Жамият | 22:09 / 29.05.2020
170691
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов оламдан ўтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов 64 ёшида оламдан ўтди. Бу маълумотни марҳумнинг яқинлари Kun.uz мухбирига тасдиқлади.

Фото: Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси

Маълум бўлишича, актёрнинг вафотига саратон хасталиги сабаб бўлган.

Ҳошим Арслонов 1956 йилда Наманган вилоятида туғилган, 1977 йилда Тошкент театр институтини тамомлаган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида фаолият юритган.

Киноихлосмандларга «Марғиёна» (1996), «Отамдан қолган далалар» (1997), «Алпомиш» (2000), «Хўжа Насриддин: Ўйин бошланди» (2006), «Чавандоз» (2007), «Қасос» (2011) каби фильмлардаги роллари, шунингдек, дубляждаги ишлари туфайли машҳур бўлган.

Италиянинг Искя шаҳрида халқаро кинофестивалда «Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильмидаги роли учун ғолибликни қўлга киритган ва совриндор бўлган.

Унинг кинодаги сўнгги иши 2019 йилда суратга олинган «101-рейс» фильми бўлиб қолди.

Фото: My Day

Kun.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.