Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖСТга кириш Ўзбекистонга нима беради? — Сиёсий таҳлилчи билан суҳбат
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни қабул қилди. Ушбу қарор тасдиқланишини Ўзбекистон томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлидаги навбатдаги қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Умуман, сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги борасида сиёсатчилар, журналист ва блогерлар ҳамда турли таҳлилчилар томонидан кўп гапирилмоқда. Хўш, аслида бу қандай ташкилот, унга аъзо давлатлар қандай имконият ва мажбуриятларни олади?
Kun.uz мухбири Жаҳон савдо ташкилоти ва Ўзбекистоннинг унга аъзолиги масалалари атрофидаги шу ва бошқа саволлар юзасидан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан интервью уюштирди.
– Камолиддин ака, Жаҳон савдо ташкилоти ўзи қандай ташкилот ва нималарни кўзда тутади? Унга аъзо давлатлар қандай мажбуриятларни бўйнига олади ва қандай имкониятларга эга бўлади?
– Бу ташкилот 1995 йилда ташкил қилинган. Унинг марказий стратегик вазифаси бутун дунё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солишдир. Дунё давлатлари катта ҳажмда ўзаро савдо-сотиқ қилади. Ташкилотнинг асосий вазифаси мана шу савдо-сотиқ муносабатларини тартибга солиш ва шу тартибни ташкилот доирасида доимий назорат қилиб боришдир. Аслида ЖСТ назорат ташкилоти эмас, унда ўрнатилган тартибларни ташкилот доирасидаги бир қанча суд тизимлари ва ўзаро келишувлар асосида ҳал қилиб боришга ҳаракат қилади. ЖСТнинг вазифаси давлатлар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш, улар ўртасида тенглик ўрнатиш, ривожланаётган, иқтисодиёти нисбатан заиф бўлган давлатларга қўшимча имкониятлар бериш эканлиги айтилади. Лекин аслида вазият анчагина мураккаб.
Давлатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенг эканлиги айтилади, бироқ уларнинг имкониятлари тенг эмас. Инсонларники сингари давлатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенг эканлиги халқаро қонунчиликда айтилади, лекин бу имкониятлардан қандай фойдаланиш давлатларнинг умумий ресурсларига бориб тақалади. Дунёнинг энг катта иқтисодиёт эгалари – АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари, Хитой, Японияга ўхшаган давлатлар шу сингари ташкилотлардан унумли фойдалана олади, унинг фаолияти ўз манфаатларига тўғри келмаганида бу ташкилотнинг у ёки бу лойиҳаларидан чиқиб туради ёки қўшилмайди ёки танқид қиладиган ҳолатлари ҳам бор. Бу мураккаблик томони. Умуман олганда, дунёнинг аксарият давлатлари ЖСТга аъзо, фақатгина 3-5та давлат унга аъзолик учун ариза бермаган. Булар – Шимолий Корея, Туркманистон, Эритрея каби давлатлар. Тахминан 10-15га яқин давлатлар кузатувчи мақомида, яъни ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида турибди, жумладан, Ўзбекистон ҳам.
– Ўзбекистон ҳукумати бу ташкилотга аъзолик учун 1994 йилда ариза топширган, аъзолик ҳаракатлари эса 1992 йилдаёқ бошланган. Бугунги кунга келиб, ташкилотга 164дан зиёд давлат, жумладан, қўшниларимиз Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳам аъзо ҳисобланади. Нима учун Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзолиги чўзилиб кетяпти?
