Жамият | 21:13 / 09.06.2020
12335
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик ва хоразмлик ёшлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 9 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармалари томонидан 500 нафарга яқин ёшлар муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан рейсга қўйилган махсус поездларда жўнаб кетди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳарбий хизматга кетишдан бир неча кун олдин чақирилувчилар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаларида ташкил этилган Ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтишди. Унда асосий талаб ҳар бир чақирилувчи COVID-19 юқумли касаллигига тиббий тест синовларини топшириб, натижалар манфий бўлганлиги тасдиқланганидан кейингина Қуролли Кучлар сафларини тўлдириш учун рухсат берилиши белгиланди. 

Амал қилиб турган карантин ва ижтимоий масофаланиш қоидаларини бузмаслик мақсадида мазкур тадбирлар қисқартирилган тартибда, чақирилувчиларнинг ота-оналари ва яқинларининг иштирокисиз ўтказилди.

Маросимларда иштирок этган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ватан ҳимоясига шайланган йигитларнинг хизматларида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилашди. 

Муддатли ҳарбий хизматга йўл олган йигитларни манзилларга кузатиш мақсадида рейсга қўйилган махсус поездларда Санитар-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан дезинфекциялаш ишлари олиб борилган. Йўналиш бўйича ҳаракатланаётган ҳар бир вагонга ҳарбий-тиббий мутахассислар бириктирилиб, улар чақирилувчиларнинг ижтимоий масофаланиш ва шахсий гигиена талабларига риоя қилиши устидан назорат олиб боради ва зарур ҳолларда тез тиббий ёрдам кўрсатади. 

Бу ёшлар ҳарбий қисмларга етиб борганидан кейин 14 кунлик карантин назоратида сақланиши белгиланган. Ушбу муддат муваффақиятли тугагач, карантин ва шахсий гигиена талабларига қатъий амал қилинган ҳолда муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўқув машғулотлари олиб борилади.

Мавзуга оид