Ўзбекистон | 21:49 / 25.04.2020
8346
3 дақиқада ўқилади

Президент Халқ қабулхоналари: “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”

Бугун Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган аксарият мурожаатлар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобига тўғри келмоқда.

Шу сабабли, карантин даврида Халқ қабулхоналари олдида аҳоли мурожаатлари билан ишлашни узлуксиз, бир меъёрда ташкил этиш, долзарб муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва самарали ижросини таъминлаш пировард вазифа бўлиб турибди.

Ушбу мақсадда ҳар бир Халқ қабулхонаси қошида “Тезкор ишчи гуруҳ штаблари” тузилиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда аҳоли учун “ишонч телефонлари” ташкил этилди. Мазкур ҳамкорлик орқали кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган оилаларга хайрия ёрдамлари, озиқ-овқат, тиббий ёрдам, дори-дармон, электр, сув, газ таъминоти каби муҳим масалалар билан боғлиқ бўлган мурожаатларни қисқа муддатларда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Тезкор тиббий муолажани талаб этадиган мурожаатлар ҳам Халқ қабулхоналарининг алоҳида эътиборида. Мазкур ҳолатлар бўйича соғлиқни сақлаш бўлимлари билан ҳамкорликда фуқароларга ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Фуқаролар соғлиғи, айниқса, узлуксиз равишда ҳаётий зарур муолажалар олиш (гемодиализ, химиотерапия ва бошқа оғир касалликлар), дори-дармон истеъмол қилиш (диабет, эндокрин ва бошқа касалликлар) билан боғлиқ муаммолар ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ўтган давр мобайнида республикамиз бўйлаб Халқ қабулхоналари томонидан 45 мингга яқин мурожаатлар асосида фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар ажратиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат ва тиббий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва бошқа йўналишлардаги қатор муҳим масалаларда кўмакталаб оилаларга ёрдам кўрсатилди.

Фарғона вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларни яққол мисол сифатида келтирсак бўлади. Хусусан, вилоятнинг Фарғона, Ёзёвон, Қува каби қатор туманларида Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида сектор раҳбарлари, корхона-ташкилотлар вакиллари ҳамда Мўминжон Йўлдошев раҳбарлигидаги “Fergana-Oseana”, “Baxodir Log`on Tekstil” сингари кўплаб саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида минглаб қийин аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган юртдошларимизга кўмак кўрсатиляпти.

Жумладан, оғир аҳволдаги ҳар бир оилага ун, картошка, сабзи, пиёз, гўшт, шакар, гуруч ва ўсимлик ёғи етказиб берилди. Шу кунгача 800 та оилага 253 миллион сўм миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида етказиб берилди.  

Бу каби ишлар Президент Халқ қабулхоналари томонидан барча ҳудудларда тизимли давом эттириляпти. 

Мавзуга оид