Ўзбекистон | 18:51 / 22.06.2020
14006
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси тасдиқланди

Ўзбекистон президенти “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

 Фармонга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
  • қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

Ҳужжат билан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Фармон билан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • а) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:
  • мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
  • доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
  • ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;
  • ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди;
  • б) “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади.
  • Бунда, вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир;
  • в) Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида вазирлик ва идораларнинг ахбороти тингланади.

а) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш;

вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилди.

Фармонда кўрсатилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилади ва ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади.

Мавзуга оид