Ўзбекистон | 01:26 / 23.05.2020
143000
3 дақиқада ўқилади

«Сардоба иши» доирасида икки киши ҳибсга олинди

Бу ҳақда маълум қилган Бош прокуратура қўлга олинганларнинг шахсини очиқламади.

Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида 1 май куни юз берган техноген фалокат юзасидан очилган жиноят ишига 2 нафар шахс гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бу ҳақда 23 майга ўтар кечаси Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», – дейилади маҳкама хабарида.

Kun.uz манбаларига кўра, очилган жиноят иши тергови доирасида 19 май куни «Сардоба» сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Ф.Д. ҳибсга олинган.

Маълум қилинишича, тергов давомида ҳали воқеага алоқадор яна бошқа гумондорлар ҳам ишга жалб этилади.

Жиноий иш юзасидан терговни ДХХ органлари ўтказмоқда. Интернет сайтлар ва турли телеграм каналларда ДХХ томонидан «Сардоба» сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси қарашли бўлган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга юборилган хабарнома сурати тарқалди.

Хабарномага кўра, 33 ёшли Ф.Д. Жиноят кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») 3-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Бу модданинг 3-қисми «а» банди одам ўлишига сабаб бўлган ҳолатни назарда тутади ва бу айб судда ўз исботини топса, судланувчи муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Сардобадаги техноген фалокат юзасидан 3 май куни берилган илк расмий баëнотида Бош прокуратура воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми («Мансабга совуққонлик билан қараш») ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди («Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

Мавзуга оид