Ўзбекистон | 00:53 / 15.05.2020
108666
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳам кун давомида автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга рухсат берилди

18 майдан бошлаб «сариқ» тоифадаги ҳудудларда соат 06:00 дан 22:00 га қадар шахсий автотранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш мумкин бўлади.

Республика махсус комиссиясининг 14 май кунги қарорига кўра, 18 майдан бошлаб шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади.

«Яшил» тоифадаги ҳудудларда — Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон баёни билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган.

Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

«Сариқ» тоифадаги ҳудудларда соат 06.00дан – 22.00га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилади. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим.

«Қизил» тоифадаги ҳудудларда — автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00дан – 10:00гача, 17:00дан – 20:00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари қаторида «сариқ» ҳудуд (сўнгги 14 кун давомида коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмаган, бироқ ушбу касалликка чалинган ва даволанаётган беморлар мавжуд бўлган ҳудудлар) ҳисобланади.

Комиссия қарорига кўра, 8 май кунидан Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари «яшил» ҳудудлар (коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланмаган ёки аниқланган шахслар тўлиқ соғайган) сифатида таснифланганди, аммо ўтган вақт давомида Навоий вилоятида янги касалланиш ҳолатлари аниқланди, Фарғона вилояти эса 14 май куни коронавирусдан холи ҳудудга айланди.

Республиканинг бошқа ҳудудлари «қизил» ҳудудлар (сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар) сифатида белгиланган.

Мавзуга оид