Жаҳон | 17:27 / 21.06.2020
42322
10 дақиқада ўқилади

Илм ва фантастика оралиғида: «келажак одами» Никола Тесла ихтиролари

Никола Тесла – ақлбовар қилмас ихтиролар муаллифи. У бугуннинг ажралмас қисмига айланган интернет, гаджетлар, электромобилларни қарийб бир ярим аср аввал тасаввур қилган эди.

Айтганча, электромобиллари билан машҳур Илон Маскнинг Tesla компанияси ҳам айнан шу олимнинг шарафига номланган.

Замонасининг да Винчиси

Никола Тесла – заковати даражаси билан ўз даврининг Леонардо да Винчиси деб ном олган, мисли кўрилмаган ихтиролари боис «келажак одами» деб эътироф этилган, ўзгарувчан ток ихтироси билан «дунёни ёритган даҳо» номига лойиқ кўрилган.

Унинг ўзи ҳам «бугун учун эмас, келажак учун» ихтиролар қилишини таъкидлаганди. Тесланинг номига патентланган, инженерия соҳасини ўзгартирган ихтиролар 300тадан кўпроқни ташкил қилади.

Никола Тесла

Замонавий энергия таъминоти тизими, компрессор, саноат вентилятори, сув насоси, электрҳисоблагич, частотометр, рентген қурилмаси, автомобил спидометри, люминесцент лампалари, электрсоат, электротерапия ускуналарининг барчаси Тесланинг муаллифлик ишлари ҳисобланади.

Шунингдек, ихтирочи электродвигател асосида ҳаракатланувчи автомобиллар, дронлар, локомотив, буғ трубиналари устида ҳам ишлаган. Интернет ва замонавий гаджетларнинг пайдо бўлишини ўз илмий ишланмаларида тахмин қилган, робототехниканинг илк пойдеворини қўйган.

У илм ва фантастиканинг нозик чегарасида туриб хавфли тажрибалар олиб борувчи инсон эди.

Тесла номини турли ғаройиботлар билан ҳам боғлашади. Айтишларича, у суткасига атиги 4 соат ухлаган. Ўзга сайёраликларни кўрган, деган миш-мишлар ҳам бор. Тўлиқ тасдиқланмаган маълумотларга кўра, баъзи ихтиролари бошқа олимлар томонидан танқид ва мазах билан қабул қилингач, «инсоният ҳали менинг ихтироларим буюклигига тайёр эмас» деб, илмий ишланмалари жамланган архивни ёқиб юборган.

Электрни мушукдек қўлга ўргатган олим

Тесла 1856 йилда Смилян номли қишлоқда (ўша пайтда Австрия империяси, ҳозирги Хорватия ҳудуди) туғилган. Отаси маҳаллий руҳоний бўлиб, ўғли ўз йўлидан боришини истарди. Аммо Теслани бошқа нарса қизиқтирарди.

Николо Тесланинг ота қишлоғи Смилянда унинг шарафига қўйилган ҳайкал

Электрни бошқариш фикри Теслада болаликданоқ бошланган.

Кунларнинг бирида болакай Никола паҳмоқ мушугини сийпалаб ўтирганда қўли ва жониворнинг жунлари орасида кичик учқунлар пайдо бўлаётганини сезиб қолади. Отаси буни чақмоқ ва учқуннинг табиати бир эканлиги, электрни ҳам мушук сингари қўлга ўргатиш мумкинлигини, аммо бу жуда хавфлилигини айтади. Кейинчалик олиб борилган тажрибаларда Тесла электрни қўлга ўргатишга муваффақ бўлди. Электромагнит майдони таъсирида доимий бўлиш натижасида у қоронғуликда жуда яхши кўрар, қуёш ёруғига чиққанда эса кўзида санчиқ сезадиган бўлиб қолган эди.

Бундан ташқари, Теслада инфекциядан фобия бор эди – инфекция юқтириш хавфида доимий қўлини ювиб юриш, одамлар билан қўл бериб кўришмаслик, ресторанда ҳар бир идишни ўзи салфетка билан тозалаб кейин ишлатиш, пашша қўнган маҳсулотни емаслик унинг одатига айланганди.

Токлар жанги: Эдисон vs Тесла

Тесланинг ўзгарувчан ток ихтироси ўз вақтида бошқа олимлар томонидан «кенг фойдаланиш учун яроқсиз», «кераксиз даҳмаза» деб баҳоланган.

Ўша вақтда ўзгармас токдан фойдаланиш тарафдори сифатида ўртага чиққан Томас Эдисон Тесланинг рақиби эди.

Бу икки олим илгари сурган икки ихтиронинг фарқи қуйидагича:

Эдисоннинг ўзгармас токи фақатгина бир йўналишда ҳаракатланади, уни узоқ масофаларга (3 км.дан кўп) узатиш қийин. Сим ичида ҳаракатланаётган энергияни узатишда масофа узайган сари, қаршилик кучи ҳам ортиб боради, қизиш натижасида энергия йўқотишлари кузатилади, бу ўз навбатида хавфли ҳам.

Шу боис катта миқдордаги электрни узатиш учун ёки сим кенглигини энига ошириш (бу қимматга тушади), ёки босимни кучайтиришга тўғри келарди.

Тесланинг ўзгарувчан токи эса ўз йўналишини сониясига бир неча ўн маротаба ўзгартира олади, юқори босимга чиққанда ҳам кичик йўқотишлар билан узоқ масофаларга етиб бора олади.

Электрни узоқ масофаларга қандай узатиш – ўзгарувчан ток асосидами ёки ўзгармас ток асосида, бу бўйича илмий баҳс тарихга «токлар жанги» номи билан муҳрланди.

Тесла ва Эдисон

Ўзгарувчан ток бу пайтда фанга маълум бўлса-да, бир фазали бўлгани боис ундан фойдаланиш имконсиз, деб қараларди. Аммо Тесла ўзгарувчан ток кўп фазали бўлиши мумкинлигини исботлади. Устига-устак, ҳозиргача ҳеч ким уддасидан чиқа олмаган ишни қилди – ўзгарувчан ток учун генератор ва двигател ясади.

Тесла генератор ихтироси учун патентни 1 млн доллар эвазига Жорж Вестингаузга берди, Вестингауз генераторни ўз даврининг энг йирик электростанцияси – Ниагара шаршарасидаги ГЭС учун фойдаланди.

Ўзгармас токни оммалаштириш ортидан каттагина бизнес империяни қуриб олган Томас Эдисон ўз рақибини обрўсизлантириш мақсадида омма олдида ўзгарувчан ток хавфини кўрсатади – жониворларни шу ток орқали ўлдиради. Эдисон ўзгарувчан ток орқали одамларни ҳам ўлдириш мумкинлигини маълум қилгач, маҳкумларни қатл этиш учун қўлланиладиган электр стул ихтиро қилинади.

Бунга жавоб сифатида Тесла ҳатто олимларни ҳам ҳайратга солган намойишни ўтказади – ўзгарувчан токни ўз танаси орқали ўтказиб, лампани ёқишга муваффақ бўлади.

Токлар жанги 100 йилдан ортиқроқ – ҳар икки олимнинг вафотидан сўнг ҳам давом этади. Бу баҳс Нью-Йорк электр таъминотида ўзгармас токдан ўзгарувчан токка ўтгандан кейингина расман якун топди.

Бугун Тесланинг ихтироси саноат тармоқларини, Эдисоннинг ихтироси эса кичик маиший хўжаликларни электр билан таъминлаш учун фойдаланилади.

Хавф ва жозиба кесишган нуқта: Тесла трансформатори

Тесла трансформатори (Тесла катушкаси) – олимнинг энг ҳайратланарли, бугунги кунда ҳам кўплаб шоуларда қўлланиладиган ихтироси.

Юқори частоталарда босим ҳосил қилувчи бу трансформаторни Тесла юқори волтли қувватлар билан ишлаш учун яратган эди.

Тесла катушкаси

Катушка жуда хавфлидек кўриниши баробарида, жозибаси билан маҳлиё ҳам этарди – трансформатордан электр токи бир неча метргача очиқ ҳолда тарқалар, бу билан чақмоқни эслатарди.

Ворденклиф минораси – интернетнинг катта отаси

Тесла замонавий гаджетлар ва интернетнинг пайдо бўлишини аввалдан тахмин қилган эди. «Ворденклиф минораси» ёки «Тесла минораси» деб номланадиган лойиҳа энергия ва ахборотлар оқимини юбориш учун табиий частоталардан фойдаланишни назарда тутарди.

Ворденклиф минораси

Бу – замонавий тилда айтганда симсиз алоқа, энергиянинг симсиз узатмаси прототипи эди. Моҳиятан, бу лойиҳа ҳаво ёки эфир оқимлари орқали энергия узатиш ва қабул қилиш имконини бериши керак эди.

Тесланинг ўзи бу лойиҳани қуйидагича изоҳлайди:

«Бу лойиҳа амалга ошса, Нью-Йоркда турган бизнесмен берган буйруқлар унинг Лондондаги ёки дунёнинг исталган нуқтасидаги офисида бир зумда пайдо бўлади. У ўз иш жойида туриб худди шу ускуна орқали сайёрадаги исталган абонентга қўнғироқ қила олади. Қўл соатидек ҳажмдаги ускуна ўз эгасига сувда ҳам, қуруқликда ҳам мусиқа тинглаш, масофалардан туриб сиёсатчилар, олимларнинг нутқларини эшитиш имконини беради. Исталган сурат, рамз, матн ҳам худди шу тарзда бир нуқтадан иккинчи нуқтага узатилади. Миллионлаб бундай ускуналар ягона станция орқали бошқарилади».

Синоатли «Филадельфия тажрибаси»

Тесла номи билан боғлиқ энг синоатли воқеликлардан бири «Филадельфия тажрибаси» бўлиб, у фантастик кино ва адабиётларда ҳам муҳрланган. Миш-мишларга кўра, Тесла ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилган, ҳамкорликдаги лойиҳалардан бири телепортация (вақт ва макон кесимида ҳаракатланиш) ва кемаларни радарлардан ҳимоялаш технологияси бўлган. Бироқ бу лойиҳалар якунига етмаган – олим юрак етишмовчилигидан вафот этади.

Филадельфия тажрибасида иштирок этган «Элдриж» кемаси

Аммо унинг вафотидан кейин ҳам ҳарбийлар олимнинг ишланмаларига таянган ҳолда лойиҳани давом эттиришади. Гўёки «Элдриж» номли кеманинг атрофида тажриба сифатида ҳосил қилинган электромагнит майдони уни нафақат радарлар учун, балки инсон кўзи учун ҳам кўринмас қилиб қўяди – кема мутлақо йўқолиб қолади. Ҳатто кемани экипажи билан бирга тажриба ўтказилган жойдан 200 км нарироқда кўришгани ҳам айтилади. Экипаж аъзолари шу воқеадан сўнг замон ва макон борасида мўлжални йўқотиб қўйишади. «Филадельфия тажрибаси» чиндан ҳам шундай якун топган-топмагани тасдиқланмаган.

Вақт машинасидан телепортациягача

Олим автомобил учун электродвигател устида ҳам ишлаган. 1931 йилда ўзгарувчан ток асосида ҳаракатланувчи машинани намойиш қилади – бу машина 150 км/соат тезликкача чиқа олиши, қувватлантирмасдан туриб бир ҳафтагача ҳаракатланиши мумкин эди. Бу ихтиро замона одамлари томонидан мазах ва кулги билан қабул қилинади, двигател чизмалари сақлаб қолинмайди.

Тесла ўлимидан бир муддат аввал 10 минг дона самолётни қириш кучига эга энергияни ўзида жамловчи «ўлим нури»ни яратганини айтган.

У вақт машинаси, фикрларни муҳрловчи фотоаппарат, телепортация ускунаси кабилар устида ишлагани ҳам айтилади.

Тесла ихтироларининг синоати ҳозиргача олимларни ҳайратга солиб келади.

«Ҳали турмушимизнинг энг буюк сирларини ечишимиз керак. Ҳатто ўлим ҳам интиҳо бўлмаслиги мумкин». (Никола Тесла)

Мавзуга оид