Жаҳон | 12:11 / 02.05.2020
68807
2 дақиқада ўқилади

Қосим-Жомарт Тўқаев Дариға Назарбоеванинг сенаторлик ваколатларини тўхтатди

Фото: senate.parlam.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат сенати депутати Дариға Назарбоеванинг ваколатларини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. У Қозоғистон парламенти юқори палатасининг спикери ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизидир. Бу ҳақда республика раҳбарининг сайтида хабар берилган.

Назарбоева Тўқаев ҳокимият тепасига келганидан кейин, 2019 йил 20 мартда Қозоғистон парламенти сенатининг раиси этиб сайланди. 2 сентябрда у ушбу лавозимга қайта тайинланди.

Қозоғистонда сенатни яширин овоз бериш орқали сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланган раис бошқаради. Сенат раиси лавозимига номзодни Қозоғистон президенти сенат депутатлари орасидан тақдим этади. Шу тариқа, Дариға Назарбоева энди Қозоғистон Республикаси парламентининг сенатини бошқармайди.

Дариға Назарбоева 1963 йил 7 майда Қарағанда вилояти Темиртау шаҳрида туғилган. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва Киров номидаги Қозоғистон давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Сиёсий фанлар доктори, тарих фанлари номзоди.

2016 йил 13 сентябрь куни Дариға Назарбоева сенат депутатига айланган.

Мавзуга оид