Ўзбекистон | 18:56 / 08.05.2020
10320
9 дақиқада ўқилади

Чуқур инқироз ёқасидаги туризм: уни қутқаришнинг чораси борми? — Беҳруз Ҳамзаев билан суҳбат

Kun.uz пандемия шароитида турли соҳа вакиллари билан онлайн интервьюларини давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз – World Influencers Network (Халқаро инфлюенсерлар тармоғи) асосчиси Беҳруз Ҳамзаев.

Беҳруз Ҳамзаев Ўзбекистонда туризм соҳаси билимдонларидан бири сифатида танилган, бир муддат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган. Суҳбат давомида коронавирус пандемиясининг туризмга таъсири, хусусий сектордаги вазият, онлайн туризм, соҳадаги ишсизликка барҳам бериш учун инновацион ечимлар, авиация бозоридаги ҳолат каби қатор мавзуларда сўз борди.

Туризм – пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири

– Туризм 10 йил давомида фақат ўсиб келаётган соҳа бўлиб келди. Ҳар ўнинчи ишчи ўрин туризм билан боғлиқ ва у асосий даромад олиб келувчи соҳалар ичида 3-ўринда туради. Жаҳон туризм ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунё туризми пандемия туфайли 1 трлн. доллари атрофида зарар кўради.

Бу соҳада 100 миллиондан ортиқ аҳоли банд эди ва улар ҳозир ишсиз. Туризм ўз ўрнига қайтиб келиши учун 18 ой муддат талаб этилади. Вакцина пайдо бўлгунча инсонлар саёҳат қилишдан воз кечишади.

Яқинда хабар ўқидим: Аргентина сентябрь ойигача хорижга парвозларини тўхтатди. Пандемиядан кейин туризм умуман бошқача тус олади.

«Қайта ўнгланиш учун беш йил кетиши мумкин»

– Туризм асосан мустақил кичик бизнес эгаларидан ташкил топган соҳадир. Авиақатновлар ва меҳмонхоналар тизимлари шулар жумласидандир. Туризмнинг жадал суръатларда ривожланишида авиачипталарнинг арзонлиги муҳим роль ўйнаган. Авиақатнов – туризмни юргизувчи двигателдир. Шу сабабли ҳукуматлар авиацияга ёрдам бериш орқали туризмни қутқаришга уринмоқдалар.

Мавжуд авиакомпанияларнинг 50 фоизи банкротликка учраши мумкин.

Иккинчиси – меҳмонхоналар бўлиб, уларга қайсидир маънода ҳукумат ёрдам бериши мумкин. Ривожланган давлатларда «bailout» тизими бор, унда маълум соҳаларга инқироздан чиқиб кетиши учун ҳукумат томонидан молиявий ёрдам берилади. Масалан, солиқ имтиёзлари, ходимларга вақтинча ойлик тўлаш кабилар. Туризмда кўпчилик – ўзини-ўзи банд қилувчилардир. Биргина гидларни оладиган бўлсак, Ўзбекистонда улар ишсиз қолишди. Бошқа давлатларда ҳам шундай. Лекин Ўзбекистонда бу вазият қийинроқ, чунки Ўзбекистонда бу касб мавсумий бўлиб, баҳор ва кузда ишлашади.

Бунинг натижасида гидлар ўз касбидан воз кечиши мумкин. Бошқа соҳаларга ўтиб кетиш эҳтимоли катта. Ўзи бизда гидларга эҳтиёж катта эди. Пандемиядан сўнг бу янада ошади.

Туризм хизмат кўрсатувчи соҳалар тармоғи бўлгани сайёҳларга хизмат қилиб келган кафе, ресторан ва меҳмонхоналар ҳам катта зарар кўради. Яна қайта ўнгланиш учун бизга яна 5 йил керак бўлиши мумкин.

«Ўзбекистонга энг кўп келувчи хорижий сайёҳларнинг икки тоифаси оқими кескин камаяди»

Беҳруз Ҳамзаев

– Ўзбек туризми структураси тубдан ўзгариши керак ва табиийки, мавжуд шароитга мослашиб боради. Туризм аввалгидай бўлади, деганлар адашади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ташкилот сифатида янги қоидалар бўйича иш олиб бориши керак. Пандемиядан сўнг ҳозирги иш услуби билан умуман ишлаб бўлмайди.

Шу пайтгача Ўзбекистонга келадиган сайёҳларнинг катта қисми кекса ёшдагилар эди ва уларнинг коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори. Ундан ташқари, бундай тоифадаги сайёҳлар Ўзбекистонга якка эмас, гуруҳ бўлиб ташриф буюришган – яқин истиқболда эса гуруҳ бўлиб тўпланиш тавсия этилмайди. Ўзи энг зўр яхши туристлар – қариялар эди, чунки улар гуруҳ бўлиб сайр қилишади ва кўпроқ харажат қилишади.

Ўзбекистонга энг кўп келадиган сайёҳларнинг иккинчи тоифаси – бекпекерлар, яъни ёш сайёҳлар эди. Бу тоифа сайёҳлар жуда кам харажат қилишади, харажатларини тийин-тийинигача ҳисоб-китоб қилишади. Пандемиядан кейин сайёҳат қилиш нархи қимматлашади, натижада бу тоифа сайёҳлар ҳам келмай қўяди.

Чунки илгари Ўзбекистонда 1 ҳафта саёҳат қилиш 2000 доллар бўлган бўлса, энди у 2 бараварга ошиб кетиши мумкин. Ижтимоий масофа талабларига риоя қилган ҳолда самолётларда 9 кишилик жойда 1 киши жойлашади ва чипта нархи ҳам ошиб кетади. Келаси 18 ой ичида самолёт орқали учадиганлар бой сайёҳлар бўлади.

«Ички туризм стимул вазифасини бажариши мумкин»

– Бизнес саёҳатлар ҳам тезда ўнгланади, чунки ишни юргизиш учун ҳаракат қилиш лозим. Ички туризм ҳам оёққа туриб олиши мумкин. Карантиндан чиқиб олганимиздан сўнг мамлакат ички қисми очилади. 34 миллион аҳолига эгамиз ва улар қаергадир саёҳат қилишади, хорижга саёҳат қилмоқчи бўлиб маблағ йиғиб қўйганлар бор. Уларда пул бор, шунинг учун ички туризм инфратузилмасини яхшилаб қўйсак, даромад олина бошлайди.

Демак, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси келаси 18 ой ичида ички туризмга бор эътиборини қаратиши зарур бўлади. Кафе, ресторан, кичик меҳмонхоналар ёпилиб қолмаслиги, туризм мутахассислари бошқа ишга ўтиб кетмаслиги учун ички туризм кичик бўлса-да, стимул вазифасини ўташи мумкин.

«Яна бир йўл – Ўзбекистонни бой сайёҳлар келадиган манзилга айлантириш»

– Яна бир таклиф – туризмни диверсификациялаш. Бизда чипта нархи қиммат, бошқа мамлакатлар учун Ўзбекистон узоқ бўлгани туфайли мамлакатни бой сайёҳлар келадиган туристик манзилга (luxury destination) айлантиришимиз керак. 1 миллион шундай сайёҳлар келса, 10 миллионнинг ўрнини босиб кетади. Балки ҳозирги вазият тизимни тубдан ўзгартириш учун яхши имкониятдир. Мана шу 18 ой ичида тубдан ўзгариш учун қулай вақтдир.

Буни амалга ошириш жуда қийин эмас. Биринчидан, меҳмонхоналар сифати. Туристик марказлардан бири бўлган Хива, Бухоро, Самарқандда беш юлдузли меҳмонхоналар йўқ. Фақат Тошкентда бор. Бой туристлар сарфлаётган пулига яраша хизматлар кўрсатилишини талаб қилишади. Беш юлдузли меҳмонхона кўп хонали бўлиши шартмас. Кичкина, лекин хизматлари сифати юқори бўлса, беш юлдузли мақомга эришиш мумкин.

Ҳозирги шароитда маблағимиз кам. Хўш, нима қиламиз? 30 хонали меҳмонхонада хизматлар сифатини ошириб қўйиш керак ва шу орқали катта даромад қилса бўлади.

Вазиятни ўнглаш учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» нималар қилиши мумкин?

– Бунда халқаро тажрибани ўрганиш самара беради. БААнинг Emirates airlines авиакомпанияси йўловчиларни самолётга чиқаришдан олдин натижаси 15 минутда чиқадиган коронавирусни аниқловчи тестни қўлламоқда. Бирон давлатга борсангиз, тест топширганингиз тўғрисида маълумотномани кўрсатасиз ва сизни карантинга жойлаштиришмайди. Тестлар қиммат эмас.

Шу тажрибани ўзимизда амалда қўллаш ҳар бир сайёҳда ишонч ҳиссини уйғотишга ёрдам беради. Самолёт ўриндиқлари ҳимоя қобиқлари билан ўралса, ходимлар санитария қоидаларига амал қилса, ишончим комилки, кўп сайёҳлар Ўзбекистонга келишига эришамиз.

Шунга мутаносиб равишда транспорт тизими ҳам янги талабларга мослаштирилиши керак.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси пандемия пайтида онлайн туризм йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилди

– Бу ҳақида хабарларда ўқидим. Ўзимгаям қизиқ бўлди. Онлайн туризм, аслида, қандай бўлиши ҳақида маълумотга эга бўла олмадим, афсуски. Тўлиқ тушунча берилмаган. Ҳар қандай сўзга онлайн қўшилса, янгилик бўлиб қолади, деганимас. «Виртуал туризм» назарда тутилгандир, балки.

Бу бўйича таклифим бор: ҳозир Ўзбекистонда барча гидлар ишсиз. Уларга диққатга сазовор жойларга, жумладан, қадимий зиёратгоҳларга кириб, ўша ердан жонли эфирлар қилиб, ижтимоий тармоққа жойлашларига имконият яратиб бериш лозим. Видеони томоша қилиш 50 цент ёки 1 доллар қилиб қўйилса, кўпчиликка қимматлик қилмайди ва уни бажонидил қўриши мумкин.

Ҳам виртуал тарзда маблағ топиш, ҳам сайёҳлар онг остига Ўзбекистонга карантиндан кейин, албатта, келиш фикрини сингдирса бўлади.

Ички сайёҳларни жалб қилиш учун туризмнинг қайси турларига эътибор қаратиш керак?

– Карантин тугагач, кўпчилик эҳтиёткор бўлиб қолиши табиий. Гавжум жойлардан қочишга ҳаракат қилади. Зиёрат туризми билан одамларни жалб қилолмайсиз. Экотуризм имкониятларидан фойдаланиш катта фойда беради. Табиат қўйнига саёҳат қилганингизда, ижтимоий масофани сақлашга ҳожат қолмайди. Одамлар кам бўлади. Ўзбекистонда саёҳат қилишга арзийдиган табиат манзаралари жуда кўп, лекин кўпчилик билмайди. Шу жойларда сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратилиши лозим.  

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.

Мавзуга оид