Иқтисодиёт | 12:50 / 15.04.2020
85272
4 дақиқада ўқилади

Карантин май ойида ҳам давом этиши эҳтимоли анча катта – Жамшид Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда карантин чоралари май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли юқори эканини маълум қилди. Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг ЯИМи биринчи чоракда 4,1−4,4 фоиз атрофида ўсган, экспорт 11 фоизга, импорт эса 10 фоизга қисқарган.

«Жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият анчагина мураккаб, оғир десак ҳам бўлади. Масалан, куни кеча Халқаро валюта жамғармаси ўз прогнозларини эълон қилди. Прогнозга биноан жаҳон иқтисодиёти йил якунлари билан 3 фоизга қисқаради, яъни минус 3 фоиз. Агар пандемия билан боғлиқ карантин ва шу каби чекловлар 2-ярим йилликда давом этадиган бўлса, жаҳон иқтисодиёти қўшимча равишда яна қисқариши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.

Жаҳон банки ҳам ўз прогнозларини эълон қилди. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти режадаги 5,5 фоиз ўрнига 1,6-1,8 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.

Бу фақатгина талаб инқирози эмас, таклиф инқирози ҳам десак бўлади. Инқироз банклар ёки йирик мамлакатлар ҳукуматларининг айби билан вужудга келмади, худди табиий офатга ўхшаган жараён бўляпти.

Бу инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам бевосита, ҳам билвосита ўзининг таъсирини ўтказди ва ўтказмоқда. Чунки Ўзбекистон миллий иқтисодиёти ҳам сўнгги 3 йилда жаҳон иқтисодиётига ўз интеграциясини жуда кучайтирди. Бу бозор иқтисодиёти учун табиий ҳолатдир. Чунки экспортимиз, импортимиз кўпайди. Шунинг учун биринчи чоракнинг март ойида бошлаб миллий иқтисодиётга дунёда вужудга келган салбий жараёнларнинг таъсирини сеза бошладик. Аниқ ҳисоб-китобларимиз чиққани йўқ. Биринчи чорак бўйича ЯИМ 4,1-4,4 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Ўтган йили биринчи ЯИМ 5,3 фоизга ўсган эди. Худди шу каби саноатда ўсиш суръатлари 4 фоизни ташкил қилди. Экспортимиз қарийб 11 фоизга қисқарди. Импортимиз 10 фоизга камайди», деди Қўчқоров Банк-молия сектори брифингида.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда карантин чоралари май ойида ҳам сақланиб қолиши кутилаётганини айтиб ўтди.

«Олдимизда турган муаммолардан бири шуки – 2-чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутиляпти. Чунки кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам карантин билан боғлиқ чекловлар асосан апрель ойига тўғри келяпти ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта», дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У бугунги кунда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунга келиб, инқирозга қарши амалга оширилаётган чораларни 3та қисмда айтиш мумкин. Биринчиси, бу бевосита пандемия билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш. Яъни, бу янги карантин марказлари, янги касалхона қуриш, дори-дармон, тестлар сотиб олиш. Бу бўйича бирорта чеклов йўқ, уларнинг ҳаммаси тўхтовсиз амалга ошириляпти.

Иккинчи қисм чора-тадбирлар ҳақида гапирганда, бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Президентимизнинг фармон, қарорларига биноан болали оилаларга берилаётган нафақалар муддати чўзилди. Бунга тегишли маблағлар ажратилди. Ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун жамот ишларини ташкил қилиш учун қўшимча маблағлар ажратилди.

Умуман, бандлик, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди. Барча чора-тадбирларнинг амалга оширилишидан мақсад битта – аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишини юмшатиш, иккинчидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш. Шунинг учун сўнгги 1-2 кундан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бир қатор саноат корхоналари узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича чоралар кўриляпти», деди Қўчқоров.

Мавзуга оид