Жамият | 12:18 / 19.06.2020
6825
2 дақиқада ўқилади

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун маъқулланди

Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 502та браконьерлик ҳолати аниқланган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 520тани ташкил қилган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Шавкатжон Абдураззоқов маълот берди.

Сенатнинг 5-ялпи мажлисида «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Шавкатжон Абдураззоқов овчилик ва балиқчиликдаги ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг сабаблари тўғрисидаги саволга жавоб берди.

«2018-2019 йиллар ва жорий йилнинг 5 ойи давомида браконьерлик ҳолатлари кўп аниқланди. Буни асосан давлат экологик назоратининг кучайтирилиши билан боғлиқ ҳодиса деб баҳоласа бўлади. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 502та ҳолат аниқланган бўлса, ўтган йилга нисбатан камайишига эришилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 520тани ташкил этган», дея Шавкатжон Абдураззоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раиси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари ҳақида гапирди.

«Ўтган йилнинг ўзида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 10та моддасига ўзгартиришлар киритилиб, жарима миқдорлари оширилди. Ўтган йилга нисбатан овчилик, браконьерлик ҳолатлари ўсиши аниқланмаган бўлсада, лекин унга солинган жарималар миқдори 5 бараварга оширилди. Жорий йилнинг май, июнь ойлари «Браконьерликка қарши кураш ойлари» деб эълон қилиниб, қўмита ва ҳамкор ташкилотлар томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўриляпти», деди Шавкатжон Абдураззоқов.

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид