Жамият | 13:33 / 04.05.2020
20886
14 дақиқада ўқилади

Саховатда ўтган умр ёки қорақалпоқ Ҳотамтойи

Куба президенти Фидель Кастро Рус тан олган, Россия эстрада юлдузи Алла Пугачёва таъзим қилган, украиналик ака-ука боксчи Кличколар отаси сифатида кўрадиган, саховатпешалик бўйича дунёга донг тарқаган қорақалпоғистонлик Алланияз Утениязов ҳақида эшитганмисиз?

Ҳа, бир вақтлари хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бу инсон ҳақида кўп ёритилди, лекин унинг феномени ҳали тўла ўрганилмади.

Алланияз Утениязов 1936 йилда Қорақалпоғистоннинг Кегейли тумани Қазаяқли қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. 1950 йил охирларида Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг роман-герман факультетининг инглиз тили йўналишида таҳсил олган. Унинг номи талабалик йилларидан чиқа бошлади. Пахта йиғим-терим пайтида бир кунда 400 килогача пахта (бу тасдиқланган факт), 1 минг 200 килогача пахта ғўзасини терган Алланиязга “комбайн” деб ном беришди. Бошқа энг илғор теримчи деганларнинг ўзи бир мавсумда 2,5-3 тонна пахта терса, Алланиязнинг марраси 12-15 тонна бўлди. Терилган пахта учун берилган пулларни у хайрия ишларига сарф қиларди.

У биринчи курсни тугатгандан кейин ёзги таътил пайтида қишлоғидаги Қурбаниязовлар оиласига уй қуриб берди. Бу унинг биринчи марта қурган уйи эди. Хизматига ҳеч қанақа ҳақ олмади.

1962 йилда институтни тамомлаб ўз қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабида инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлаб, 42 йил давомида дарс берди.

Фидоий устоз ўқувчиларга дарс ўтиш билан бир қаторда қишки ва ёзги таътил пайтларида ёлғиз бошли, ёрдамга муҳтож 42 нафар қарияга уй қуриб бериб, бу меҳнатлари учун бир сўм ҳам ҳақ олмаган. Шунингдек, у битта ўзи 2 та мактаб, 2 та акушерлик пункти, 2 та болалар боғчаси ва битта кутубхона қурди. Ундан ташқари 174 та хонадоннинг уйларини капитал таъмирлаган. Ҳамма қурган уйлари учун шахсан ўзи ҳеч қандай техникаларнинг ёрдамисиз 860 минг дона ғишт қуйган. Бу ишларининг барчасини бепул, битта ўзи амалга оширган.

Алланияз Утениязов ҳақида Ўзбекистондаги деярли барча газета-журналларда мақолалар чоп этилди, телевидение ва радиоларда тинмасдан тарғиб қилинди. Собиқ Иттифоқдаги кўп ададли “Правда”, “Комсомольская правда”, “Семья” ва бошқа нашрларда қатор мақолалар чоп қилингандан кейин уни бутун дунё таний бошлади. Хусусан, “Правда” газетасининг 1985 йил 29 сентябр сонида чоп қилинган “Лик доброты” (муаллифи халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тулепберген Қаипбергенов) мақоласидан сўнг Алланияз Утениязов номига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар оқилиб кела бошлади.

Шу пайтдаги Куба давлати раҳбари Фидель Кастро Рус: “Сиз ўз инсонийлик меҳнатингиз билан барча одамзод боласидан жуда юқори турасиз. Бу ишларингиз ёш авлодларни тарбиялашда намуна бўлади. Мен сизга тан бераман...” деб ёзди. Россия эстрада примадоннаси Алла Пугачёва: “Сизнинг холис хизматларингиз мен учун ибрат, миннатдорман. Сиздек одамнинг юртимизда бор эканлигига қувонаман. Халққа бепул қилган меҳр-шафқатингиз олдида таъзим қиламан...” деса, машҳур Муслим Магомаев: “Муҳтарам, муаллим. Сизни ва оила аъзоларингизни 1 май байрами билан чин дилдан қутлайман. Сизга теран соғлик тилайман. Ўзингизнинг хайрия-саховат ишларингизни, бор ақл-истеъдодингиз билан давом эттира бергайсиз. Сиз XX асрнинг Прометейисиз... (Прометей олов ўғирлаб одамларга яхшилик кўрсатган юнон мифологик қаҳрамони)” деб энг илиқ дил сўзларини изҳор этиб телеграмма йўллаган.

