Ўзбекистон | 17:58 / 20.06.2020
48113
3 дақиқада ўқилади

Юнусобод туманида бир оиланинг 6 нафар аъзосида коронавирус аниқланган

19 июнь куни 29 нафар аҳоли орасида, жумладан, сотувчи, иш юритувчи, бемор ва бир оила аъзоларида коронавирус қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Билдирилишича, 18 июнь санасида коронавирус инфекцияси тасдиқланган 85 нафар бемордан 28 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 19 июнь куни эса 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. 

“Кўриб турганингиздек, икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ҳам, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам кундан кунга кескин ошган”, - дейилади маълумотда.

19 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатлари ҳудудлар кесимида кўрилса, Тошкент шаҳрида 24 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида эса 2 нафарни ташкил этди.

Жумладан, Чилонзор туманидаги савдо дўкони сотувчиси бўлган Н.да (Сергели туманилик, шу йилнинг 18 июнидан тана ҳарорати кўтарилгач, шифокорга мурожаат қилган), Мирзо Улуғбек туманида яшовчи А.да ҳамда унинг ўғли ва қизида, пойтахтда бўлиб турган Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи О.да (профилактика мақсадида Тошкент шаҳар СЭОМ лабораториясига намуна топширган), Учтепа туманида яшовчи 3 нафар нафақада бўлган фуқароларда ҳамда Юнусобод туманидаги бир оиланинг 6 нафар аъзосида (тана ҳарорати кўтарилгач, тумандаги 52-оилавий поликлиникага мурожаат қилишган) касаллик қайд этилган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Поп тумани Ғурумсарой МФЙда яшовчи 3 нафар фуқаро (шу йилнинг 17-июнь куни тана ҳарорати кўтарилгач, врачга мурожаат қилган)да, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги сектори иш юритувчиси Г.да (профилактика мақсадда намуна олинган) ҳамда Ўрта Чирчиқ туман туғруқ бўлимидаги бемор З.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Мазкур касаллик аниқланган фуқароларнинг аксарияти тана ҳарорати кўтарилгач, шифохонага мурожаат қилишган ва намуна топширишган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги доимгидек аҳолини огоҳлантиришда давом этади. Аввал кўп бор таъкидлаганимиздек, аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини, ва албатта, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб саломлашиб, қучоқ очиб кўришишдан сақланишлари, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри тақиш каби карантин ва санитария қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади”, - дейилади ССВ хабарида.

Мавзуга оид