Жамият | 22:35 / 31.05.2020
2035
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси талаба ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар «Zoom» иловаси орқали Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Анқара элчихонасининг масъул ходимлари Бобур Тоғаев, Баҳодир Назаров ҳамда Абдумалик Тўйчиевлар билан мулоқот ўтказди.

Алишер Аъзамхўжаев Ўзбекистон-Туркия муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар ва қўлга киритилаётган натижалар, шунингдек, пандемия шароитида элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

«Туркияда 81та вилоят мавжуд бўлса, пандемияга қадар уларнинг 31тасига бориб келишга улгурдик. Ҳар бир бориб-келишимиз, одатда, икки-уч кунга ҳисобланган. Сафар давомида Ўзбекистон ҳақида, унинг иқтисодий салоҳияти ҳақида, ҳозирги инвестицион салоҳияти ҳақида танитим ўтказамиз. Ундан сўнг у ердаги тадбиркорлар билан B2B шаклида учрашиб, уларни қурилиш, аграр, саноат соҳасида Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича суҳбатлар олиб борамиз. Шундан кейин бу бўйича натижаларни умумлаштириб, ўн-ўн беш тадбиркорни Ўзбекистонга жўнатамиз. Аммо пандемия туфайли бу тадбиримиз вақтинча тўхтатилди.

Шунинг учун мана энди онлайн дипломатияни иқтисодий дипломатия билан уйғунлаштириш вазифасини янги усуллар – вебинарлар орқали иш фаолиятимизга татбиқ этяпмиз. Яъни сўнгги пайтларда мана шундай воситалар билан муайян ҳудуддаги ишбилармонлар ассоциацияси вакиллари билан учрашув ўтказяпмиз.

Бундан ташқари, кунда-кун ора Ўзбекистон билан шундай мулоқотдамиз. Масалан, куни кеча янги Бош вазир ўринбосаримиз Умрзоқов Сардор Ўктамович бошчилигида селектор бўлди. Унда пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Хабарингиз бор, олдин экспорт, оғир юк машиналари Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Грузия орқали Туркияга кириб келарди. Пандемия сабаб Туркманистон, Эрон карантин эълон қилгандан кейин бир-бир ярим ой давомида жуда катта сондаги оғир юк ташувчи машиналар чегараларда карантинда қолиб кетди. У ишларни ҳал қилдик.

Мана бугуннинг ўзида ҳам Фарғона вилояти ҳокими муовини билан гаплашдик. Икки-уч тадбиркоримиз анча-мунча пул сарфлаб, Туркиядан асбоб-ускуна харид қилган, аммо ҳалигача Ўзбекистонга етиб бормаган. Биз шу занжирнинг қаерда узилганини топдик. Эртага, Худо хоҳласа, шу масалани муҳокама қиламиз.

Айтмоқчиманки, ҳар куни шу иш, шу аҳвол. Яъни ҳозир биз – дипломатлар, ўзимизнинг классик вазифамиз – вазирлар, раҳбарлар, ректорлар билан юзма-юз музокаралар, учрашувлар ўтказишни четга суриб қўйиб, элчихонада ўтирган ҳолда, янги технологиялар, вебинарлар ёрдамида иш олиб боряпмиз. Мисол учун, бугун OIC (Organization of Islamic Cooperation – Ислом ҳамкорлик ташкилоти)га мансуб икки халқаро ташкилот ва ўзимизнинг Бухородаги Ислом маркази иштирокида жуда катта конференция иш бошлади. Унда нафақат Туркия, балки бутун дунёдан вакиллар бор. Конференцияда биз ҳам иштирок этдик. Қолаверса, яқинда Хазораспга, Фарғонага ҳам онлайн бориб келдик. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан ҳам шу шаклда учрашув ўтказдик.  Яъни шу хонадан чиқмай туриб, керак бўлса, Италия ва Испанияга ҳам, керак бўлса, Америкага ҳам бориб келяпмиз.

Бундан ташқари, пандемия шароитида Туркиядаги талабаларимиз, бу ерга ишлаш ёки даволаниш учун келган фуқароларимизга қўлдан келганча ёрдам беряпмиз. Барака топишсин, Туркия ватандошлари ҳам бизга жуда катта ёрдам беришяпти.