Аргентиналик миллионер Сапун эса ўз мактубида: “Менинг қўл остимда 4 минг киши ишлайди. Аргентинада энг бой одамлардан бириман. Хусусий мол, парранда фермаларим, фабрикаларим бор. Лекин, менинг бойлигим сизнинг бойлигингиз қошида чирик дунёдир. Сизнинг инсонийлик маънавий бойлигингиз ҳеч қачон ўлмайди, чиримайди, мангу қолади. Сизнинг қилган хизматингиз дунёда катта янгилик бўлди. Ўқиб кўриб, ҳайрон қолдим. Менга катта туртки бўлди. Мен ҳам хайр-саховатли бўлишга бел боғладим. Менинг сизга учта саволим бор. Шунга жавоб беришингизни илтимос қиламан:

1. Бу ишларни ўз хоҳишингиз билан амалга оширасизми ёки биров ишла деб айтадими?

2. Сизда қандай куч бор?

3. Маҳаллий аҳоли бу ишларингизга қандай қарайди?” деган.

Икки карра собиқ Кенгашлар Иттифоқи Қаҳрамони А.Рязанов: “Ўқитувчилар қурултойига келсанг, болангни ҳам ола кел. Бизнинг хонадоннинг эшиги сиз учун ҳамиша очиқ” деб, хатига жавоб ёзишни сўраса, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко: “Сизнинг халқингизга қилган хайрли ишларингизни эшитиб, биз жаҳон рингидаги ғалабаларимиз ҳақида айтишга ор қиляпмиз. Сабаби сиз 30-35 йил ўз ҳаётингиз давомида қандай қилиб бўлмасин ожиз ва камбағал кишиларга ёрдам қиляпсиз. Биз эса ўз “ишимиз”да 30-35 минут рақибимизни дўппослашимиз керак. Айнан шунинг учун, укам Владимир билан бирга сизни отамиз сифатида кўрамиз. Сиз биз учун идеал одамсиз. Мен ҳар доим рингга жангга чиқишдан аввал сизни тасаввур қиламан ва Сизга ишонаман. Шу пайтда ўзимга куч-қувват тўплагандек сезаман ва ғолиб бўламан” дейди.

Бу плакат бир вақтлар Ўзбекистон бўйлаб тарқатилган. Унда уйлари қуриб берилган одамлар ва қаҳрамоннинг ўзи тасвирланган

Жами миқдорда Алланиз Утениязов номига дунёнинг ҳар хил давлатларидан 1500 дан ортиқ мактуб келган. Уларнинг барчасига жавоб ёзган.

* * *

Алланияз Утениязовнинг ишлари 1963 йилдаёқ давлат раҳбарларининг эътиборини тортади. У пайтда Иттифоқни Н.Хрушёв бошқариб турарди ва маккажўхори экиш авжига чиққан эди. Алланияз Утениязов биронта кимёвий ўғит қўлланмасдан маккажўхорини 5-6 метргача ўстирган, ҳар донасидан мўл ҳосил олган. Бу бутун иттифоқдаги рекорд кўрсаткич бўлган. Унинг қилган ишлари Шароф Рашидовнинг қулоғига ҳам етиб борган.

Алланияз ота ҳақида ёзилган “Алланияз Қаҳарман – адамгершиликтиң жоқарғы шыңы” (Алланияз Қаҳрамон – инсонийликнинг юксак чўққиси) китобида (муаллифи Элиза Даулетмуратова ва Алламберген Даулетмуратов) шундай қизиқарли маълумот берилади:

“Алланияз ҳаттоки мактабдан олган маошини ҳам камбағал оилаларга ишлатиб юборган. Унинг турмуш ўртоғи ҳам ўзига ўхшаш раҳмдил инсон бўлган, эрининг ишларини доимо қўллаб келган.

Маккажўхори бўлиқ бўлгандан кейин шу пайтдаги Қорақалпоғистон обкомининг биринчи котиби Қаллибек Камалов, Москвадан, Тошкентдан мухбирлар тез-тез келиб турарди. Улар қурилган уйларни, далаларни суратга оларди.

Бир куни макка даласига Шароф Рашидов келди ва маккани кўриб, Алланияздан “бунга қанча азот берасиз?”, деб сўради:

- Азот топиш қийин, мол гўнги бераман. Анави чуқурни гўнг билан тўлдираман. Шаҳардаги саночистка машиналари гўнгни қумларга олиб бориб тўкмоқда, шулар билан келишиб чуқурнинг ичини тўлдириб, устидан маккага сув қочираман. Қарабарақ деган ўсимлик шўр ерда ўсади. Чуқурга шуни ташлайман. У гўнгни тезда чиритиб, кўпиртириб чиқартиради. Бунинг таркибида азот ва калий тузлари бор. Ота-боболаримиз совун бўлмаган замонда кийимларни шу ўсимликнинг сувига ювган, — деганда Шароф Рашидов лол қолиб, жуда миннатдор бўлади.

– Сени туғган ота-онангга раҳмат. Ота-онанг борми?

– Уйимда ёлғиз онам бор. Отам фронтда ҳалок бўлган.

– Онангга салом берайлик. Онангни кўрсат, — дейди Шароф Рашидов.

– Уйим шу овулда, таъмирталаб. Қўлим тегмаяпти. Ўзим ғариб инсонларга бепул уй қуриб беряпман, — дейди Алланияз.

Сўнг Ш.Рашидов уйига бориб, онасига салом беради.

– Бу йигит уйига қарамас экан. Бошқаларга уй қуриб юриб, ўз уйига вақти бўлмас экан. Унда Алланиязовга ўзинг уй қуриб бергин, — деб Қаллибек Камаловга топшириқ беради.

Шу воқеадан кейин Алланиязнинг эккан маккасини кўриш учун Хоразм, Бухоро вилоятларидан одамлар кела бошлайди. Шу ерда кўргазма ташкил қилинади. Санъаткорларнинг ҳам изи узилмайди. Машҳур хонанда Комилжон Отаниёзов ҳам Хивадан келиб концерт уюштиради.

1964 йилда Хрушёв ишдан бўшайди, маккажўхори масаласи ҳам секин муҳимлигини йўқота бошлайди. Шу пайтда колхоз раиси “энди макка экмаймиз, помидор экамиз” деб Алланиязнинг 40 гектар ерини олиб қўяди. Колхоз раиси ундан хафа экан. Сабаби, Шароф Рашидов келган пайтда у колхоз раисига хабар қилмаган экан. “Ҳеч бўлмаса 5 гектар ер беринг, мен ҳам помидор экай” деса ҳам айтганини қилмайди. “Борадиган ерингга бор, сенга ер йўқ” деб пўписа қилади.

Кейин Алланияз горкомга боради, у ерда ҳам “помидорни колхоз ишчилари экади, сен мактабинг билан бўла бер” деб қайтаради. Қаллибек Камалов у пайтда овулда бўлмайди. Алланияз энди бир мадад Рашидовдан, деб Тошкентга боришга аҳд қилади ва мактаб директоридан рухсат сўраса, у туман халқ таълими бўлимидан сўра, дейди. Туман халқ таълими бўлимига келса улар ҳам рад этади. “Агар Тошкентга кетсанг, ишдан ҳайдаласан” деган жавоб эшитади.

Сўнг таваккал қилиб, Тошкентга учади. ЎзЛКСМнинг биринчи котиби Р.Абдуллаевнинг олдига боради. Абдуллаевни у доим йиғилишларда кўрарди. У ҳам буни яхши танирди. Унга масалани тушунтиради. Абдуллаев Алланиязни республика раҳбарининг олдига олиб киради.

Ш.Рашидов яхши кутиб олади. Аҳволларини, маккани сўрайди. У барини айтади, ерини олиб қўйганини ва помидор экиш учун бермаётганини ва ҳоказо.

Рашидов дарҳол гўшакни кўтариб Қ.Камалов билан гаплашади:

– Менга одамлар амал, машина сўраб келарди. Алланияз Утениязов эса ер сўраб келди. Деҳқончилик қилмоқчи. Қорақалпоғистонда ер озми? Унинг деҳқончилик қилиш қўлидан келади. Нима, унда энди унинг тажрибасини Фарғонада қўллайликми? – дейди.

– Менинг бундан хабарим йўқ эди, ер берамиз. Шароитини ҳам қилиб берамиз. Ўтган йили уйини қуриб бердик, — дейди Қ.Камалов.

Сўнг гўшакни ўрнига қўйиб:

– Алланияз, сенга раҳмат, ер беради. Меҳнатингни кўрсат халққа. Биз сиздек ёшларни қадрлаймиз, Ишинг ҳал бўлди, энди қайтавер. Омад ёр бўлсин, — дейди.

– Мен уч кун дарсдан қолиб кетдим. Рухсат сўрасам, жавоб беришмади. Мени туман халқ таълими бўлими, мактаб директори ишдан бўшатган бўлса ҳам керак, — дейди.

– Бўшатмайди. Мана бу қоғозни туман халқ таълими бўлими бошлиғига кўрсат, — деб ўзининг визит карточкасини беради.

Эртасига мактабга борса, ишдан бўшатилганлиги ҳақида буйруқни коридорга илдириб қўйишган экан. Туман халқ таълими бўлимига борса, ишдан бўшатилдинг, дейди. “Мен Тошкентга бордим. Шароф Рашидовнинг олдига кирдим” деса ишонмайди.

Қайтанга “Рашидов сени нима қилсин? Унинг сендан бошқа иши йўқ эканми?” деб калака қилади.

Сўнг визит карточкасини кўрсатганда, туман халқ таълими бўлими бошлиғининг кўзлари хонасидан чиқиб кетай дейди ва ўзи мактабга келиб, директор билан гаплашиб буйруқни бекор қилдиради. Кейинчалик колхоз ер ҳам берди. Полиз экади. Помидорлар косадай униб чиқади.

* * *

Олийжаноб инсонни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам қадрлаган. “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида уни Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Чўлпон, Фитрат ва бошқа буюклар қаторида кўради.

Шунча ишларни бажариб юрган Алланияз мактабдаги дарсларини бирон маротаба бўлсаям қолдирмаган. Ҳаттоки, бир вақтлари туман мактабларида инглиз тили фани ўқитувчиси етишмай қолган. Шундай пайтларда ораси 4-5 км келадиган 3 та мактабларга қатнаб ишлашига тўғри келган ва у буни доимо уддалаб келган. Яна мактаблар орасига пиёда қатнаган. Мана шу касбида у 42 йил фаолият юритган.

Алланияз Утениязов бутун умри давомида қўли меҳнатдан бўшамади. Фақат 2001 йилда бир мартагина Фарғонага санаторияга борган. Унда ҳам туман ҳокими тезда чақиртириб олган. Сабаби уни “Ўзбекистон Қаҳрамони” юксак давлат мукофотини топшириш маросимига қатнашиш учун Президент девонидан излашаётган эди.

Унинг ҳаёти давомидаги қилган ишлари юксак ибрат намунасидир. Агар унинг ҳаёти давомида амалга оширган хайр-саховат ишлари ҳужжатлаштирилиб тегишли органларга топширилганида у халқаро мукофотларга ҳам сазовор бўлиши мумкин эди. Лекин, шахсан ўзи қилган ишларини кўз-кўз қилишни умуман ёқтирмаган.

2000 йилда Қорақалпоғистонга оғир келди. Ҳудудда экологик қийинчилик, сувнинг етишмовчилиги юзага келган бир пайтда у 15 гектар майдонда “Саховат” номли боғдорчилик фермер хўжалигини ташкил қилди ва унда ҳар хил мева, полиз маҳсулотларини етиштирди. Сувсизлик пайтида каналнинг тубида қолган сувларни қўлда ташиб боғдаги экинларини суғорди. Ундан олинган маҳсулотларни меҳрибонлик ва мурувват уйларига бепул тарқатди. Боғ ҳозирда унинг болалари томонидан парваришланиб келинмоқда.

Алланияз Утениязовнинг хизматлари ҳукумат томонидан юксак баҳоланди. У “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси“, “Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган ўқитувчи”, “Ўзбекистон селекционери“, “Меҳнат қаҳрамони“ орденлари билан тақдирланган. 2001 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди.

Алланияз Қаҳрамон ортида ўлмас буюк мерос қолдириб 2006 йилда вафот этди. Унинг исми ҳамиша ғурур билан тилга олинади. Биз учун Алланияз исми саховатликда ҳотамтойга тенгдир.

Есимқан Қанаатов, ЎзА мухбири, Қорақалпоғистон.

Мавзуга оид