– Бу аъзо бўлишни истаган давлатга ҳам боғлиқ, лекин умумий ўрта статистик олиб қараганда, ҳар бир давлатнинг бу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни ўртача 7-8 йилни, баъзи давлатлар учун эса 10-15 йилни ташкил қилган. Ўзбекистоннинг бу ташкилотга муносабатини икки даврга бўлиш керак – Каримов даври ва Мирзиёев даври. Ислом Каримов даврида бу ташкилотга аъзо бўлишни исташ бор эди, лекин реал кучли, интенсив ҳаракат мавжуд эмас эди. Ўзбекистон иқтисодиёти изоляцион ҳолатда эди. Давлатчилик ўз иқтисодиётида протекционизмни қўллаб-қувватларди. Яъни ўз ишлаб чиқарувчиларини кучли ҳимоя қилиш ва ташқаридан маҳсулотларнинг кириб келишини кучли фильтр қилиш. Бу протекционизм сиёсатидан бугун Шавкат Мирзиёев даврида воз кечиляпти. Ўзбекистон олдига бугун мутлақо бошқа вазифалар қўйиляпти, дейишимиз мумкин. Кейинги пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга назар ташлаши давлатчилик ва жамият олдида учта манфаат қўйяпти, деб айтиш мумкин.
Биринчиси, геоиқтисодий ва геосиёсий манфаат. Ўзбекистон бугунги кунда Евросиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи мақомида қўшилди. Кузатувчилик мақоми одатда аъзоликка тайёргарлик деб тушунилади. Мана шу фонда давлатчилик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – бизнес секторининг асосий вазифаси ЕОИИнинг монополиясига тушиб қолмаслик, яъни Ўзбекистон ЖСТга кириш орқали ЕОИИни мувозанатга солиш, жаҳон савдо иқтисодиёти доирасидаги тартиб-қоидалар доирасида ЕОИИ қоидалари Ўзбекистон устидан монополия ўрнатмасин деган ёндашув мавжуд. Эртага Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, тарозининг бир томонида ЕОИИ тартиб-қоидалари, иккинчи томонида ЖСТ тартиб-қоидалари ҳам вазиятга таъсир қилсин, деган ёндашув мавжуд. Бу аслида тўғри.
Иккинчиси, Ўзбекистон жамиятини ташвишга солаётган муаммо - кейинги даврда, 20-25 йилда, балки мустақиллик давридан шу кунга қадар Ўзбекистон жамияти ичкаридаги монополистлардан жуда катта азият чекди. Бу автомобиль ишлаб чиқариш бўлсин, маҳсулотни четга сотишда импорт-экспорт логистикаси (Каримов даврида бор эди) ҳамма соҳада Ўзбекистон монополистлар қўлида эди. Бугун ҳам катта монополистлар ўз жойида турибди. Транспорт соҳасида, масалан, ягона авиакомпания бор, ягона темирйўл ширкати монополист. Истаган нархини ўрнатади, жамият, давлатчилик улар билан самарали кураша олмайди. Бундан Ўзбекистон иқтисодиёти азият чекяпти. Иккинчи вазифа монополистларни бироз бўлса-да тартибга солиш, чунки ЖСТга аъзо бўлсак, кўпгина соҳаларда халқаро даражада эркин рақобатга боришга мажбур бўламиз, деган ғоя бор. Лекин бу қанчалик ишлаши ташкилотга аъзо бўлиш жараёнидаги келишувларга ҳам боғлиқ.
– ЕОИИга кузатувчи бўлиб киришимиз деярли ҳал бўлиб улгурди. Мана шу фонда ЖСТга аъзолик бўйича ҳаракатларнинг интенсивлашиши, сизнингча, нимани ифодалайди?
– Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини бугун АҚШ, Жанубий Корея ва бир қанча давлатлар қўллаб-қувватлади. Яъни улар бугунги Ўзбекистон атрофидаги геоиқтисодий ва геосиёсий вазиятни жуда ҳам яхши тушуняпти. Ўзбекистон давлатчилиги ва Ўзбекистон жамияти атрофидаги савдо-иқтисодий вазиятни Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида томонлар келишувига эришилганки, Ўзбекистон имкон қадар ЖСТга аъзо бўлиши керак ва у ўзининг халқаро майдондаги, минтақадаги иқтисодий-савдо муносабатларини дифференсация қилиши керак. Яъни ўз манфаатларини ҳар хил саватларга бўлиши керак. Шу орқали Россия ва ЕОИИ Ўзбекистонга монополия бўлиб қолмаслиги керак, деган ёндашув мавжуд. Ўзбекистон давлатчилиги ҳам, ҳукумати ҳам бу борада интенсив ишлаяпти. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши мамлакатнинг пировард манфаатларига бугун жуда ҳам тўғри келади.
– ЖСТ ҳақида сўз юрита туриб, ЕОИИ ҳақида ҳам тўхталиб ўтяпсиз. Умуман, бу икки ташкилот ўртасидаги фарқларни нималарда кўрасиз?
– ЖСТ жуда ҳам пухта ўйланган, жуда катта ҳажмдаги келишув. Айтиладики, давлатлар аъзо бўлаётганда икки томонлама – ЖСТ ва аъзо бўлувчи давлат ўртасидаги келишувлар ҳажми 1000-1200 бет бўлган инглиз тилидаги матнни ташкил қилади. Яъни бу шунчалик деталлаштирилган келишувларки, давлат мажбуриятлари айни пайтда имкониятларни ҳам олади. ЖСТга аъзо бўлган бирон давлат шу пайтгача бу ташкилотдан чиқиб кетгани йўқ. Баъзи давлатларнинг иқтисодиёти заиф бўлса, маълум қийинчиликлар туғилади. Лекин айни пайтда уларнинг оладиган фойдалари ҳам бор. Чунки ЖСТ бу – глобал платформа саналади, геосиёсий, геоиқтисодий лойиҳа эмас. Ва бу ташкилотнинг бошида тор доирадаги давлатлар манфаатлари турмайди. Бу ташкилот АҚШнинг ҳам, Ғарбий Европанинг ҳам манфаатларига боғланган эмас. Кучли, ўзига ишонган иқтисодиёт эгалари тезроқ бу ташкилотга аъзо бўлишга ҳаракат қилади. Каримов даврида Ўзбекистонда протекционизм юритилгани учун ва Россия ахборот оқими бизга катта таъсир қилгани учун катта манфаат кўрмади.
ЕОИИ, менинг назаримда, геосиёсий лойиҳа. Яъни Россиянинг иқтисодиёт орқали геоиқтисодий ва бу орқали геосиёсий қудратини парваришлаш йўли деб айтиш мумкин. ЕОИИдаги давлатларнинг улушига қарайдиган бўлсангиз, унинг 90 фоизи Россияга тўғри келади. Аъзо давлатларнинг эътирози, у ерда ҳар битта давлат битта овоз деган тамойил яхши ишламаётганини кўрамиз. Яқинда Путин ҳам таклиф қилди – ташкилотнинг иқтисодий улушига қараб ёки солиқ тўловчи улушига қараб овоз бериш ҳал қилиниши керак, деган нарсани таклиф қилди. Яъни бу Россия монополиясини англатади.
Россия бир томондан бу ташкилот орқали ўзининг геосиёсий қудратини ва давлатларнинг иқтисодиётини ўзига боғлаб қўйиш орқали ўзининг геоиқтисодий қудратини парваришлаш ниятида. Бу нарсани ҳамма тушуниб турибди. Лекин айни пайтда Ўзбекистон учун жуда ҳам муҳим ҳамкор ҳам Россия. Бу нарсани ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг олдида мураккаб йўл турибди. Долларда номинал ҳисоблаганда иккинчи савдо ҳамкори Россия, биринчиси Хитой Халқ Республикаси. Лекин иқтисодий, сиёсий, гуманитар, ахборот – ҳамма соҳани инобатга олганда, Ўзбекистоннинг биринчи сиёсий, геосиёсий, геоиқтисодий ва маданий ҳамкори барибир ҳам Россия. Чунки биз – Марказий Осиё давлатлари Россиянинг ахборот ҳудудида ўтирамиз ва Россияда бугун миллионлаб марказий осиёликлар ишлайди. Қозоғистоннинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори – Россия. Ўзбекистоннинг иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори Россия, лекин биз Хитойга газ сотганлигимиз ва Хитойдан инвестициялар олаётганимиз ҳисобига Хитой биринчи ўринда турибди. Лекин аслида Россия билан ҳамкорлигимиз миқдори жуда ҳам катта. Шунинг учун Россия билан ҳамкорликдан юз ўгира олмаймиз, ҳамкорликни пастга туширишдан манфаатдор эмасмиз. Демак, ягона йўл – ҳамкорликни мувозанатга солиш. Мувозанатга солишнинг бир қанча йўналишлари мавжуд. Бу бир томондан туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик, иккинчи томондан араб мусулмон давлатлри билан ҳамкорлик бўлиши мумкин. Шунингдек, ЖСТга аъзо бўлиш орқали Россия билан муносабатларни тартибга солиш, ЕОИИ доирасидаги ҳаракатларни мувозанатга солиш амалга ошиши мумкин.
– ЖСТга аъзолик ўз-ўзидан бўлмайди, бу ерда аъзолар ўзига мажбуриятларни ҳам олади. Ташкилотга аъзо бўлишда олинадиган мажбуриятларнинг биз учун ижобий ва салбий тарафлари нималардан иборат бўлади?
– Бу давлатнинг иқтисодий фаоллигига, умумий иқтисодий қудратига боғлиқ. Давлатларнинг иқтисодиёти гравитацияга ўхшайди. Баъзиларининг тортиш қобилияти ниҳоятда кучли бўлади, баъзилариники заиф бўлгани сабабли давлатнинг ичидаги ишлаб чиқарувчи кучлар заифлашиб бориши мумкин. Чунки ЖСТнинг асосий тамойили – эркин, очиқ, шаффоф рақобат. Бу рақобат изоляционизмни, протекционизмни инкор қилади. Яъни Ўзбекистон эшиклар очилишига тайёр туриши керак. Аслида Ўзбекистон бундан манфаатдор бўлиши керак. Яқинда монополияга қарши курашни жадаллаштириш бўйича баёнотлар берилди ва мамлакатда монополиялардан воз кечиш даври келаётгани эслатилди. Ўзбекистон иқтисодиёти монополияга асосланадиган бўлса, монополиялар тезда ўзининг табиатини, рақобатбардошлигини ошириши керак. Давлатчилик ҳам худди шундай. Бир қанча рисклар пайдо бўлади, лекин биз глобаллашувга кириб келдик. Бундан кейин оролча бўлиб қолиш, ташқи дунёдан ихоталаниш имконсиз. Қанчалик қийинчилик бўлмасин, эшикларни қанчалик тез очсак ва ҳамма соҳалардаги ички сиёсатни тўғри ташкил қилсак, рақобатбардошликни тўғри йўлга қўйсак, кадрлар тайёрлашни самарали йўлга қўядиган бўлсак, Ўзбекистоннинг глобал сиёсат ва иқтисодиётга тайёр бўлишини жадаллаштириш мумкин бўлади.
– ЖСТга аъзо бўлиш жараёнлари қандай босқичлардан иборат ва Ўзбекистон ҳозир қайси босқичда деб ҳисоблайсиз?
– Умумий назарияга кўра, учта босқичдан иборат. Биринчиси, даъвогар давлат ариза берганидан кейин ичкаридаги қонунчилик ва жараёнларни ташкилот талабларига мослаштириб бориш ҳисобланади. Бу анча вақтни талаб қилади. Иккинчи босқич, икки томон – ташкилот ва даъвогар давлат ўртасида музокараларнинг бошланиши. Ўзбекистон мана шу босқич атрофида турибди. Бу узоқ давом этадиган биринчи босқич босиб ўтилганлигини ифодалайди. Ва даъвогар давлатнинг тўғридан-тўғри ташкилот билан ва ташкилотдаги давлатлар билан музокаралар бошлаш даври бўлади. Учинчи босқич – расмий келишувнинг имзоланиши. Яъни бу узоқ муддат талаб этмайди.
