Жамият | 21:20 / 29.04.2020
51964
8 дақиқада ўқилади

Карантиндаги «снослар». Янгийўлда 47та уй нега бузилишга тушди?

Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Бунёдкор» маҳалласида 7 гектардан ортиқроқ майдонда қад ростлаган 47та хонадон бузилиши режалаштирилмоқда. 28 апрель куни уйларнинг бир қисми яроқсиз ҳолга келтирилди. 

Ўзбекистонда карантин чекловлари эълон қилинганига қарамай, «Бунёдкор» маҳалласида қурилган аҳоли уй-жойларини бузиб ташлаш туман ҳокимлиги учун қийин бўлмади. Воқеага гувоҳларидан бири Шавкат Бобожоновнинг Kun.uz'га айтишича, жараён пайтида аҳоли томонидан қаршилик кўрсатиш имконияти ҳам йўқ эди. 

«Бульдозерлар овозини эшитиб ташқарига чиқдик, нотаниш шахслар ўтиб кетганини кўрдик, уларнинг ортидан югурдик. Қаршилик қилишимизга қарамай, туман ҳокими ўринбосари Азиз Акромов, туман прокурори Рашидов ишларга бошчилик қилди. Агар аҳоли қаршилик қилса, карантин тартибини бузиш важи билан қамалиши мумкин эди. Бунинг учун автобус ҳам келтирилганди. Бузилиш бошлангач, мутасаддилар саволларимизга жавоб қайтармай машинага ўтириб, индамай кетиб қолишди», дейди Бобожонов. 

Шавкат Бобожонов

28 апрель куни тушдан сўнг бузилган уй-жой олдида туман ҳокими ўринбосари Азиз Акромов ҳамда аҳоли вакиллари суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дилрабо Холбоева ва Расул Кушербаев ҳам иштирок этди.

«Бу ердаги аҳоли ўтган йил бошларида мурожаат билан менга чиқишганди. Мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлдики, туман ҳокими қарори билан 2003-2005 йилларда «Янгийўл» ширкат хўжалиги ҳисобидан аҳолига ер ажратиб берилган. Уларнинг бир қисми ўз вақтида қурилиш қилган, бошқалар қилмаган. Орадан кўп вақт ўтиб, бу ерлар суғориладиган ер экани, қурилмалар эса ўзбошимча амалга оширилгани ҳақида важ пайдо бўляпти. Ҳокимлик билан мулоқотда бўлганимда аҳоли қўлидаги қарор ва бошқа ҳужжатлар сохта экани айтилди. Аммо архивдан олган маълумотимга кўра, ҳужжатлар қонунийлиги маълум бўлди.

Шундай кейин, менда шубҳа пайдо бўлди: агар бу ҳужжатлар сохта бўлиб, ўзбошимча қурилиш қилинган бўлса, ўтган йиллар давомида сўрови бўларди-ку? Умуман, ўзбошимча сўзини буларга нисбатан қўллаш нотўғри-ку? Негаки, булар қонуний ажратилган ерга бино қурган», дейди депутат. 

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, фуқаролар суғориладиган унумдор қишлоқ хўжалиги майдонига уй-жой қуриб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказган. Бундан ташқари, уларнинг тасарруфидаги ҳужжат ҳам сохта экани иддао қилинди. 

«Бу жойлар бўйича икки йил ичида ўрганишлар бўлди. Огоҳлантиришимизга қарамасдан, аҳоли ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштирмоқда. Яқин-яқингача бу ер боғ эди. Қайсидир мансабдор шахс манфаатиданми, бу ер фермерга бириктирилмай қолган. Аҳолининг уй-жой қуришига эса шароит яратиб берган. Ўрганишлар давомида тўпланган ҳужжатлар прокуратурага топширилган, шу юзасидан жиноят иши очилган», дея маълумот берди у. 

Азиз Акромов

Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, 47та уй-жой эгаси давлат раҳбари эълон қилган ўзбошимча қурилишга бир марталик афв эълон қилиш акциясида иштирок этиш учун ариза топширганди.  

«Аризалар бўйича ижобий хулоса тақдим этиб, нима учундир кадастр идоралари ҳам имзо қўйган, архитектор ҳам имзо қўйган. Бу ҳудудни яхши билганим учун, аризалар билан алоҳида шуғулландик. Туман бош архитекторининг маълумоти билан бу ерда қурилган уй-жойларда яшаш учун минимал шароитлар ҳам йўқлиги тасдиқланган. Демак, яшаш шароити бўлмаганда, аризалар рад этилиши керак эди», дея қўшимча қилди у.

Туман ҳокими ўринбосари назарда тутган, айни пайтда бузилган уй-жойларда яшаш шароити аслида қандай бўлганини аниқлашнинг имкони бўлмади. Аммо аҳоли таклифи билан бошқа хонадонни кўздан кечирдик. Уй эгаси оила аъзолари билан яшаш учун барча шароит борлигини айтиб, Акромовнинг гапидан ҳайрон қолаётганини яширмади.

«Бундан ортиқ қандай шароит керак? Мен архитекторнинг уйида қандай шароит бор, билмайман. Бориб кўришим керак, шекилли», дейди уй соҳиби. 

Туман ҳокими ўринбосари «суғориладиган ерда ўзбошимча қурилган уй-жой», дея таърифланаётган биноларни бузиш учун суд қарорини кутмай ҳаракат бошлаб юборган.

«Нима учун суд қарорини кутмадик? Сабаби – судга бериш учун фуқарони огоҳлантириш керак. Биз уларни бир неча марта огоҳлантирдик. Мутасаддилар қурилманинг эгасини тополмади. Демак, суд фуқаронинг огоҳлантириш хати олгани ё ундан бош тортгани ҳақида далолатномани қабул қилмаса, ишни кўриб чиқмайди. Шунинг учун биз мажбур бўлдик. Аслида колхознинг қарори шу ҳудудда яшаган, ишлаган ходим ва унинг яқин қариндошлари номига чиқарилганди. Бугунги кунда, бу қарорлар колхозга алоқадор бўлмаган шахсларга ҳам чиқарилгани аниқланди. Иш шу даражагача бордики, архив ҳужжатларини ҳам тўғрилаб қўйишмоқда», деди Акромов. 

Туман ҳокимлиги вакили бузилган уйларда одам яшамагани учун «снос» карантин вақтида бошланганини таъкидлади. Шунингдек, ўзбошимча қурилишни афв этиш акциясида берилган ижобий хулосага Азиз Акромовнинг ўзи ҳам имзо қўйганига жўяли изоҳ берилмади. Акромовнинг ўзи хулосага имзо қўйган мутасаддиларни ишига масъулиятсизлик билан қараганини таъкидлаб, уларни айблади. 

Кушербаевнинг айтишича, масаланинг тугуни – аҳоли ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгач, бино қурганми ё йўқ? Уларнинг қўлидаги ҳужжат ўз вақтида қонуний тайёрланган бўлса, ўзбошимчалик исботини топадими? Бу мунозарани суд кўриб чиқиши, ҳар икки томонинг даъвосини ўрганиб, ҳал қилувчи қарор чиқариши лозим. 

Акромов бинолар ўзбошимча қурилганини исботлаш учун Google Earth орқали олинган суратларни илова қилганини айтса-да, яна қайси ҳужжатлар «снос»га асос бўлганини айтмади. 

Туман прокурори Музаффар Рашидов эса аҳоли уй-жойини бузиш учун бошқа асос ҳам мавжудлигини айтди.

«Агар аҳоли учун ер қонуний ажратилган тақдирда ҳам, улар бино ростлаш учун белгиланган муддатда қурилиш қилмаган. Суғориладиган ерга ўзбошимча қурилиш қилганидан ташқари, улар қонуннинг бошқа талабини ҳам бузишган», дейди у.

«Бу ерда мақсад одамларга ёрдам бермаслик бўлса, икки йил ичида қурилиш қилмагани важи билан барча қарорни бекор қилиш мумкин. Одамларга енгиллик қилиш жиҳатидан қаралса, бундай бўлмаслик керак. Агар шундай ёндашув бўлса, Янгийўл бўйича барча қарорларни кўриб чиқсак, қанча одам қурилишни қанча муддатда тугатди? Буларга келганда пластинка тескари айланиши адолатсизлик. Улар ҳужжатларни ноқонуний олмаган-ку, айланиб келиб, энди вақтида қурмаган, деган важ келиб чиқяпти», дейди депутат Кушербаев.

Суҳбат сўнгида туман прокурори Музаффар Рашидов масалага ечим таклиф қилиб, қуйидаги фикрни билдирди: «Уларда ерга эгалик ҳуқуқи ҳалигача йўқ. Уларга ерни хўжаликдан фойдаланиш учун бириктириб берайлик. Ҳозир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириб, оиласи ва жамиятга фойда келтирсин».

Музаффар Рашидов

Аслида озиқ-овқат хавфсизлиги важи билан тортиб олинаётган ерга жами 12 миллиард сўм қийматдаги парк ва сайилгоҳ каби бино-иншоотлари қуриш режалаштирилгани ҳақида маълумот мавжуд. Жорий йил февралига қадар ишлаган туманнинг собиқ ҳокими Тўхтабоев собиқ прокурор Раимовга юборган хатида буни баён этган. Шу туфайли, уй-жой бузилиши зарурлиги айтилган. Аммо амалдаги прокурор ва туман ҳокими бунда бехабар эканини айтиб, аввалги режаларни инкор этди. 

Айни мақолада воқеалар силсиласини келтириб, хулоса қилишни ўқувчига ҳавола этилади. Биз жараёнларни кузатамиз ва масалага қайтамиз. 

Алишер Рўзиохунов
Тасвирчи: Дониёр Ёқубов

Мавзуга оид