Ўзбекистон | 14:44 / 24.04.2020
179470
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди

19 апрель куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган бемор бугун Тошкент тиббиёт академиясида оламдан ўтди. Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 8 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусдан яна бир ўлим ҳолати ҳақида хабар берди. 

«Шу йилнинг 19 апрель куни Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида яшовчи Ф. (аёл) вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига ҳам олинган. Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 коронавирус инфекцияси аниқланган.

Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли тиббиёт клиникасига ўтказилган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир респиратор дистресс синдром, гипертония касаллиги иккинчи босқич, хавф 4, семизликнинг 3 даражаси бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, даволаниш давомида ҳамиша сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги  шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари  назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам  консилиумлар  ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларимизнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас, ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилигидан вафот этди», дейилади вазирлик хабарида.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1778тага етган, беморларнинг 8 нафари вафот этган, 598 киши соғайиб кетган.

Мавзуга оид