Биргина мисолни айтишим мумкин. СССР даврида шампан виноси бўларди. Ҳозир Россияда шампан виноси чиқмайди. Чунки Франция Шампан ўзининг ҳудуди эканлигини, шампан ўз маҳсулоти эканлигини, фақатгина шу минтақада чиқадиган вино шампан виноси дейилади, деб айтди. Россия бу маҳсулотни чиқармаслиги, бу брендни олиб ташлаши керак деди. Россия бу брендни олиб ташлашга мажбур бўлди. Худди шундай, Ўзбекистон билан ҳам томонлар ўртасида музокаралар бўлиши мумкин – тўғридан-тўғри ташкилот билан ёки ташкилот доирасида у ёки бу давлат билан яширинча. Ҳамма жараёнлар, ичкаридаги тортишувлар ҳал бўлгандан кейин келишувга эришилади. Ўзбекистондаги иқтисодчиларнинг кузатувларига кўра, ЖСТга аъзо бўлиш 2-3 йил вақт олиши мумкин.
— ЖСТга аъзолик масаласи жуда осон ҳал бўлмайди, олдинда жуда мураккаб босқичлар турибди. Ўзбекистон бу музокараларга қайси принцип асосида кириб боради? Ўзбекистон томони тузиладиган келишувларда кўпроқ нималарга эътибор бериши керак?
– Бунинг деталларини тўлиқ тасаввур қила олмайман. Бу ерда икки хил ёндашув мавжуд. ЖСТ дунё давлатлари уюшмаси, маълум тамойиллар асосида шаклланган. У ерда давлатларнинг геосиёсий ёки геоиқтисодий қараши иккиламчи рол ўйнайди. Давлатларнинг интилиши ва ЖСТ тартибларини тан олишга рози бўлиши кўпроқ рол ўйнайди. ЕОИИ асосан Россиянинг лойиҳаси ва манфаати. Эътибор берган бўлсангиз, ЕОИИга аъзо бўлиш ташаббуси Ўзбекистондан эмас, Россиядан чиқяпти. Яъни бир психологик вазият мавжудки, ЕОИИга Ўзбекистоннинг киришидан биринчи ўринда Россия манфаатдор.
Бугун дунёда мавжуд тенденция шундан иборатки, геоиқтисодиёт ва геосиёсат ажралмас феномен. Қайси давлат ким билан савдо қиляпти, уларнинг савдо-иқтисодий муносабатлари қандай. Мана шу иқтисодий боғлиқликдан сиёсий боғлиқлик ҳам келиб чиқади. Геосиёсатдан кейин ҳарбий боғлиқлик, хавфсизлик масаласи, ҳудудларнинг боғлиқлиги пайдо бўлади.
– Ўзбек амалдорлари ЕОИИга аъзолик учинчи давлатлар билан алоқаларимизга таъсир қилмайди демоқда ва одамларни бунга ишонтиришга уринишмоқда. Лекин ташкилотга яқинлашув барибир геосиёсий ҳаракатларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Сиёсий таҳлилчи сифатида бу мавзуда фикрингиз қандай?
– Худди шундай. Ўзбекистон Каримов даврида кўпроқ геосиёсат билан шуғулланди. Буни бир неча даврларга бўлиш мумкин: 1991 йилдан 1994-1995 йилгача Ўзбекистон геосиёсати Туркияга юзланди. Тахминан 1995 йилдан 2004-2005 йилга қадар Ғарбга юзланди. Яъни Ўзбекистон АҚШнинг минтақадаги геосиёсий ҳамкори эди, лекин бу ички сиёсатда ўз аксини топмади – Ўзбекистон қаттиқ авторитар режимдаги давлат сифатида қолди. Лекин минтақадаги Россиянинг лойиҳаларига қўшилмаган ёки уларга қўшилиб, ичкаридан вето берувчи, блок қилувчи асосий давлат ҳам Ўзбекистон бўлди. Ғарб геосиёсий концепциясида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкор давлат сифатида кўрилди. НАТОнинг иккита катта лойиҳасида – “Тинчлик учун ҳамкорлик” ва “НАТО ҳамкорлик кенгаши” лойиҳаларида Ўзбекистон доимий иштирокчи бўлиб келди. Лекин 2004-2005 йилларда постсовет давлатларнинг айримларида рангли инқилоблар бўлгандан кейин расмий Тошкентнинг кайфияти ўзгарди ва қайта Россияга юзлана бошлади. Айниқса, 2005 йил май ойидан бошлаб. 2005 йил ноябр ойида Россия ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчи давлатлар келишуви имзоланди. Бу келишувнинг сиёсий аҳамияти 2009 йилга қадар давом этди. 2009 йилдан 2016 йил – Каримов вафотига қадар Ўзбекистон имкон қадар нейтрал бўлишга, Россия лойиҳаларига қўшилмасликка, айни пайтда, Россияга қарши бўлган лойиҳаларни амалга оширмасликка ҳаракат қилиб келди. Бугунги вазият бутунлай бошқа.
Ўзбекистон биринчи навбатда геосиёсат билан эмас, геоиқтисодиёт билан шуғулланяпти. Яъни олдин Каримов даврида дехотомия мавжуд эди. Биз геосиёсий нуқтаи назардан кимга яқин бўлсак, айтайлик, Туркияга яқин бўлсак, Туркиянинг оппонентлари бизнинг оппонентлар, Россияга яқинлашсак, унинг оппонентлари бизнинг ҳам оппонентлар, АҚШга яқинлашганда, унинг душманлари бизнинг ҳам душманларимиз деган концепция ишларди. Бу геосиёсий кайфият жуда ўзгарувчан бўлди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсининг тўкилишига, ишончсиз ҳамкор деган репутацияга келишига ҳам шу омил жиддий таъсир қилди. Бугунги вазият тубдан фарқ қилади. Ўзбекистон иккинчи маъмуриятининг асосий тамойили шундаки, мамлакат биринчи навбатда ўзининг ички иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилиши керак. Геосиёсатдан кўра геоиқтисодиёт устунроқ, дунё давлатларининг минтақадаги геосиёсий манфаатларида униси ёки буниси билан бўлмаймиз, униси ёки бунисига қарши турмаймиз. Ҳаммаси билан имкон қадар холис ва тенг ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, иқтисодий ўсишга эришишдир.
Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида кузатувчи сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиляпти. ЖСТга кириш учун музокараларни жадаллаштиряпти. Эътибор берсангиз, шу пайтгача Ўзбекистон Россия билан ҳам, қўшни давлатлар билан ҳам, Туркия билан ҳам, Покистон билан ҳам ҳарбий-ўқув машғулотларини ўтказди. Каримов даврида бирортаси бўлмаган. Ўзбекистонда аввалги дехотомик – оқ-қора концепция ишламаяпти. Бугун мамлакат геосиёсатини, геоиқтисодиётини, ҳарбий стратегик ҳамкорлигини кўп векторли деб айтиш мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:47 / 30.04.2025
Урушларнинг ўзгарган мотиви: ташқи таҳдид эмас, ички сиёсий мақсадлар
19:20 / 26.03.2025
Путин “Ялта 2.0”га эриша оладими? Қримдаги конференцияда нима бўлган?
20:52 / 22.03.2025
Кўп қутбли дунё тартиботи: бу Ўзбекистон учун имкониятми ёки таҳдид?
23:12 / 20.03.2025