Масалан, 21 май куни – олдинги рейсда ҳар биттаси тўрт минг доллар турувчи 50та тиббий жиҳозни Ўзбекистонга юбордик. Турк раҳбарияти бундай жиҳозларни бошқа давлатларга ўнта, кўпи билан ўн бешта беряпти, аммо бизнинг Ўзбекистонга 50таси бепул, беғараз тақдим қилинди.

Ҳозирда Тошкентда 1360та турк корхоналари мавжуд. Уларнинг ярми 25 йил давомида, қолган ярми эса сўнгги икки йил давомида очилди. Президентимизнинг иқтисодиётдаги ошкоралик сиёсати туфайли кейинги икки йилда 750та турк корхонаси иш бошлади.

Ўша одамлар, ўша тадбиркорлар Бухоро ва Сардоба офати бўйича ҳам бизга 100 минг долларга яқин ёрдам беришди. Президентимиз Сардоба халқига сўз бердилар, буни яхшилаб текширтираман, суриштираман, деб. Жаноб Эрдўған Анқарадан энг зўр мутахассисларни жўнатди. Улар бориб келишгач, биз гаплашдик. Мутахассислар дастлабки хулосани 45 кундан кейин, охирги хулосани эса 90 кундан кейин берамиз, деб айтишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга умумий ҳисобда 75 нафар мутахассис кетди. Масалан, бугун кетган (суҳбат 28 майда бўлиб ўтган – таҳр.) 22та мутахассис Duell фирмасидан бўлиб, улар Сардобада янги уй қуришда иштирок этади.

Шунингдек, куни кеча турк дўстларимиз Туркиядан Ўзбекистонга жўнатилган, аммо пандемия сабаб ҳали ишга туширилмаган асбоб-ускуналарни созлаб бериш ва ишга тушириш учун Бухоро, Наманган, Андижонга кетишди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, бугун турк раҳбарларининг, турк ватандошларининг Ўзбекистонга бўлган муносабати тубдан ўзгарган».

Элчининг ушбу мулоҳазаларидан сўнг суҳбат иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Жумладан, чартер рейсларнинг ташкил қилиниши, фуқароларни Ўзбекистонга жўнатиш тартиб-қоидалари, Туркиядаги моддий аҳволи оғир фуқароларга кўрсатилаётган ёрдам хусусида батафсил ахборот берилди.

Суҳбат давомида иштирокчи ёшлар томонидан бир неча таклифлар ҳам илгари сурилди.

Хусусан, Самсун университети магистранти Ғуломжон Собиров айни вақтда Туркияда ўзбекистонлик 1000дан зиёд талабалар таълим олаётгани, уларнинг ҳар бири ўз соҳасини мукаммал эгаллаб, мамлакатимизга хизмат қилиш орзуси билан яшаётгани, бунинг учун ушбу талаба-ёшларнинг ўзига хос картотекасини тузган ҳолда, Ўзбекистондаги мувофиқ иш жойларига тавсия қилиш таклифини берди.

Шу жумладан, очиқ мулоқотда иштирок этган ёшлар Туркиянинг турли ҳудудларидаги эҳтиёжманд фуқароларимизни топиб, уларга ёрдам бериш жараёнида кўнгилли равишда иштирок этиш истагини билдиришди. Бунга мувофиқ, эндиликда озиқ-овқат ёрдами талонлари Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакиллиги томонидан тавсия этилган сардор талабаларга элчихона томонидан етказиб бериладиган ва тегишли ҳудуддаги фуқароларимизга етказиладиган бўлди.

Очиқ мулоқотда, шунингдек, Туркияда таълим олиш истагида бўлган кўп сонли ёшларга қулайлик туғдириш, яъни ортиқча маблағ ва вақт сарфининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда ҳам турк тилини ўргатиш курсларини ташкил қилиш, курсни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга эса белгиланган тартибда Туркия олий ўқув юртларида тан олинувчи махсус сертификат бериш тизимини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Суҳбат якунида шу шаклдаги учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.

Отабек Тиллаев,

Kun.uz’нинг Туркиядаги мухбири

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид