалалар ҳам бор. Иқтисодий жиҳатдан, ЕОИИга кириш унга кирмасликдан кўра яхшироқ. Бироқ у ерда сиёсий муаммолар бор.

ЕОИИга кирсак, Россия ташқи сиёсатининг, у билан юзага келадиган барча можароларнинг асирига айланамиз. ЕОИИ тенг ҳуқуқли аъзолар ҳамжамияти ҳисобланмайди. У ерда ягона мамлакат ҳукмронлик қилади. Кўп қарорлар ана шу мамлакат истагига кўра, кўпинча сиёсий қарашлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Буни ҳисобга олиш керак. ЕОИИга киришнинг стратегик хавфи ана шунда.

Шунинг учун ҳам мен иложи борича тезроқ ЖСТга кириш, кейин эса ЕОИИга кириш ҳақида ўйлаш керак деб ҳисоблайман. Коронавирус бу жараёнларга қандай таъсир қилишини билмайман. Идеал кўринишда у кириш жараёнларини тезлаштиради. Умид қиламанки, у ЖСТга киришга халақит қилмайди. Бу жараённи тезлаштириш ва у билан шуғулланиш керак.

Тўлиқ суҳбатни «Ground Zero» нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид