Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Учқудуқда тадбиркорга тегишли дўкон омборида ёнғин юз берди
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида бўлгани айтилган йирик ёнғин видеоси тарқалди. Kun.uz ҳолат юзасидан Учқудуқ туман ҳокимлиги билан боғланди.
Ёнғин хусусий тадбиркорга қарашли дўконнинг қурилиш моллари сақланадиган омборида содир бўлгани аниқ бўлди. Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz`га маълум қилишича, туманнинг «Абай» МФЙ ҳудудидаги «Ишонч-Феруз» МЧЖга қарашли омборда сақланаётган қурилиш моллари ёниб, зарарланган. Аммо ҳозирча зарар миқдори аниқ эмас.
Навоий вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ёнғин 20 июнь куни соат 12:20 атрофида содир бўлиб, соат 12:42да ўт ўчириш машиналари ёрдамида бартараф этилган. Асосан ёғоч маҳсулотлари ва омборнинг 65 квадрат метр том қисми ёнган. 120 квадрат метр ҳудуд сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида инсонларнинг куйиш ва жароҳатланиш ҳолати қайд этилмаган. Айни вақтда зарар кўлами ҳисобланмоқда.