Ўзбекистон | 22:56 / 30.05.2020
49672
4 дақиқада ўқилади

Депутат: «Ўзбекистон 24» ўзгариши шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева «Ўзбекистон 24» телеканали борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: adolat.uz

«Мамлакатимизда ахборот узатиш, журналистика соҳасида катта ислоҳотларга қадам қўйилди. Мунтазам равишда расмий, ишончли, аниқ маълумотларни кечаю кундуз бериб бориш, аҳолини мамлакатдаги жараёнлардан хабардор қилиш мақсадида Президент қарори билан «Ўзбекистон 24» телеканали ташкил этилди. Телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб бориши, шунингдек, телеканалнинг хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлиши мақсад қилинди.

 Кузатиб боряпмизки, канал доимий равишда долзарб мавзуларда ўткир материалларни, кўрсатувларни тайёрлаб эфирга бермоқда. Расмий маълумотлар, суҳбатлар, брифинглар, кинофильмларни қизиқиш билан кўрадиганлар кўп. Томошабинни мушоҳадага чорловчи кўрсатувлар ҳам бериб борилмоқда», дейди депутат.  

 Гулбаҳор Саидғаниева телеканалнинг барча ходимларига, журналистларининг меҳнатларини эътироф этган ҳолда, доимий томошабин сифатида айрим мулоҳазаларини билдириб ўтган.

 Унинг фикрича, бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон 24» телеканалининг савияси борасида билдирилган фикрларнинг ҳаммасига қўшилиб бўлмаса-да, умумий оҳангда билдирилган эътироз ўринли.  

 «Асосий эътирозлар каналнинг ахборот узатиш соҳасида тутган йўлига нисбатан билдирилган эди. Дарҳақиқат, «Ўзбекистон 24» ахборот бериш тизимини ўзгартириши зарур. Каналнинг бошқа аксарият кўрсатувлари ҳақида умумий эътироз билдираётганимиз йўқ, ахборот соҳасида ҳам энг ишончли, расмий манба сифатида ҳурмат қиламиз. Лекин тезкорлик масаласида оқсаётгани намоён бўлиб турибди. Баъзан айрим воқеа, хабарлар ҳақида муддати ўтгандан кейин ҳам ахборот берилади. Бу вақтда қанчадан-қанча бошқа хабарлар оқими тармоқларда оқиб келаётган, жараёнлар кечаётган бўлади...

 Танқидий муносабатларда тилга олинганидек, гўёки жаҳонда, Ўзбекистонда бошқа ҳаёт оқими кечаётгандек, «Ўзбекистон 24» да эса тинч, осуда бошқа ҳаёт кечаётгандек тасаввур уйғотиши ҳам мумкин. Тўғри, мамлакатда кечаётган ижобий жараёнларни албатта бериш керак, ютуқларимизни кўришимиз керак, одамларда амага оширилаётган ислоҳотлардан бохабарлик, келажакка ишонч руҳи пайдо бўлиши керак. Шу билан биргаликда, ҳаётий материаллар, камчиликларимизни ҳам кўришимиз керак. Биров қийшиқ ойна олиб бизга тутганидан кўра, тўғри ойнани ўзимиз олиб юзимизни кўрайлик», – деб ёзади депутат.

 Унинг қайд этишича, телеканал таҳлилий материалга кўпроқ ўрин берса, яхшироқ натижага эришилади.

 «Агар хабар тезкорлиги, муҳимлиги жиҳатидан аҳамиятини йўқотгандан кейин ҳам эфирга узатиладиган бўлса, кимнингдир манфаатига хизмат қилаётгандай тасаввур уйғотиши ҳам мумкин.

 Бу канал очилганда жуда яхши мақсадлар қўйилган, 24 соат давомида ватанимизда кечаётган жараёнлар, ёниқ нуқталардан хабарлар тинимсиз узатиб турилиши назарда тутилган. Соҳани ислоҳ қилиш керак», дея фикр билдиради «Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

 Депутат «Ўзбекистон 24» нинг келажагига ишонч билдираркан, «балки кадрлар сиёсатини ўзгартириш керакдир, балки мақсадларни бошқачароқ қўйиш керакдир. Уни такомиллаштириш эса давр талабидир», дея хулоса қилган.

Мавзуга оид